O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Таълимга эътибор — келажакка эътибор

25.09.2014

Ёш авлодга таълим-тарбия бериш, уларни баркамол вояга етказишда устоз-мураббийнинг ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Заҳматкаш касб эгалари ўғил-қизларимизнинг дунёни англашига кўмак бериш, уларни илму фан оламига олиб киришдек улуғ вазифани шараф билан адо этиб келмоқдалар.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида таълим тизимини ислоҳ этиш жараёнида ўқитувчи касби нуфузини ошириш, жамиятдаги мақомини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг меҳнат фаолияти давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, педагогик маҳорат бобида янги марраларни эгаллаши учун барча шарт-шароит яратиб берилаётир. 1997 йилдан бошлаб Ўзбекистонда Ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланиб келинмоқда. Уларнинг беқиёс хизматлари эътирофи сифатида 1 октябрь дам олиш куни, деб эълон қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табрик сўзида қайд этилганидек, инсонни инсон қилиб камол топтиришда, унга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу орзу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда, қисқача айтганда, жамиятимизнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётга кириши ва мустаҳкам ўрин олишида ўқитувчи ҳамда мураббийларнинг, таълим соҳаси барча фидойиларининг ҳиссаси беқиёс эканини халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.
Фидойилик кўрсатган бир гуруҳ соҳа ходимлари ҳар йили Президентимиз Фармони билан “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” деган юксак давлат мукофотларига сазовор бўлмоқда. Бу ҳам ўқитувчиликдек саодатли касбга берилган яна бир муносиб баҳо, юксак эътибор намунасидир.
Шубҳасиз, таълим жабҳасида катта натижаларни қўлга киритишда тегишли ҳуқуқий база шакллантирилиб, такомиллаштирилиб борилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури барча соҳаларда чуқур тафаккурга эга, замонавий фикрлайдиган, юқори технологиялардан бохабар мутахассисларнинг янги авлодини камол топтиришга хизмат қилаяпти. Олий Мажлис Сенати таълим, мутахассислар тайёрлаш, жисмонан соғлом, маънан етук авлодни вояга етказишга қаратилган қонун ҳужжатлари ижроси устидан парламент назоратини мунтазам амалга ошириб келмоқда.
Юртимизнинг барча ҳудудларида, шаҳарлардан тортиб чекка-чекка қишлоқларгача кўркам қиёфали юзлаб мактаблар, коллеж ва лицейлар барпо этилди. Деярли барча умумий ўрта таълим муассасалари капитал реконструкция қилиниб, илғор ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминланди, ўқув жараёнларини сифатли методик янгилашга йўналтирилган туб ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 28 та касб-ҳунар коллежи, 381 умумий ўрта таълим мактаби қурилди. Айни чоғда 45 та олий таълим тизимидаги даргоҳ, 131 коллеж ва академик лицей реконструкция қилинди ва таъмирланди. 
Ўн икки йиллик узлуксиз таълим тизимига ўтилиши асносида ўқув муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланди, қишлоқ ва шаҳар таълим муассасалари ўртасидаги тафовут деярли бартараф этилди.
Юртбошимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, барча умумий ўрта таълим мактабларида биринчи синфдан бошлаб чет тилларни мажбурий ўқитиш йўлга қўйилди. Ўз навбатида, 17 мингдан зиёд хориж тиллари кабинетлари ташкил этилди, биринчи синф ўқувчилари учун эса 538 мингдан ортиқ мультимедиа дарсликлар чиқарилди. Шулар қаторида чет тиллари бўйича қарийб икки минг нафар педагоглар тайёрланди. Ҳозирги кунда 
26 минг нафар ўқитувчи болаларга инглиз, немис ва француз тилларини ўргатмоқда. Республикамизнинг барча ҳудудида фарзандларимизга сифатли таълим бериш ва бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ жойларга тажрибали педагогларни жалб этиш мақсадида уларнинг иш ҳақларига 30 фоиз миқдорида қўшимчалар қўшиш асосида рағбатлантириш тизими жорий қилинди. 
Қувонарлиси, бу борадаги саъй-ҳаракатлар самараси ёшлар ҳаёти, уларнинг дунёқараши ва маънавий олами бойиб бораётгани мисолида яққол намоён бўлаяпти. Таълим ислоҳотлари шарофати билан ўғил-қизлар халқаро танловлар, фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, санъат фестивалларида иштирок этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқдалар.
Бинобарин, 2012 йил февраль ойида Тошкент шаҳрида юқори савияда ўтказилган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзуидаги халқаро конференцияда узлуксиз таълимнинг миллий моделини яратиш, ёш авлодни баркамол вояга етказиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси жаҳонда нуфузли бўлган олиму мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Форум иштирокчилари таълимнинг “ўзбек модели”ни кенг оммалаштиришга доир тавсиялар беришди.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз таълим-тарбия соҳасида ҳаётга изчил татбиқ этилаётган узоқ муддатли дастурлар демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш концепциясининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Ҳамротош ШОДИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati