O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Акциядорлар ҳуқуқларининг муҳим кафолати

29.03.2014

Маълумки, Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Мухбиримиз ушбу Қонуннинг мазмун-моҳияти хусусида парламент юқори палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси Алишер БУРХАНОВ билан суҳбатлашди.
— Мазкур Қонун давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ишлаб чиқилган, — дейди сенатор. — Маълумки, Концепцияда мавжуд қонунларимизнинг кўпчилигини уларни қўллаш амалиёти ҳамда мамлакатимизда бозор муносабатлари ривожланишининг ҳозирги даврдаги янги реал ҳолатидан келиб чиқиб, жиддий қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилган эди. 
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юртимизда мулкчиликнинг акциядорлик шакли йўлга қўйилганидан сўнг қисқа муддат ичида соҳа ривожланиши учун керак бўлган шарт-шароитлар яратилди, акциядорлик жамиятларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши соҳасида ҳуқуқий муносабатларни белгиловчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди.
Айни чоғда корпоратив муносабатларнинг янада ривожланиши учун акциядорлик жамиятларининг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини такомиллаштириш зарур.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги Қонун амалдаги нормаларни аниқлаштириш асосида, мамлакатимизда корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантириш, акциядорлар, жумладан, миноритар акциядорлар ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлаш, акциядорлик жамиятлари бошқарув ҳамда назорат органларининг роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, акциядорлар ва потенциал инвесторлар учун акциядорлик жамиятининг фаолияти тўғрисидаги ахборотлар ошкоралигини таъминлашга қаратилган.

— Қонун Сенатга келиб тушгач, қандай ишлар амалга оширилди?
— Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Қонун парламент қуйи палатасида уч ўқишда кўриб чиқилган. Бу жараёнда ушбу ҳужжат қоидалари тегишли давлат идоралари, акциядорлик жамиятлари вакиллари, илмий доиралар, экспертлар иштирокида атрофлича муҳокама қилинган. Сиёсий партияларнинг қуйи палатадаги фракциялари йиғилишларида мазкур ҳужжатнинг қизғин муҳокамаси бўлиб ўтган. Бунда хориж тажрибаси ҳам пухта ўрганиб чиқилган. 
Қонун Олий Мажлис Сенатига келиб тушгач, дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси масъул этиб белгиланди. Қўмитамиз томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат қоидалари атрофлича таҳлил қилинмоқда. Айни пайтда Қонун нормаларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги аҳамияти ҳам чуқур ўрганиб чиқилмоқда. Хусусан, қўмитамиз аъзолари жойларда мутахассислар, тадбиркорлар билан мулоқоти чоғида ушбу Қонуннинг мазмун-моҳияти, қоидалари ҳақида тушунтириш бермоқда, уларнинг фикрлари, тавсияларини олишмоқда. Буларнинг барчаси ишчи гуруҳи йиғилишида атрофлича кўриб чиқилади.

— Янги таҳрирдаги Қонун билан акциядорлик жамиятлари фаолиятига қандай янгиликлар жорий этилади?
— Дарҳақиқат, ҳозир мамлакатимизда акциядорлик жамиятлари ва  уларнинг акциядорлари сони жадал ўсиб бормоқда. Янги таҳрирдаги Қонун билан акциядорлик жамиятларини ташкил этиш, устав фондини шакллантириш, қимматли қоғозларнинг бозор қийматини аниқлаш, жамиятнинг акцияларини оммавий таклиф этиш йўли билан жойлаштиришга қаратилган қатор нормалар илгари сурилмоқда. Хусусан, акциядорлик жамиятларини шаклларга (очиқ ва ёпиқ) ажратиш бекор қилиниб, акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бошқа акциядорлар томонидан сотилаётган акцияларни акциядор ва акциядорлик жамияти томонидан сотиб олиш шартлари белгиланмоқда.
Қонунда акциядорлик жамиятлари бошқарув органларининг ваколатлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги қатъий белгилаб қўйилмоқда. 
Шу билан бирга, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатга инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, шу жумладан, акциядор томонидан ҳуқуқларнинг амалга оширилиши бошқа акциядорлар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги лозимлиги тўғрисидаги норманинг киритилиши акциядорларнинг жавобгарлиги ва масъулиятини оширишга хизмат қилади. Янги таҳрирдаги Қонунда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг норезидент акциядорлари томонидан дивиденд ва мол-мулкни тугатиш қийматини олишдаги ҳуқуқлари аниқлаштирилганлиги мамлакатимиздаги акциядорлик жамиятлари фаолиятига чет эл инвестицияларини янада кенгроқ жалб қилиш имкониятини яратади ҳамда уларнинг ҳуқуқларини кафолатлайди.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида акциядорлик жамиятида акциядорлар орасидан миноритар акциядорлар қўмитаси ташкил этилиши мумкинлиги белгиланган. Бундай қўмитанинг асосий функцияси сифатида миноритар акциядорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, йирик битимлар ва аффилланган шахслар билан битимлар тузишга боғлиқ масалалар бўйича таклифлар тайёрлашда иштирок этиш ҳамда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига миноритар акциядорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида мурожаатларни киритиш белгиланган. 
Умуман, Қонунда қатор янгиликлар кўзда тутилган бўлиб, уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимиз иқтисодиётида инвестицион ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда кенг қўлланиладиган банк кредитлари билан бир қаторда, қимматли қоғозлар чиқариш йўли билан аҳолининг бўш пул маблағларини самарали йўналтириш орқали акциядорлик жамиятлари мавқеини янада ошириш учун зарур шарт-шароит яратишга қаратилган.

— Қонуннинг қабул қилиниши қандай натижалар бериши кутилмоқда?
— Аввало, Қонун акциядорлик жамиятлари фаолиятини жадаллаштириш ҳамда уларнинг бошқарув ва назорат органлари ваколатлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини аниқ белгилаш натижасида уларнинг роли ва аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, акциядорларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, айниқса, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш институтини яратади. Айни пайтда қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёни такомиллашиши натижасида қимматли қоғозларнинг реал бозор баҳоси шаклланади. Муҳим жиҳатларидан яна бири, қонун акциядорлар ва потенциал инвесторларга акциядорлик жамияти фаолияти тўғрисидаги ахборотларни олишига мустаҳкам ҳуқуқий замин ҳозирлайди.

Қобил ХИДИРОВ суҳбатлашди.

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati