O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Демократик тамойиллар мезони

30.11.2014 - Сенатор Холбой Ибрагимов

Сенатор Холбой ИБРАГИМОВҲар йили Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунни ҳуқуқий демократик давлат ва дунё ҳурмат қиладиган жамият барпо этишдек эзгу мақсадларимиз рўёбига яқинлаштираётган янги ўзгаришлар билан кутиб оламиз.

Асосий Қонунимизнинг 22 йиллигида ҳам мамлакатимизда қонунчиликни такомиллаштиришни изчил давом эттириш, замон талабларига жавоб берадиган янги қонунларни ҳаётга татбиқ қилиш асосида фуқароларнинг конституциявий кафолатларини янада маромига етказишнинг навбатдаги босқичига хулоса ясаймиз.

Буларнинг барчаси изчил ислоҳотлар асосини ривожлантираётгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Яъни мазкур саъй-ҳаракатлар, аввало, ҳар бир оила фаровонлиги, ҳар бир инсон ҳаёти ободлигини янада юксалтиришга йўналтирилган. Зеро, Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг йигирма иккинчи йили фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқини янада кенг таъминлайдиган конституциявий кафолатлар ҳамда қатор қонунлар амалиётга жорий этилгани билан ёдда қолади. Хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш мақсадида парламент томонидан Конституцияга тегишли ўзгартишлар киритилди. Буларда Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган қонунчилик ташаббуслари мужассамдир. Шулар асосида “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” принципини ҳаётга босқичма-босқич татбиқ қилиш мантиқан давом эттирилди. Давлат ҳокимияти органлари фаолиятида Олий Мажлиснинг роли кенгайтирилди. Юқори қонунчилик органи, давлат ҳокимияти вакиллик тизимларининг Вазирлар Маҳкамаси ва ижро тузилмалари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш бўйича  вазифалари кучайтирилди. Шунингдек, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқаришда ҳукумат, жойлардаги ижро органлари жавобгарлиги оширилди.

Конституцияда давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш институти фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш воситаси сифатида белгилаб қўйилди. Ўз навбатида, Асосий Қонунимизда халқ сайлаган вакиллар фаолиятининг муҳим жиҳатларидан бири саналган парламент назорати институти ўз инъикосини топди.

Конституциямизга киритилган тузатишларга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси конституциявий органга айлантирилди. Мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, очиқлик ва холислик унинг фаолиятига оид асосий принциплардир. Бу, шубҳасиз, фуқароларнинг мамлакатни бошқариш ишларида ҳокимият вакиллик органларини шакллантириш воситасида иштирок этишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатларини янада кенгайтирди.

Айни пайтда ўтаётган йил Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида қатор муҳим қонунларнинг қабул қилиниши билан тарихга кирди. Жумладан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунда давлат органлари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлигига доир конституциявий қоидани таъминлаш кафолатлари янада ривожлантирилди. Ҳар кимнинг ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи мустаҳкамланди.

Шулар қаторида 2014 йил сентябрда эълон қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Зотан, унда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, жумладан, тармоқ ва ҳудудий дастурларни, мамлакатимиз аҳолиси турли қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларига дахлдор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро муносабатлари тартибга солинади. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат, албатта, фуқаролар, демократик қадриятлар, инсон эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофазасининг муҳим омили саналган ННТ фаоллиги ҳамда ташаббускорлигини оширишга хизмат қилади, давлат органлари мансабдор шахслари масъулиятини кучайтиради.

Асосий Қонунимизда бозор муносабатларини ривожлантириш, мулк ва унинг хилма-хил шаклларига бўлган ҳуқуқни мустаҳкамлашга йўналтирилган жамиятнинг иқтисодий асослари белгилаб қўйилган. Унда давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши ўз ифодасини топган. Бинобарин, ўтган даврда бозор иқтисодиёти, унинг илғор тараққиёти, барқарор ўсишини таъминлайдиган “йўл харитаси”ни шакллантиришни давом эттирадиган иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий майдони янада такомиллаштирилди. Бу йўлда қатор қонунчилик ҳужжатлари ҳаётга жорий қилинди. Қолаверса, амалдаги қонунчиликка хусусий мулк асосларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорларга катта эркинлик беришга йўналтирилган қатор ўзгартиш ҳамда тўлдиришлар киритилди.

Булардан ташқари, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлигига оид конституциявий моддани янада мустаҳкамлаш мақсадида “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. Бу васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг аниқланиши, ҳисобга олиниши ва жойлаштирилиши, уларнинг эркинлиги ҳамда қонуний манфаатларини, болаларни оилада тарбиялаш шаклининг устуворлигини, васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар тўғрисида ғамхўрлик кўрсатаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш, васийлик ва ҳомийлик соҳасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатдир.

Мухтасар айтганда, даврнинг янги талаблари, жамият ҳаётининг янгиланиши қонунчилик асосларини янада такомиллаштириш, фуқаролар ўз ҳуқуқларини чуқур англаши, ўз устида тинимсиз ишлаши ҳамда ривожланишини тақозо этади. Ўзгаришсиз қоладиган бир нарса борки, у ҳам бўлса, инсон ҳуқуқлари, демократик қадриятлар ва адолатлилик фазилатларига содиқликдир.

Холбой ИБРАИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati