O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Маҳалла институти фаолияти такомиллашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан биргаликда ташкил этилган семинарда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, азалдан ўзбек маҳаллалари чинакам миллий қадриятлар маскани бўлиб келган. Ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож одамлар ҳолидан хабар олиш, етим-есирларнинг бошини силаш, тўй-томоша, ҳашар ва маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам бирга бўлиш каби халқимизга хос урф-одат ва анъаналар, авваламбор, маҳалла муҳитида шаклланган ҳамда ривожланган.
Ўз навбатида, дунёда муқобили бўлмаган ўзини ўзи бошқариш тизими истиқлол йилларида халқимизнинг азалий ва абадий қадриятлари, эзгу орзу-умидларига ҳамоҳанг равишда ривож топмоқда. Зотан, маҳалланинг нуфузини кўтаришга нафақат иқтисодий, ижтимоий, балки сиёсий, тарбиявий, улкан маънавий масала сифатида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мустақиллик йилларида миллий давлатчилигимиз тарихида илк маротаба маҳалла конституциявий институт мақомига эга бўлди. Ўтган давр мобайнида маҳалла фаолиятига оид 
50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, иккита Қонун қабул қилинди. Президентимизнинг 2004 йил 
25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Айни пайтда мамлакатимизда 8500 нафардан зиёд хотин-қизлар маслаҳатчи сифатида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ибратли миллий, диний анъаналар ҳамда урф-одатларни сақлаш ва ривожлантириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ҳамда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ишларига ҳисса қўшиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 9 июлдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2013 йил 
24 июлдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимидаги ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонлари соҳа ходимларининг мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ишларига қўшаётган салмоқли ҳиссасига берилган юксак баҳо бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 10 октябрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эса маҳалла раислари ва фаолларининг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий билимлари, касбий маҳоратини янада оширишда беқиёс аҳамиятга эга.
Шунингдек, ҳукуматимизнинг тегишли қарорлари асосида фуқаролар йиғинларида “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмалари фаолиятининг йўлга қўйилгани, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва ҳудудий кенгашлар тузилгани, маҳалла фаолиятига оид 15 га яқин Низомнинг тасдиқлангани мазкур институт ривожидаги муҳим қадамлардан бўлди.
Айниқса, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрирда қабул қилингани маҳалла фаолиятини модернизациялаш ва демократлаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур қонунлар такомиллаштирилишининг аҳамияти ўтган йилнинг ноябрь — декабрь ойларида бўлиб ўтган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови жараёнида ҳам яна бир карра намоён бўлди. Ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи тамойиллари асосида ўтказилган сайловларда 9756 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 99618 нафар маслаҳатчиси сайлангани, фуқароларнинг жамиятдаги барча ишларга дахлдорлигини чуқур тушунган ҳолда фаоллик кўрсатганининг ўзиёқ бунинг далилидир.
Янги таҳрирда қабул қилинган ушбу қонунлар талабларидан келиб чиқиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири саналади.
Шу боис семинар иштирокчилари маҳалла институтининг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ролини кучайтириш, хусусан, фуқаролар йиғинларидаги тегишли комиссиялар ишини янада яхшилаш, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси ҳамда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги ролини ошириш, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашларнинг ишини самарали йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Шунингдек, семинар қатнашчилари кам таъминланган аҳоли қатламини, ёш оилаларни бундан буён ҳам манзилли қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини, оила, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлигини янада кучайтириш ҳақида ўзаро фикр алмашдилар, бу борада бажарилиши лозим бўлган вазифалар, айниқса, Соғлом бола йили муносабати билан амалга ошириладиган кенг кўламли чора-тадбирларни рўёбга чиқариш хусусида таклиф-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатасининг депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари директорлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, таълим, соғлиқни сақлаш органлари вакиллари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти фуқаролар йиғинларининг раислари, шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati