O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

28.11.2014

2014 йил 28 ноябрда халқаро бизнес-марказда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси (бундан буён матнда Сенат Комиссияси деб юритилади) ҳамда БМТ Тараққиёт дастури томонидан ташкил этилган “Конституциявий давлат вакиллик органлари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари: ҳамкорлик ва самара” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференция ишида Сенат Комиссиясининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси, Евроиттифоқнинг Ўзбекистондаги делегацияси бошлиғи, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури вакили, Европа Иттифоқининг “Ўзбекистонда икки палатали парламент тизимини янада мустаҳкамлаш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан алоқаларни ривожлантириш” лойиҳасининг раҳбарлари ва менежерлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университетининг олимлари ҳамда ўқитувчилари, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.

Конференция қатнашчилари томонидан қайд этилганидек, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари билан аниқ мақсадли ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Сенат, Сенат Кенгаши, Сенат қўмиталари ва Комиссияси томонидан қатор ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ўтган йиллар мобайнида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати фаолиятида устувор йўналишга айланди.
Хусусан, Сенат 2005 йилда фаолият бошлаганидан то ҳозирги кунга қадар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари, депутатлар фаолиятини такомиллаштириш, уларни минтақалар учун долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган ғоят муҳим масалаларни ҳал қилишга фаол жалб этиш, уларга амалий ва услубий ёрдам бериш мақсадида Сенат, Сенат Кенгаши, Сенат қўмиталари ва Комиссияси томонидан дастурий ва тавсия хусусиятидаги юздан ортиқ ҳужжат қабул қилинди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ёрдам тарзида қатор услубий қўлланмалар, китоб ва рисолалар чоп этилди.

Чунончи, биргина 2010–2014 йиллар давомида Сенат қўмиталари томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан 12 та қўшма мажлис, жойларда 7 та сайёр мажлис, 34 та конференция, 55 та семинар ва 51 та давра суҳбати ўтказилди. Минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал этишда Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш механизмини такомиллаштириш масаласида Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан биргаликда ишлаши борасида 2005–2009 йилларда тўпланган амалий тажрибага асосланиб ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг самарали фаолиятини ташкил этишда, улар доимий комиссияларининг роли ҳамда ваколатларини оширишда амалий ва услубий ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 10 мартдаги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси тузилди ва Комиссия тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Таҳлил натижалари Сенат Комиссиясининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари билан ўтган йиллар мобайнидаги самарали ҳамкорлиги маҳаллий Кенгашлар ва улар доимий комиссиялари фаолиятининг савияси сифат жиҳатидан ўсишига, шунингдек жойлардаги муҳим ва долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал қилишда уларнинг роли ошишига ёрдам берганлигини кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари зиммасига юклатилган вазифалар бажарилишини таъминлашнинг ҳолатини ўрганиш, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ҳамда жамиятни демократлаштиришда уларнинг ролини янада фаоллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Ўзбекистон Республикаси қонунлари, давлат дастурлари ва ҳудудий дастурлар, шу жумладан “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш борасидаги фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга ошириш масалаларига Сенат Комиссияси томонидан катта эътибор берилмоқда.

Конференцияда сўзга чиққан сенаторлар, депутатлар, халқаро ташкилотларнинг вакиллари, олимлар ва бошқа иштирокчилар иш тажрибасини ўртоқлашдилар, Сенат қўмиталари ва Комиссиясининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари билан ҳамкорлигини янада такомиллаштириш, шу жумладан маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятидаги мавжуд камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича айрим таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Конференция қатнашчилари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурлигини ҳам таъкидладилар.

Муҳокама якунлари бўйича конференция иштирокчилари тегишли тавсияларни қабул қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati