O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Маданий меросни муҳофаза қилиш ва ижро масъулияти

Бухорода Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан БМТнинг 1972 йилда имзоланган Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талабларининг вилоятдаги ижросини ўрганиш ва муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда юртимизда маданий ва табиий меросни муҳофаза этиш, асраб-авайлаш, ўрганиш ва келажак авлодларга бекаму кўст етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Маълумки, мамлакатимиз БМТнинг Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясига қўшилган бўлиб, ушбу Конвенция талабларидан келиб чиққан ҳолда, бутун инсониятга тегишли меросни аниқлаш, уни муҳофаза қилиш, оммалаштириш ва тиклаш учун барча ҳуқуқий, илмий-техник, маъмурий ва молиявий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, ўтган даврда “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, вилоятда Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция қоидаларининг бажарилиши борасида муайян ишлар амалга оширилган. 
— Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Бухоро шаҳрининг маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, уларни ўрганишга давлатимиз томонидан устуворлик берилган бўлиб, ниҳоятда кенг миқёсдаги саъй-ҳаракатларни ўзида мужассам этган, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фармон Аминов. — Бу борада зарур ҳуқуқий асос яратилгани, ташкилий механизм шакллантирилгани муҳим омил бўлмоқда. 2014 йил 1 январь ҳолатига кўра, республика маданият ёдгорликлари реестрига вилоятимиздаги 660 та маданий мерос объекти киритилганини инобатга оладиган бўлсак, уларни муҳофаза қилиш ва асраш борасидаги ишлар кўлами ўз-ўзидан ойдинлашади. Бинобарин, мазкур йўналишдаги юмушларда маҳаллий давлат органлари, сиёсий партиялар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг роли тобора ошмоқда. Айни чоғда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари бу борада изчил фаолият олиб бораётгани диққатга сазовордир.
Сенаторлар ва халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари раислари, тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассислари, бир қатор институтлар олимлари иштирок этган йиғилишда юртимиздаги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, улардан фойдаланиш билан боғлиқ кўплаб таклифлар ўртага ташланди. 
Якунда муҳокама этилган масалалар бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

И. ИБРОҲИМОВ, 
«Халқ сўзи» мухбири

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati