O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Аҳоли фаровонлигининг муҳим омили

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида парламент юқори палатаси Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда қишлоқ жойларда уй-жойлар қуриш кўламини кенгайтиришга доир қонун ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси ва “Қишлоқ қурилиш банк” ОАТБ томонидан ижро этилишини Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Мажлисда сенаторлар, манфаатдор вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, айрим туманлар ҳокимлари ҳамда халқ депутатлари Сирдарё ва Тошкент вилояти Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, туман ҳокимларининг саноат, транспорт, коммунал хўжалиги, алоқа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича ўринбосарлари, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда қишлоқ қиёфасини тубдан янгилаш, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси сифатини ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган қишлоқда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги замонавий уй-жойларни кенг кўламда қуриш бўйича махсус давлат дастури амалга оширилаётир. Бундай уй-жойлар табиий ва иқлим хусусиятларини, миллий анъаналарни ҳисобга олган ҳолда барпо этилмоқда, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма жадал ривожланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2009 — 2013 йилларда қабул қилинган, “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишга қаратилган қарорлар бажарилиши қишлоқларда уй-жой қурилишида муҳим роль ўйнади.
Бу борада 2013 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ўтказилган “Замонавий уй-жой қурилиши — қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзуидаги халқаро конференция муҳим воқеа бўлди. Анжуманда 60 дан ортиқ хорижий мамлакатдан келган 300 нафардан кўпроқ олим, мутахассис ва экспертлар қатнашди.
Улар қишлоқлардаги янги уй-жой массивлари билан танишиб, тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида қишлоқларда уй-жой қурилиши бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли, ижтимоий йўналтирилган дастурларни юксак баҳоладилар.
Қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жойлар қуриш бўйича барча ишларни амалга ошириш учун мамлакатимизда яхлит институционал тузилма яратилган. Бу эса уй-жой массивларини сифатли барпо этиш соҳасидаги ягона сиёсатнинг рўёбга чиқарилишини таъминламоқда. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуриш бўйича махсус дастурлар муваффақиятли бажарилганлиги натижасида 2009 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг 159 та қишлоқ туманида намунавий лойиҳалар асосида 1249 та янги массив барпо қилинди, умумий майдони 4,6 миллион квадрат метр бўлган 33,5 мингдан зиёд якка тартибдаги уй-жой фойдаланишга топширилди.
Йиғилишда алоҳида қайд этилганидек, Сирдарё вилоятида 2011 — 2013 йиллар мобайнида 700 та якка тартибдаги уй-жой қурилиши тугалланиб, эгаларига топширилди. Намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш учун вилоят тижорат банклари томонидан 2011 — 2013 йилларда фуқароларга 64,3 млрд. сўм миқдорида имтиёзли ипотека кредитлари ажратилди. Шу давр мобайнида янги уй-жой массивлари ҳудудига 31 км. табиий газ қувурлари, 54,6 км. ичимлик суви қувурлари, 27,1 км. электр узатиш линиялари ўтказилди, 46 та бозор инфратузилмаси объекти қурилиб, уларнинг аксарияти ишга туширилди. 2014 йилда вилоятнинг саккизта қишлоқ массивида 506 та намунавий уй қурилиши мўлжалланган ва бу мақсадлар учун 42,3 гектар ер майдони ажратиш тўғрисида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинган.
Тошкент вилоятида 2011 — 2013 йиллар мобайнида 1136 та якка тартибдаги уй-жой ўз эгаларига топширилди. Тижорат банклари томонидан 2011 — 2013 йилларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш учун фуқароларга 150,6 млрд. сўм миқдорида имтиёзли ипотека кредитлари ажратилди. Шу даврда янги уй-жой массивлари ҳудудига 102,1 км. табиий газ қувурлари, 87,7 км. ичимлик суви қувурлари, 92,6 км. электр узатиш линиялари ўтказилди, шунингдек 101 бозор инфратузилмаси объекти қурилиб, уларнинг кўпчилиги ишга туширилди. Тошкент вилоятида 2014 йилда қишлоқ жойларда 1050 та намунавий уй-жой қурилиши режалаштирилган. Ҳозирги кунда 974 та юридик шахсдан ва намунавий уйларнинг бўлажак эгалари бўлмиш жисмоний шахслардан нақд пулда 39,5 млрд. сўм миқдорида бошланғич бадаллар тўпланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси ҳамда унинг вилоятлардаги филиаллари, “Қишлоқ қурилиш банк” ОАТБ томонидан қишлоқ жойларда уй-жойлар қуриш кўламини кенгайтиришга доир қонун ҳужжатлари Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ижро этилишини таъминлашда қатор камчиликларга йўл қўйилгани таъкидланди. Хусусан, масалани ўрганиш давомида мазкур вилоятларнинг айрим туманларида янги уй-жой массивлари қурилиши учун ер майдонлари ўз вақтида ажратилмаган ҳамда тайёрланмаган, тендер комиссиялар мажлисларини ўтказишда ва пудратчи ташкилотларни белгилашда қоидаларни бузиш, қишлоқ жойларда уй-жой қуриш жараёнида қонун ҳужжатлари нормалари ҳамда қоидаларига риоя этилишини етарлича назорат қилмаслик ва бошқа ҳолатлар аниқланди. Сенаторлар қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуриш дастури ижро этилиши устидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидлашди.
Муҳокама якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati