O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Бельгия Қироллигининг фахрий сенатори Доминик Тильманс билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатидаги учрашув тўғрисида
АХБОРОТ

19.12.2014

2014 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоев билан Бельгия Қироллигининг сенатори Доминик Тильманснинг Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлисига ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловида халқаро кузатувчи мақомида иштирок этиши доирасидаги учрашуви бўлиб ўтди.

С.Сафоев меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва Бельгия парламенти аъзолари ўртасидаги доимий, бевосита суҳбат ва шахсий мулоқотнинг муҳимлигини, у парламентлараро алоқаларни ва умуман Ўзбекистон–Бельгия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини беражагини таъкидлаб ўтди.

Меҳмонларга парламентга сайлов сифат жиҳатдан янги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий шароитларда, такомиллаштирилган сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида, умум эътироф этилган халқаро стандартлар ва демократик талабларга мувофиқ ўтказилиши тўғрисида ахборот берилди. Хусусан, парламент сайлови якунларига кўра энг кўп овоз тўплаган партия Бош вазир номзодини тақдим этади, бу эса демократиянинг ёрқин далили ҳисобланади.

Д.Тильманс Сенатдаги илиқ ва самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистонга илк ташрифини мамнуният билан эсга олишини, Самарқанд шаҳрига ташрифи давомидаги ажойиб таассуротлари, у ердаги «Фуқаролик институтлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизаси: қонун ижодкорлигини демократлаштириш масалалари» мавзуидаги халқаро илмий-амалий семинардаги иштироки тўғрисида сўзлаб берди.

Ҳар сафар мамлакатингизга ташриф буюрганимда ўзгаришларнинг гувоҳи бўлаяпман, деб айтди у. Мамлакат Президенти раҳбарлигида жамиятни демократлаштириш ва янгилаш жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилаётгани яққол кўриниб турибди. Озарбайжон ва Арманистонда яратилган «олигархия асосидаги ижтимоий тузум»дан фарқли равишда Ўзбекистонда тўлақонли ўрта синфнинг шакллантирилганлиги бунинг ёрқин далилидир.

Д.Тильманс сайлов куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловни кузатиш мақсадида Фарғона вилоятига боришни режалаштираётганини айтди. Бельгия сенатори бўлажак сайлов адолатлилик, очиқ-ошкоралик асосида ва ҳаққоний, холис кураш руҳида ўтишига ишонч билдирди. 

Суҳбат якунида Д.Тильманс Бельгия томонининг икки томонлама парламентлараро алоқаларнинг янгидан ўрнатилиши ва янада ривожлантирилишидан манфаатдор эканлигини билдириб, келажакда бу алоқаларни изчил ривожлантириш учун барча куч ва саъй-ҳаракатларини сарфлашга ваъда берди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati