O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот

31.10.2014

2014 йил 31 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисини шу йил 13 ноябрда Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига аҳоли турмуш даражасини янада оширишни ва унинг ижтимоий муҳофаза қилинишини кучайтиришни, иқтисодиётнинг юқори ва барқарор суръатлар билан ўсишини, аҳоли бандлиги таъминланишини назарда тутган Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари тўғрисидаги, шунингдек, 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисидаги масалаларни киритиш режалаштирилмоқда.

Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилишга ҳамда либераллаштиришга, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқаришга қаратилган бир қатор Ўзбекистон Республикаси қонунлари киритилмоқда. Ўзбекистонда инвестициявий муҳит ва ишбилармонлик муҳитини, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни назарда тутган «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларни ҳам кўриб чиқиш режалаштирилган.

Шу билан бир қаторда навбатдаги ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади.

Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг ва Девонининг ўн олтинчи ялпи мажлисни тайёрлаш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ ишини мувофиқлаштириш учун Кенгаш томонидан тегишли ишчи гуруҳ тузилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский | O'zbekcha | English | Français | Español | Arabian | Deutsch

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati