O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси парламентига ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловда иштирок этган халқаро кузатувчилар билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатидаги учрашувлар тўғрисида

22.12.2014

2014 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг Индонезия Парламенти Вакиллар палатасининг вице-спикери Фадли Зон билан унинг Ўзбекистон Республикаси парламентига ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловда халқаро кузатувчи сифатидаги иштироки доирасидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида С.Сафоев индонезиялик меҳмонларни Сенат биносида қутлар экан, дўстлик муносабатлари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг пойдевори Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг 1992 йилда Индонезияга қилган илк ташрифининг бирида ҳамда Индонезия Президенти Сухартонинг 1995 йилда Ўзбекистонга қилган жавоб ташрифи мобайнида қўйилганлигини таъкидлаб ўтди.

Қўмита раиси қайд этиб ўтганидек, Индонезия парламенти нуфузли делегациясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ва ҳокимият вакиллик органларига сайловда халқаро кузатувчилар сифатидаги бундай иштироки, шубҳасиз, Ўзбекистон билан Индонезия ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга, ўзбек–индонезия парламентлараро алоқаларини чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Ўз навбатида, Индонезия Парламенти Вакиллар палатасининг вице-спикери Фадли Зон делегация аъзолари номидан Сенатдаги самимий қабул учун ўз миннатдорчилигини билдирди ва Индонезия томони фойдаланилмаган улкан имкониятларга эга бўлган ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштиришга муҳим аҳамият беришини таъкидлаб ўтди. Шу муносабат билан Фадли Зон туризм соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйишни алоҳида қайд этиб ўтди, чунки Ўзбекистон бой тарихий-маданий меросга ва улкан сайёҳлик салоҳиятига эга. Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу мамлакатда ислом цивилизацияси, маданият ва маърифат қарор топган Самарқанд, Бухоро, Хива сингари тарихий шаҳарлар мавжуд, қолаверса ислом динининг бутун дунёга машҳур асосчиларининг мақбаралари ҳам шу маконда жойлашган, ўлканинг ўзи эса чиндан ҳам эътироф этилган сайёҳлик марказларидан биридир.

21 декабрь – сайлов куни халқаро кузатувчи сифатида МДУ филиали, «Ўзбекэнерго» ДАК биносида ва 110-мактабда жойлашган сайлов участкаларига ташриф буюрдик ва тўлиқ ишонч билан айтамизки, деди Фадли Зон, Ўзбекистондаги парламент сайлови очиқлик, ошкоралик ва демократик принципларга риоя этилган тарзда ўтди. Ушбу сиёсий воқеа ва унинг муваффақиятли якунлари мамлакатни янада демократлаштиришда улкан қадам бўлади ва Ўзбекистонда парламентаризмни ривожлантиришда катта роль ўйнайди, деб таъкидлади Фадли Зон.

2014 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг Лондоннинг Уолтхем-Форест тумани муниципалитети депутати Бернадет Милл билан унинг Ўзбекистон Республикаси парламентига ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловда халқаро кузатувчи сифатидаги иштироки доирасидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда Буюк Британия билан сиёсий мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга, шу жумладан томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишонч руҳини шакллантиришнинг муҳим омили сифатида парламентлараро алоқаларни чуқурлаштиришга катта аҳамият берилаётганини С.Сафоев таъкидлаб ўтди. Сўнгра меҳмонлар жамиятни демократлаштириш жараёнлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ҳамда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар ва тузатишлардан хабардор қилинди. Хусусан, парламент сайлови якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда депутатлик ўрнига энг кўп овоз тўплаган партия Бош вазир номзодини тақдим этиши қайд этиб ўтилди.

Ўз навбатида, Бернадет Милл Сенатдаги самимий қабул учун миннатдорчилик изҳор қилиб, у сайлов куни Хоразм вилоятидаги сайлов участкаларига халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, сайловга пухта тайёргарлик кўрилган, унинг алоҳида қайд этишича, сайлов участкаларида тиббий пунктлар, она ва бола хоналари мавжуд, у ерда ҳатто болалар аравачаси ҳам бор, сайлов участкаларига кела олмаганларга улар ўз уйларида фуқаролик бурчларини бажаришлари учун сайлов қутилари тайёрлаб қўйилган. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда сайловни ўтказишга ўта масъулият билан ёндашилганлигидан далолат беради.
Бернадет Миллнинг сўзига кўра у сайлов участкаларининг бирида маҳаллий кузатувчи сифатида иштирок этаётган маҳалла вакили – оқсоқол билан суҳбатлашган, бу эса унинг фикрича, сайлов жараёни очиқ, ошкора ва шаффофлигидан далолат беради. Шу муносабат билан у Ўзбекистоннинг тарихий-маданий анъаналарига, хусусан «маҳалла» институтини ижобий баҳолади, хусусан Бернадет Милл «маҳалла» институтини ўрганишга қизиқиш билдириб, Самарқанд ва Бухорода ушбу мавзудаги иккита халқаро семинарда, бошқа тадбирларда иштирок этганини ва маҳалла каби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашнинг муҳим механизми эканлигини қайд этди.         

Суҳбат якунида Бернадет Милл икки томонлама парламентлараро мулоқотлар ривожини ижобий баҳолаб, томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва ишончни шакллантиришнинг муҳим омили сифатида уни янада чуқурлаштириш учун барча куч ва саъй-ҳаракатларини сарфлашга ваъда берди.

2014 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг Литва Сеймининг Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик бўйича гуруҳи раиси Валериус Симулик билан унинг Ўзбекистон Республикаси парламентига ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловда халқаро кузатувчи сифатидаги иштироки доирасидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида С.Сафоев Валериус Симуликни қутлар экан, парламент сайловида халқаро кузатувчи сифатидаги иштироки учун унга миннатдорчилик изҳор қилди. У таъкидлаб ўтганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ва ҳокимият вакиллик органларига сайловда Литва вакилларининг иштирок этиши ва Литва Сейми парламент делегациясининг шу йил июнида Ўзбекистонга қилган ташрифи икки томонлама муносабатларнинг муваффақиятидан, икки мамлакат парламенти аъзоларининг парламентлараро алоқаларни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканлигидан далолат беради. Сўнгра меҳмон парламент сайлови бутунлай ўзга шароитларда, янги қонунлар асосида ўтказилганлигидан хабардор қилинди. Мамлакатимиз Асосий Қонунига ҳамда сайлов тўғрисидаги қонунларга киритилган тузатишлар ва ўзгартишлар сайловнинг очиқлик, ошкоралик ҳамда кўппартиявийлик принциплари асосида, халқаро тамойилларга мувофиқ равишда ўтказилиши учун асос бўлди.

Ўз навбатида, Валериус Симулик Сенатдаги илиқ ва дўстона қабул учун миннатдорчилик изҳор қилди, у ҳар бир сайлов жамиятнинг демократик эканлигини имтиҳон қилувчи тадбирдир, – деди, – Ўзбекистон бу имтиҳондан муносиб равишда, адолатли, ҳаққоний ва холис кураш руҳида ўтиб олди. Литва Сейми депутати сайловда хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этишини алоҳида таъкидлаб, бу сайлов тизимининг муваффақиятларидан бири эканлигини ва жамиятда аёлларнинг ижтимоий мақомини оширишга Ўзбекистонда катта эътибор берилаётганини қайд этди. Меҳмон Ўзбекистонда атроф муҳитни муҳофаза қилишга катта эътибор берилаётганини ҳам тилга олиб ўтар экан, у жорий йилнинг июнь ойида «Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари» мавзуидаги халқаро конференция ишида иштирок этиш асносида бунинг гувоҳи бўлганини ва Ўзбекистон экологик ҳаракатининг ўн беш депутатлик мандатига эга эканлиги фактини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Шубҳасиз, уларнинг фаолияти келажакда салмоқли натижалар беради.

Валериус Симулик сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун Чирчиқ шаҳрига борган вақтида Шауляй ва Чирчиқ шаҳарлари ўртасида биродарлашган шаҳарлар алоқаларини ўрнатиш ташаббусини илгари сурди. У келгуси йил баҳорида Шауляй шаҳри мэри лавозимига бўладиган шаҳар сайловида иштирок этишини маълум қилди ва сайловда ғалаба қозонса, ўз ташаббусини рўёбга чиқариш учун барча саъй-ҳаракатини сафарбар этишини билдирди.

Суҳбат якунида Валериус Симулик парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон парламенти делегациясини Литвага таклиф қилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati