O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Мурувват ва инсонпарварликнинг юксак намунаси

19.11.2014

Президентимиз тақдимномасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди.

Бу Қарор нафақат демократик жамиятнинг устувор тамойилларини, шу билан бирга, миллий қадриятларимиз — мурувват ва инсонпарварликнинг нозик қирраларини ҳам ўзида мужассам этган. Мухбиримиз давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларининг мазкур ҳужжат, умуман, ҳар йили эълон қилиб келинаётган амнистия актларининг жамият ҳаётида тутган аҳамияти ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

— Мамлакатимизда Конституциямизнинг 80-моддаси 10-бандига ҳамда 93-моддаси 23-бандига асосан анъанавий тарзда қабул қилинаётган амнистия актлари билан маҳкумларни нафақат жазодан озод қилиш ёки озодликка чиқариш, оиласи бағрига қайтариш, балки уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, турмуш шароитини яхшилаш ҳамда ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқдаки, буларнинг барчаси юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли тарзда ҳимоя қилишга қаратилган изчил демократик ислоҳотлар амалга оширилаётганидан далолатдир, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Турғунов. — Амнистия маҳкумларни ёки билиб-билмай жиноятга қўл урган шахсларни жазодан озод қилишдан ташқари, улар туфайли жабр тортадиган оилаларни ва ушбу масканларда улғаяётган ўғил-қизлар келажагини турли салбий таъсирлардан ҳимоя қилишга қаратилгани билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир. Шу ўринда бундай инсонпарварлик ва бағрикенглик сиёсати боис ўтган йиллар давомида билиб-билмай жиноятга қўл урган, айни вақтда қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлган кўплаб ҳамюртларимиз ҳаётида муҳим бурилиш ясаганини алоҳида қайд этиш жоиз.

— Маълумки, оилада хотин-қизларнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш гуруҳи раҳбари Дилбар Алимжонова. — Уларнинг саранжом-саришталиги, айниқса, оналик бурчи ва оиладаги бош тарбиячилик вазифаларини ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди. Шу боисдан амнистия актларида жиноят йўлига адашиб кириб қолган ва ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тўғри хулоса чиқарган хотин-қизлар оиласи бағрига қайтарилишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу билан бирга, уларнинг жамиятдан муносиб ўрин эгаллашида ҳам кўмак берилаётир.
Аниқ айтганда, бундай аёллар соғлиғи назорат қилиниб, ишга жойлашишларида ёрдам кўрсатилмоқда. Бу амалиёт ўзини тўла оқлаяпти. Ўтган йилларда озодликка чиқарилган кўплаб хотин-қизлар бугун оиласи фаровонлиги ҳамда жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани бунинг бир мисолидир. Муҳими, бугунги кунда улар оила бекаси сифатида ёшлар тарбияси билан шуғулланмоқдалар.

— Жиноят содир этган пайтда 18 ёшга тўлмаган шахсларга мурувват кўрсатиш ҳам амнистия актининг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади, — дейди Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Исломиддин Холиқов. — Гап шундаки, дунёқараши, ҳуқуқий онги эндигина шаклланаётган ёшларни озодликдан маҳрум қилиш билан асосий мақсадга эришиш қийин. Аксинча, жазо муқаррарлигини турли воситалар ёрдамида тушунтириш айни муддаодир. Амнистия ана шундай мақсадларни кўзда тутади. Кейинги йилларда қабул қилинган амнистия ҳужжатлари натижалари асосида айтадиган бўлсак, бу амалда юқори самара бермоқда. Вояга етмаганларни ота-оналар ёки ҳомийлик ва васийлик органлари назоратига топшириш, зарур ҳолларда тегишли таълим муассасаларига юбориш чоралари кўрилаётгани бунда муҳим омил бўлаяпти. Шунингдек, прокуратура, суд, ички ишлар идоралари, соғлиқни сақлаш муассасалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик долзарб аҳамият касб этмоқда.

— Мазкур Қарорга маҳкумни ёки жиноят содир қилган шахсни жазодан озод этишни кўзда тутувчи ҳужжат сифатидагина қарамаслик керак, — дейди Шайхонтоҳур туманидаги “Шофайзи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Шамсиддинов. — У жазодан озод қилинган шахсларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишларида муҳим роль ўйнайди. Чунончи, шу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида ҳар йили жойларда ҳуқуқ-тартибот идоралари, судлар, маҳаллий давлат ҳокимияти, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларидан иборат ҳудудий комиссиялар ташкил этилиб, улар томонидан озодликка чиққан шахсларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Аввало, касалликка чалинган шахслар даволаш муассасалари, ёлғизлар ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштирилаяпти. Вояга етмаганлар эса ота-оналари ёки васийлик ва ҳомийлик органларига юборилмоқда. Айни чоғда бундай шахслар маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари томонидан қўллаб-қувватлаб келинаяпти. Бу эса уларнинг ҳаётга тез мослашиши, ўз ўринларини топиши учун кафолат бўлиб хизмат қилмоқда.
Мухтасар айтганда, Олий Мажлис Сенатининг амнистия ҳақидаги бу йилги Қарори ҳам халқимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварликнинг яна бир юксак ифодаси бўлди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
Халқ сўзи газетаси

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati