O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси парламентига сайловда иштирок этадиган халқаро кузатувчилар билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатидаги учрашувлар тўғрисида

20.12.2014

2014 йил 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг Парламент фаолиятининг регламенти ва уни ташкил қилиш бўйича Россия Федерацияси Кенгаши қўмитаси раиси В.Тюльпанов ва Федерация Кенгаши аъзоси В.Пичугов билан уларнинг Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлисига сайловда халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этишлари доирасидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Мамлакат парламентининг юқори палатаси биносида меҳмонларни қутлар экан, С.Сафоев ўтаётган йил икки томонлама муносабатларда муҳим воқеалар билан якунланаётганлигини таъкидлаб ўтди. Россия Федерацияси Президенти В.Путиннинг шу йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикасига муваффақиятли ташрифи, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг мажлиси ва Ўзбекистондаги парламент сайловида Россия вакилларининг халқаро кузатувчи сифатида иштирок этишлари шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси икки томонлама ҳамкорликнинг юқори даражада эканлигидан, томонлар икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида изчил ва самарали иш олиб бориш учун тайёр эканлигини намоён этганлигидан далолат беради.

Шундан сўнг Россия Федерациясидан ташриф буюрган халқаро кузатувчилар демократик ўзгартиришларни чуқурлаштириш бўйича қонун ижодкорлиги ишлари, ҳокимиятларнинг конституциявий принцип асосида тақсимланганлиги, мамлакатимиз Асосий Қонунига киритилган тузатишлар ва ўзгартишлар тўғрисида хабардор қилинди. Таъкидлаб ўтилганидек, бу тузатишлар ва улар асосида қабул қилинган қонунлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги роли ва аҳамиятини сезиларли равишда оширди, мамлакат қонун чиқарувчи органининг давлат ички ва ташқи сиёсатини шакллантириш ҳамда рўёбга чиқаришдаги ўрнини, имкониятларини кучайтирди.

Ўз навбатида В.Тюльпанов Сенатдаги илиқ ва дўстона қабул ҳамда тақдим этилган ахборот учун самимий миннатдорчилик изҳор қилди, модомики Ўзбекистон Марказий Осиёдаги йирик давлат ҳисобланар экан, Россия томони уни минтақадаги стратегик шерик сифатида баҳолаб, Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беришини таъкидлаб ўтди. Бу борада меҳмонлар Россия Федерацияси Президенти В.Путиннинг яқинда Ўзбекистон Республикасига қилган ташрифини алоҳида қайд этдилар. Бу ташриф мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларни янада ривожлантириш учун янги улкан омил бўлди.

В.Тюльпанов Ўзбекистонга илк бор келганлигини таъкидлади ва ўзбекларнинг самимий меҳмондўстлигини дарҳол ҳис қилганлигини ҳамда Тошкент шаҳрининг озодалиги ва ободлигидан кўнгли кўтарилганлигини, бундай шаҳарлар дунёда кам эканлигини айтди. У Ўзбекистонда Марказий сайлов комиссияси томонидан конституциявий мақомни мустаҳкамлаб, жуда оқилона қарор қабул қилинганлигини қайд этиб ўтди. Бу унинг амалий ва ҳуқуқий мустақиллигини кучайтиради. Биз ҳам Россияда шунга интиляпмиз, деди у. Суҳбат якунида меҳмонлар Ўзбекистондаги сайлов кампанияси фаол равишда, миллий қонун ҳужжатларига қатъий мувофиқ ҳолда ўтаётганлигини таъкидладилар ва сайлов эркин ҳамда демократик тарзда ўтишига ишонч билдирдилар.

2014 йил 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг Япония Парламенти Маслаҳатчилар палатаси депутати Ичиро Цукада ва «Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси» Бош котибининг ўринбосари Киёхико Тояма билан уларнинг Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлисига сайловда халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этишлари доирасидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Сенат биносидаги суҳбат аввалида С.Сафоев И.Цукада ва К.Тоямани қутлар экан, Япония Парламентининг олий даражадаги вакилларининг  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов давомида халқаро кузатувчилар сифатидаги иштироки, бўлажак музокаралар ва учрашувлар, сўзсиз, ҳамкорлик имкониятларини янада кенгайтиради ва икки томонлама парламентлараро ҳамкорликнинг янги истиқболларини очади, деб таъкидлади. Ўзбекистон Япония билан парламентлараро мунтазам мулоқотни қамраб олган ҳолда ўзаро муносабатларни кенг миқёсда чуқурлаштиришни бошламоқда. Қўмита раиси С.Сафоев К.Тоямани Япония Парламентига қайта сайланганлиги билан табриклади.

Ўз навбатида, суҳбатдошлар Сенатдаги самимий қабул учун миннатдорчилик изҳор қилдилар, уларнинг Ўзбекистон парламенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатидаги иштироки икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир амалий қадамларни муҳокама қилиш учун қулай имконият эканлигини мамнуният билан таъкидлаб ўтдилар. 

Меҳмонлар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий суръати ўзига хос эканлигини, барча даражадаги муносабатлар мунтазам хусусиятга эгалигини қайд этдилар. Шу муносабат билан улар парламентлараро алоқаларни ривожлантириш «Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси» фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланади, деб таъкидладилар ва Япония ҳамда Ўзбекистон қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги яқин ҳамкорликни янада ривожлантириш учун барча куч ва саъй-ҳаракатларини сарфлашга ишонч билдирдилар.

Халқаро кузатувчилар сифатида меҳмонлар Ўзбекистонда мукаммал қонунчилик базаси яратилганлигини ва, шубҳасиз, ҳақиқий демократик сайловни ўтказиш учун барча зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар етарли эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Фурсатдан фойдаланиб, меҳмонлар ўтган ҳафтада Японияда парламент сайлови ошкоралик, очиқлик ва холислик принципларига риоя этилган ҳолда бўлиб ўтганлигини айтдилар.    

Суҳбат якунида И.Цукада ва К.Тояма улар гувоҳи бўлаётган катта тайёргарлик ишлари эртанги сайловнинг Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳамжиҳатлик билан ўтказилиши ҳақида ҳозирданоқ ишонч билан айтишга асос бўлишини таъкидладилар.

2014 йил 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси А.Алтиевнинг Вена шаҳри парламенти вице-президенти, депутат Доззир Йохан Херцог билан унинг Ўзбекистон парламенти сайловида халқаро кузатувчи сифатидаги иштироки доирасидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Қўмита раиси А.Алтиев Й.Херцогни Сенатга ташрифи билан қутлар экан, Ўзбекистонда Австрия билан сиёсий мулоқотни ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга, шу жумладан парламентлараро алоқаларни чуқурлаштиришга муҳим аҳамият берилаётганлигини таъкидлаб ўтди.  

Сўнгра меҳмон парламент сайлови бутунлай янги шароитларда, янгиланган қонун ҳужжатлари асосида ўтказилаётганлиги ҳақида хабардор қилинди. Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бўлажак сайловнинг очиқ-ошкоралик, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш ва кўппартиявийлик принциплари асосида, халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда ўтказилиши учун асос бўлди.

Ўз навбатида, Й.Херцог Сенатдаги самимий қабул учун миннатдорчилик изҳор қилди, у бўлажак сайлов, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим сиёсий воқеа эканлигини таъкидлади. Сайлов аксарият хорижий мамлакатларда, шу жумладан бизда – Австрияда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда, деди меҳмон. Унинг айтишича, Ўзбекистонга беш йил аввал келган экан, ҳозирда у катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўлди. Унинг фикрича, Ўзбекистон барча соҳаларда улкан муваффақиятларга эришди, халқнинг турмуш фаровонлиги ошиб бормоқда, ўтказилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар юксак баҳога лойиқ.

Й.Херцог жорий йилнинг 21 декабрида, эртага бўлиб ўтадиган сайлов муваффақиятли тарзда ўтишига ишонч билдирди, чунки Ўзбекистон бой тарихи, халқининг кўп асрлик анъаналарини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек жаҳон тенденцияларига мувофиқ фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлини танлади.

2014 йил 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Девонининг Халқаро алоқалар бўлими мудири О.Мирзаевнинг Германия Бундестаги Христиан демократик иттифоқи фракцияси референти Андреас Ян билан унинг Ўзбекистон парламенти сайловида халқаро кузатувчи сифатидаги иштироки доирасидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида О.Мирзаев Андреас Янни Сенат биносида қутлаб саломлашар экан, унга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловга тайёргарлик жараёни тўғрисида гапириб берди ва сайлов кампанияси сифат жиҳатдан янги шароитларда, сайлов тўғрисидаги янгиланган қонун ҳужжатлари асосида, халқаро стандартларга мувофиқ ўтказилаётганлигини қайд этиб ўтди.

Ўз навбатида, А.Ян Сенатдаги самимий қабул учун миннатдорчилик изҳор қилди ва Бундестагда Ўзбекистон билан парламентлараро алоқаларга муҳим аҳамият берилаётганлигини ҳамда Ўзбекистонда парламентаризмни мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида биргаликда дастурлар ишлаб чиқиш, тадбирларни амалга оширишни давом эттиришга ва парламент аъзолари ҳамда девонлар ходимлари ўртасида тажриба алмашишни йўлга қўйишга тайёр эканлигини қайд этиб ўтди.

А.Ян хавфсизлик масалаларидаги ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди ва Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчликни ўрнатиш масалаларидаги ташаббускорлик ҳаракатини алоҳида таъкидлади. Бунинг ижобий томони шундаки, Ўзбекистон, унинг фикрича, тегишли масалаларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳал қилинишини кутиб ўтирмайди, Афғонистонга энергия таъминоти, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ва бошқа масалаларда катта миқдорда иқтисодий ёрдам кўрсатмоқда.

А.Ян халқаро кузатувчи сифатида Самарқанд шаҳридаги сайловни кузатишни режалаштирмоқда ва сайлов муваффақиятли тарзда ўтишига ишончи комил. Мазкур сиёсий воқеа Ўзбекистонда парламентаризмни янада ривожлантиришда катта роль ўйнайди, деб таъкидламоқда А.Ян.   

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati