O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Аҳоли саломатлиги ва қонунчилик

30.10.2014

Жиззахда Олий Мажлис Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди.

Унда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қишлоқ врачлик пунктларида тиббий ёрдам ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишга доир қисмининг вилоятда ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Мажлисда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Тадбирда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, айниқса, чекка ҳудудларда тиббий хизмат сифатини кўтариш, пировардида фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга устувор эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди. 
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутатлари ва унинг ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари доимий комиссияси томонидан аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббиёт муассасаларининг  моддий-техника базасини ҳамда кадрлар салоҳиятини янада яхшилаш, қишлоқ жойларда оналарнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш ва болаларнинг соғлиғини сақлаш  билан боғлиқ масалалар мунтазам равишда кўриб борилмоқда.
Вилоят ҳудудида 262 та даволаш-профилактика муассасаси, шу жумладан, 13 та кўп тармоқли поликлиника ва 169 та қишлоқ врачлик пункти иш олиб бормоқда. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида  2014 йилнинг 6 ойи мобайнида 800 минг нафарга яқин фуқаролар чуқур профилактик кўрикдан ўтказилди. Тиббиёт муассасалари томонидан муҳтож фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича манзилли иш олиб борилмоқда, шунингдек, хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича  санитария-гигиена ва профилактика тадбирлари амалга оширилмоқда.
Тадбирда қайд этилганидек, вилоятда рўёбга чиқарилаётган тизимли ишлар натижасида сўнгги йилларда  оналар ва болалар ўлими камайди, тиббиёт кадрларининг сифат салоҳияти яхшиланди, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди, улар фаолиятининг самарадорлиги оширилди.
Шу билан бирга, сенаторлар вилоятда қишлоқ врачлик пунктларида тиббий ёрдам ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда айрим камчилик ва муаммоларга эътибор қаратдилар. “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормалари ижро этилишини бундан буён ҳам таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati