O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Қонун ижроси муҳокама қилинди

Олий Мажлис Сенатида парламентимиз юқори палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

“Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси тизимида ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган ушбу тадбирда сенаторлар, манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар мутасаддилари, мамлакат электр-энергетика тармоғи корхоналари раҳбарлари, олимлар, экспертлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Эътироф этилганидек, мамлакатимизда электр-энергетика тармоғини ислоҳ қилиш ҳамда янги технологияларни соҳага жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилиб, салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Жорий йилда эса бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилади. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида алоҳида таъкидлаганидек, 2014 йил саноат соҳасида юксак технологияларга асосланган ва замонавий муҳим объектлар ҳамда қувватларни ишга тушириш, инвестицияларни ошириш ва такомиллаштириш йили бўлади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ғоят муҳим устувор йўналишларидан бири, бу — электр-энергетика тармоғини ислоҳ қилиш, янги технологияларни жорий этиш асосида қувватларни модернизация қилишдан иборат. Мустақиллик йилларида тармоқни ривожлантириш, унга инвестиция жалб этишнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Хусусан, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги, “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, қарорлари ҳамда бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бугунги кунда ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси изчил таъминланмоқда. Шу жумладан, Қўмита томонидан ўрганишлар шуни кўрсатдики, бугунги кунда “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси умумий қиймати 8,7 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 40 дан зиёд инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқараётир. Шу билан бир қаторда, “Ўзбекэнерго” ДАК томонидан чет эл инвестицияларини жалб этган ҳолда амалга оширилаётган лойиҳалар иштирокчиларига солиқ ва бошқа имтиёзлар тақдим қилинган.
Биргина 2013 йилда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга 800 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ жалб этилди. Бунда “Ўзбекэнерго” ДАКнинг ўз маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, Ҳукумат кафолати остида олинган чет эл кредитларидан унумли фойдаланилди, шунингдек, тўғридан-тўғри инвестициялар ва тижорат банклари ҳам тармоққа фаол кредит йўналтириб келмоқда.
Мажлисда таъкидланганидек, “Ўзбекэнерго” ДАК томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимиз иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ қилинмоқда. Яъни 2012 йилда “Навоий” иссиқлик электростанциясида қуввати 478 МВт бўлган буғ-газ қурилмаси ишга туширилди, иккинчи буғ-газ қурилмасини барпо этиш ишлари бошлаб юборилди. Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида умумий қуввати 900 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси қурилиши ҳам бошланди.
Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа инвесторларнинг қарз маблағларини жалб этган ҳолда, электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича жадал иш олиб борилаётир.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини рўёбга чиқариш доирасида “Физика-Қуёш” ИИБ базасида қуёш энергияси институти ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Осиё тараққиёт банки маблағларини жалб этган ҳолда, Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш электростанциясини қуриш ишлари бошланди.
Шу билан бирга, мажлисда Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларини ижро этиш борасидаги мавжуд баъзи хато ва камчиликларга ҳам эътибор қаратилди.
Мажлис қатнашчилари томонидан электр-энергетика тармоғининг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, соҳага энергия тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда маънавий ва жисмоний эскирган ускуналарни алмаштириш, бошқарув соҳасидаги қарорларнинг сифатини яхшилаш, муқобил энергия манбаларидан янада кенгроқ фойдаланиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш жараёнига жалб қилинаётган кадрлар салоҳиятини кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Муҳокама якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati