O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Кичик бизнеснинг халқаро бозорларга чиқишини таъминлаш — устувор вазифа

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги ролини янада ошириш билан боғлиқ ҳуқуқий ва институционал масалаларни ҳал қилиш мамлакатимизда амалга оширилаётган таркибий ўзгартишларнинг муҳим йўналишларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида республикамиз кичик бизнесининг рақобатбардошлигини янада оширишни ва охир-оқибатда, унинг кенг миқёсда халқаро бозорларга чиқишини таъминлаш зарурлигини алоҳида қайд этган эди. 
Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ташкил этилган давра суҳбатида ана шу масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг сенаторлари ва депутатлари, маҳаллий ҳокимият органларининг вакиллари, тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ҳамда экспертлари қатнашдилар. 
Йиғилишда алоҳида қайд этилганидек, мамлакатимиз иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли тобора ортиб бораётир. Маҳаллий кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларининг янада ривожланиши ва уларнинг рақобатбардошлиги ошиши мамлакатимизда рўёбга чиқарилаётган муваффақиятли таркибий ўзгаришларнинг асосий омилидир. Бу борада мустаҳкам қонунчилик базаси яратилгани ва шакллантирилгани муҳим ўрин тутмоқда. “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Хусусий корхона тўғрисида”ги, “Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилингани нафақат иқтисодиётни янада либераллаштириш ва модернизация қилишнинг ҳуқуқий негизи, балки айни пайтда амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг ортга қайтмаслиги гарови ҳам бўлди. 
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини жадал ривожлантиришнинг ишончли ҳуқуқий кафолатлари бу секторда қулай ишбилармонлик муҳитининг шаклланишига ҳамда тадбиркорлик субъектлари сонининг ўсишига олиб келди. Натижада сектордаги корхоналар умумий сони 190 мингтадан ошди. Биргина 2013 йилда 26 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти ўз ишини бошлади. Ҳозирги кунда кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши қарийб 55,8 фоизни ташкил қилмоқда. Ваҳолонки, 2000 йилда бу кўрсаткич 31 фоиз атрофида эди. Кичик бизнес мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришда, бандлик муаммоларини ҳал қилишда ҳамда халқимиз фаровонлигини таъминлашда тобора катта роль ўйнамоқда. Бунда кичик бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ҳуқуқий ва институционал чора-тадбирлар, уларга ажратилган кредитлар ҳамда берилган микрокредитлар ҳажмлари ўсганлиги кўмак бўлди. 
Тадбирда сўзга чиққан сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини таъминлаш, уларнинг экспорт имкониятларини кучайтириш, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришдан манфаатдорлигини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши зарурлигини кўрсатиб ўтдилар.    
Давра суҳбати қатнашчилари томонидан фан ва технологиянинг илғор ютуқларига асосланган саноат тармоқларида кичик бизнес соҳасини ривожлантириш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди. Муҳокама якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati