O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Долзарб масалага бағишланди

29.10.2014

Халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш қонун ижодкорлиги жараёнининг муҳим қисми ҳисобланади. Имплементация тизими мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини амалга ошириш чоғида халқаро шартномаларни амалда қўллаш учун зарур шарт-шароитларни яратишни назарда тутади.

Бу мустақил давлатларга халқаро ҳамжамият билан ўзаро муносабатларда нафақат ўзининг халқаро ҳуқуқий мажбуриятларини, балки ҳуқуқларини ҳам аниқлаш ва мустаҳкамлаш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда ташкил этилган “Мамлакат халқаро шартномаларида назарда тутилган мажбуриятларни имплементация қилиш бўйича ишларни такомиллаштириш ҳамда вазирликлар ва идораларнинг бу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш масалалари” мавзуидаги семинар-тренинг ушбу масалага бағишланди. Унда Сенат аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ходимлари, тегишли вазирликлар ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар мутахассислари ҳамда экспертлари, олий ўқув юртлари, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Семинар-тренингда қайд этилганидек, Ўзбекистон халқаро шартномалар иштирокчиси сифатида жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлгани ҳолда, давлатнинг миллий манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш ва ҳимоя қилишни, халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, минтақада, дунёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш борасида белгилаб қўйилган мақсадларга эришишни таъминлаб келмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг асоси бўлган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мамлакатимиз бугунги кунда 200 га яқин кўп томонлама универсал халқаро шартномаларда қатнашмоқда, шунингдек, чет мамлакатлар билан ҳамкорликнинг турли соҳаларида бир неча минг икки томонлама шартнома, жумладан, давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро шартномалар тузган.
Тадбирда юртимизда ушбу соҳада миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича фаол иш олиб борилаётгани таъкидланди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда ҳар томонлама пухта, миллий манфаатларга асосланган, дунёда кенг эътироф этилган ҳамда жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборини мустаҳкамлаган ташқи сиёсий йўл шакллантирилган.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномавий мажбуриятларини рўёбга чиқариш уларнинг бажарилишини мониторинг ва назорат қилиш каби институционал воситалар ёрдамида, шу жумладан, Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари томонидан изчил олиб борилмоқда. Охирги беш йил мобайнида парламентнинг соҳа қўмиталари томонидан республика халқаро шартномаларининг миллий қонунчиликка имплементация қилинган нормаларини ижро этишнинг боришини ўрганиш ва муҳокама қилишга бағишланган кўплаб тадбирлар ўтказилди.
Семинар-тренингда халқаро конвенциялар нормаларини миллий қонунчиликка татбиқ этиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда буни рағбатлантириш масалалари бўйича амалий тажриба алмашилди.

Қобил ХИДИРОВ

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati