O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Соғлом авлодни тарбиялашнинг муҳим омили

24.05.2014

Мамлакатимиз парламенти юқори палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, БМТ Болалар фондининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро конвенциялар ва миллий қонун ҳужжатлари Ўзбекистонда ижро этилишининг боришига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси иш бошлаганига 20 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган ушбу тадбирда Сенат аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари доимий комиссиялари раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар, ЮНИСЕФ ҳамда бошқа халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонда аккредитация қилинган ваколатхоналари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, миллий ва хорижий экспертлар вакиллари қатнашди.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, ҳар қандай давлатнинг эртанги куни ва ривожланиш истиқболлари болалар ҳамда бутун ёш авлоднинг бахт-саодатига боғлиқ. Ўзбекистонда болаларнинг ҳуқуқларини таъминлашга, уларнинг ҳар томонлама ривожланишига, ёш авлоднинг манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга ва эҳтиёжларини қондиришга давлат томонидан ғоят жиддий эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг ғоят муҳим йўналишлари сифатида белгиланган. Юртимизда 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилинганлиги бунинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритган дастлабки кунларданоқ болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун зарур ижтимоий-иқтисодий, қонунчилик, институционал шароитларни яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор масаласига айланди. Бу соҳада Ўзбекистон Республикаси томонидан 1992 йил 9 декабрда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилиниши ҳамда унинг қоидаларини мамлакатимиз миллий қонунчилигига имплементация этилиши муҳим қадам бўлди.

Муҳокама давомида Ўзбекистон Конвенция қоидалари бўйича ўз мажбуриятларининг бажарилишини изчил таъминлаб келаётганлиги таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, оналик, оталик, болалик ва оила давлат ҳимоясидадир. Мамлакатимизда болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга катта эътибор берилмоқда. Тадбир қатнашчилари болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсати изчил амалга оширилаётганлиги, бунга жамоатчилик кенг жалб этилаётганлиги натижасида Ўзбекистонда бир қатор ижобий натижалар қўлга киритилганлигига урғу бердилар.

Давра суҳбатида “Соғлом бола йили” Давлат дастурида мамлакатимизда жисмоний соғлом, маънавий етук, ҳар томонлама уйғун ва баркамол ривожланган, мустақил фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятга, чуқур билим ҳамда замонавий дунёқарашга эга, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш вазифасини изчил давом эттириш учун аниқ мақсадга қаратилган кенг кўламдаги комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ҳамда имкониятларини шу йўлда сафарбар этиш кўзда тутилганлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Парламент аъзолари томонидан таъкидланганидек, соғлом, ҳар томонлама ривожланган авлодни шакллантириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратишга йўналтирилган қонунчилик ва норматив базани янада такомиллаштириш зарур. Зеро, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимий эътиборни, бу ишга мутасадди бўлган барча тузилмаларнинг куч-ғайратини сафарбар қилишни, жамоатчиликни, фуқаролик жамияти институтларини фаол жалб этишни талаб қилади. Шу билан бирга, айни шу масала доимо халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг диққат-эътиборида бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Давра суҳбати якунлари бўйича унинг иштирокчилари томонидан бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида парламент тузилмалари ва тегишли муассасалар фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор тавсиялар қабул қилинди.

Ҳалқ сўзи газетаси
Қобил ХИДИРОВ.

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati