O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ АХБОРОТ-РЕСУРС ТРЕНИНГ МАРКАЗИНИНГ ОЧИЛИШ

27.08.2014

Шу йил 27 августда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси ўз ишини бошлайдиган кун ва  мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги байрами  арафасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ахборот-ресурс тренинг марказининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Ушбу Марказ парламентнинг Европа Иттифоқининг «Ўзбекистонда икки палатали парламент тизимини янада мустаҳкамлаш ва маҳаллий Кенгашлар билан алоқаларни ривожлантириш» лойиҳаси билан  ҳамкорлик соҳасидаги  устувор вазифалари доирасида ташкил этилди.
Марказнинг очилиш маросимида  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари, Сенат Девонининг ходимлари, ЕИ ушбу лойиҳасининг раҳбарлари ва менежерлари, мутахассислар, ОАВ вакиллари ҳамда таклиф этилган меҳмонлар қатнашдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари М.А.Раджабова тантанали очилиш маросимида сўзлаган  қисқача нутқида  ҳозир бўлганларга  янги Марказнинг мақсадлари ва вазифалари ҳақида ахборот берди, Марказнинг аҳамиятини ва у ўз вақтида ташкил этилганлигини қайд этди, ушбу таркибий тузилманинг  парламент фаолиятини янада такомиллаштиришдаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг  маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари билан ўзаро алоқаларини  мустаҳкамлашдаги, сенаторлар ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг  фаоллигини оширишдаги  имкониятларини алоҳида таъкидлади.
Элчи, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси бошлиғи жаноб Ю.Штерк ва ЕИ лойиҳасининг раҳбари Р.Ролла хоним тадбир  қатнашчиларига мурожаат қилиб, ушбу Марказнинг ташкил этилишига Ўзбекистонда икки палатали  парламент тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ишида ҳамкорлик  ва яқиндан шерикчилик қилиш натижасида имконият туғилганлигини айтдилар. Улар  ахборот-коммуникация технологияларидан ҳамда Марказда мавжуд бўлган техник воситалар ва ускуналардан фойдаланишнинг функционал ҳамда техник имкониятлари устида ҳам қисқача тўхталиб ўтдилар.
Марказнинг очилиш маросими иштирокчилари ва меҳмонлар  Сенатнинг янги бўлинмаси билан, келгусидаги қиладиган ишлари ва вазифалари, унинг ишини ташкил этиш принциплари билан танишдилар. Янги кўп функцияли техниканинг  намойиши алоҳида эътиборни жалб этди, хусусан,  ягона парламент тармоғининг бошқа субъектлар билан, Олий Мажлис Сенати Девонининг тузилмалари билан   видеоалоқа  сеанси, шунингдек электрон парламент тезаруси, ташкил этилган фото ва видеостудия, тақдимот заллари ва амалий тренингларга мўлжалланган заллар намойиш қилинди.
Сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати аъзолари ва  Девонининг ходимлари янги ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг  муҳимлигини қайд этдилар,  электрон ҳужжат айланишини, электрон архивлар ва кутубхоналарни, энг янги  ахборот излаш тизимларини жорий этиш, ягона парламент тармоғида ишлаш ҳамда барча халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан масофадан туриб ҳамкорлик қилиш ҳисобига  профессионал фаолиятнинг сифати ва самарадорлигини ошириш учун  кўникмаларни ривожлантириш  тарафдори эканликларини таъкидладилар.
Янги Марказ билан танишувдан кейин парламент аъзоларининг ЕИ лойиҳаси раҳбарлари, мутахассислар ва ОАВ вакиллари билан жонли мулоқоти давом этди.  
Янги  Марказнинг ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси юқори палатасини техник жиҳозлаш давом этаётганлигидан ва етакчи хорижий парламент марказларининг фаолиятида  бўлгани каби Ўзбекистоннинг халқ вакиллари учун  долзарб ва  ўта зарур бўлган  муҳим кўп функцияли тузилма ўз ишини  бошлаганлигидан дарак беради. Марказ Сенат аъзолари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатларига ҳар томонлама ёрдам беради, Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари тизимида  ахборот-коммуникация технологияларини янада  такомиллаштириш гарови бўлади.  

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati