O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Замонавий биржалар — иқтисодий тараққиёт омили

23.08.2014

Мамлакатимизда демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, иқтисодиёт тармоқларини техник ва технологик модернизация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида улкан ютуқларга эришилмоқда.

Янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилмоқда, ички ва ташқи бозорда рақобатдош бўлган маҳсулотлар кўлами кенгаймоқда, айни пайтда замонавий банк, молия, суғурта хизматлари такомиллашаётир, биржа фаолияти тобора ривожланиб бораяпти.
Шу билан бирга, замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши бозор муносабатларига ижобий таъсир ўтказиб, янги иқтисодий муносабатларни юзага келтирмоқда. Хусусан, биржа технологиялари жадал ривожланиб, янги воситалар пайдо бўлмоқда, биржалар функциялари ва улар бажарадиган вазифалар ўзгармоқда. Буларнинг барчаси амалдаги бозор муносабатларига оид қонунчиликни изчил такомиллаштириб боришни тақозо қилаяпти. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кутилаётган янги таҳрирдаги “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Қонун ҳам ана шу эҳтиёж асосида ишлаб чиқилган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, товар-хом ашё ва молия биржаларини бошқаришни янада такомиллаштириш, биржа битимлари иштирокчиларининг кафолатларини кучайтириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг товар-хом ашё ва молия биржаларида кенг иштирок этишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур Қонун парламент қуйи палатаси аъзолари, тегишли вазирлик, идора, ташкилотлар вакиллари, эксперт-мутахассислар, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари ходимлари иштирокида кенг муҳокамадан ўтказилди, улардан келиб тушган турли таклифлар инобатга олинди. Халқаро тажриба, шу жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Бразилия каби давлатларнинг шу йўналишдаги қонунчилиги тўлиқ ўрганиб чиқилди.
Қонун Сенатга келиб тушгач, парламент юқори палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи таҳлил ва хулосалар натижасида концептуал жиҳатдан янгиланган мазкур Қонунни атрофлича ўрганиб чиқди. Хусусан, биржалар ва биржа иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари инобатга олинди. Айни пайтда экспертлар иштирокида ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги аҳамияти батафсил муҳокама қилинди.
Қонунда аввалги таҳрирдаги тушунчалар аниқлаштирилган, шунингдек, илгари мавжуд бўлмаган, аммо жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган биржага оид тушунчалар ўз ифодасини топган. Ўзбекистонда молия биржалари ўз фаолиятини фонд ва валюта биржалари сифатида амалга ошираётгани туфайли биржалар товар-хом ашё, фонд ва валюта биржаси тарзида иш олиб бориши белгилаб қўйилмоқда. Шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида биржалар фақат акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилиши ўз аксини топди.
Қайд этиш керакки, товарнинг бозор нархини аниқлаш (котировка) биржанинг бирламчи вазифаси ҳисобланади. Шу боис янги таҳрирдаги Қонунда “биржа активи” ёки “биржа товари” деган тушунчаларга аниқ таъриф берилаётир. Чунончи, Президентимизнинг 2011 йил 14 январдаги фармойишида белгиланган вазифалар ҳамда халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда, “биржа фаолияти”, “биржа товари”, “биржа листинги”, “котировка” ва бошқа тушунчалар аниқлаштирилган. Масалан, биржа фаолияти деганда, биржа товарлари бозорини ташкил этиш ва тартибга солишга ҳамда талаб ва таклиф асосида биржа товарларининг нархларини ушбу бозорда шакллантиришга қаратилган фаолият тушунилади.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Қонун биржа аъзоларини савдо майдончалари ва секцияларида биржа савдолари ўтказиш жойи ҳамда муддати тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш, тузилган биржа битимларининг бажарилишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, клиринг ҳамда улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишни назарда тутувчи меъёрлар билан тўлдирилаяпти. Бу эса, мутахассисларнинг фикрича, биржа битимларининг бажарилиши кафолатларини янада кучайтиради.
“Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши тизимда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётининг амал қилиши учун шарт-шароитлар яратади. Айни чоғда биржа бозори иштирокчилари, шу жумладан, акциядорлар, инвесторлар ва давлатнинг манфаатлари мутаносиблигига эришилади. Ўзбекистон биржа бозорининг ривожланган жаҳон биржа бозорига интеграциялашуви учун қулай шарт-шароитлар, механизмлар яратади, миллий қонунчиликни халқаро ҳуқуқ билан уйғунлаштиради. Қолаверса, Қонун молия бозорини ривожлантиришга, бозор инфратузилмаси сифатини оширишга, умуман, макроиқтисодий ўсиш суръатларини янада яхшилашга кўмаклашади.

Баҳром МАМАЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati