O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида

27.08.2014

28 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси очилади. 

Кеча Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда ишчи гуруҳ раҳбарининг бўлажак ялпи мажлисни ўтказишга тайёргарлик тўғрисидаги ахбороти тингланди. 

Сенат қўмиталарининг раислари қўмиталарда ўтказилган мажлислар ҳамда ўн бешинчи ялпи мажлис муҳокамасига киритилган қонунлар бўйича хулосалар ва бошқа масалалар юзасидан қарорларнинг лойиҳалари тайёрлиги ҳақида ахборот бердилар, ялпи мажлис ишини ташкил этиш тўғрисида фикр алмашдилар. 

Кенгаш мажлисида Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқариш доирасида тайёрланган, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг ҳамма соҳаларини изчил ислоҳ қилишга ва либераллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунларининг долзарблиги қайд этилди. 

Олий Мажлис Сенатининг бўлажак ялпи мажлисида муҳим масалалардан бири давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришни, ижтимоий шерикликни ривожлантириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ҳамда катта ижтимоий аҳамиятга молик қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш жараёнида кенг аҳоли қатламларининг манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишнинг самарадорлигини ошириш учун қулай ҳуқуқий майдон яратишни назарда тутадиган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан иборат бўлади. 

Сенатнинг ялпи мажлисида биржа фаолиятини янада тартибга солишга, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, сайлов қонунчилигини, суд-ҳуқуқ соҳасини, атроф-муҳитни муҳофаза қилишни такомиллаштиришга ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Тижорат сири тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳам кўриб чиқилади. 

Ялпи мажлисда Бош прокурорнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан прокурор назоратининг ҳолати ва уни янада кучайтириш чоралари тўғрисидаги, Марказий банк бошқаруви раисининг Марказий банкнинг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари кўриб чиқилади. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг ваколатига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. 

Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди. 


Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Матбуот хизмати
 

Content on this page requires a newer version of Adobe Flash Player.

Get Adobe Flash player

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati