O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Тарихий меросимиз эътирофи

29.05.2014

Самарқандда бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференция цивилизациялар тараққиётида фаннинг нечоғли катта роль ўйнаганини, заминимиз дунёга қанчадан-қанча буюк алломаларни етказиб берганини яна бир карра намойиш этиб, ҳар биримизга чексиз ғурур ва ихтифор бағишлади, десак, муболаға бўлмайди. Шуни қайд этиш керакки, бу алломалар илмий мероси замонавий фан тараққиётининг асоси бўлиб хизмат қилди.

Давлатимиз раҳбарининг халқаро анжуман очилишидаги “ўзининг тарихий, маданий ва интеллектуал меросини асраб-авайлашга, бойитиш ва кўпайтиришга, шунингдек, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга етарлича эътибор қаратмайдиган, ҳар томонлама уйғун ривожланган, мустақил фикрлайдиган, ўз қараш ва ёндашувига, гражданлик позициясига эга бўлган шахсни камол топтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўймайдиган ҳар қандай давлат ва жамият тарих ва тараққиёт йўлидан четда қолиб кетишга маҳкум экани” ҳақидаги сўзлари ҳар биримизни жиддий мушоҳадага чорлайди.

Ўзбекистон мустақилликнинг илк йиллариданоқ, тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида узоқ истиқболга мўлжалланган мақсад — ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олиш, халқимизга муносиб турмуш шароитларини ҳамда дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини топишидек стратегик мақсадни белгилаб олди. Биз бутун турмушимизнинг маъно-мазмунига айланган мана шу мақсадлар йўлидан қатъий боряпмиз.

Демократик ўзгаришлар, ижтимоий соҳа, иқтисодиёт, маданият равнақи билан бир қаторда, тараққиётнинг муҳим шарти сифатида фан ва таълимни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.  Она-юртимизда IX-XIII асрлардаги илмий-маданий юксалиш жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги Ренессанс жараёнларига ижобий таъсир кўрсатган ҳолда, Шарқ уйғониш даври — Шарқ Ренессанси сифатида дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган бўлса, бугун Ўзбекистон фанида янги саҳифа очилди. Ҳозирги кунда интеллектуал ва маданий қадриятларни қайта тиклаш, ёшларни дунё тарихига юзлаб кашфиётларни туҳфа этган алломаларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Унга биноан, давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади. 1997 йилда “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилиниб, уларда жамиятдаги ўзгаришларнинг муҳим шарти сифатида халқимизнинг бой интеллектуал мероси ҳамда умуминсоний қадриятлар, замонавий маданият, иқтисодиёт, фан, техника ва технологиялар асосида кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизимини шакллантириш белгилаб қўйилди.

Мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишида фаннинг ролини кучайтириш, илмий-техника тараққиёти бошқарувини эркинлаштириш, илмий тадқиқотлар, технологик ва конструкторлик ишланмалари даражаси, сифати ва долзарблигини ошириш, улардан самарали фойдаланиш учун шароит яратиш мақсадида 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ташкил этилди. Мазкур қўмита юртимизни ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш вазифалари, замонавий фан ютуқлари ҳисобга олингани ҳолда, фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари ҳузурида илмий тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш бўйича бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди. 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, буюк аждодларимизнинг ноёб ижод маҳсуллари сақланаётган кутубхона фондларини асраб-авайлаш ҳамда уларни кўпайтириш, ўз даврининг илм-фанидан гувоҳлик берувчи қўлёзмалар, босма асарларнинг қимматли нусхалари жой олган музейларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлди. 

Ҳар йили Ватанимиз ва жаҳон илм-фани ривожига ҳисса қўшган олимлар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда. Хусусан, Президентимиз Фармонига мувофиқ, 2006 йилда фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги давлат мукофотлари таъсис қилинди. Бу, ўз навбатида, юксак даражадаги илмий изланишларни амалга ошириш, ноёб ихтиро ва кашфиётлар, энг замонавий талабларга жавоб берадиган техника ва юқори технологияларни, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасида улкан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган етук бадиий асарлар яратишни рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

 Бугун ишонч билан айта оламизки, юртимизда илмий тафаккурни янада ривожлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ўз натижасини бермоқда. Фарзандларимиз халқаро олимпиадаларда муваффақиятли қатнашмоқда, олимларимиз, айниқса, ёш олимлар янги кашфиётлар қилишмоқда, дунё илмий ҳамжамияти томонидан юксак эътирофга сазовор бўлган ноу-хауларни амалиётга таклиф этишяпти. Шу маънода айтганда, Самарқандда бўлиб ўтган халқаро конференцияда бутун дунё олимлари нафақат Ўзбекистоннинг ўрта асрлардаги, балки замонавий илм-фани равнақига катта қизиқиш билдиргани ҳаммамизга ғурур бағишлайди. Албатта, мустақиллик йилларида камол топган янги тафаккур эгалари тараққиёт илғорлари сифатида эътирофга сазовор бўлади, буюк аждодлари ишини давом эттиради.

Эдвард РТВЕЛАДЗЕ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati