O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Демократик тараққиёт мезони

19.08.2014

Парламент юқори палатасининг ялпи мажлисида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Маълумки, у 2010 йил ноябрь ойида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган муҳим қонунлардан биридир. Мухбиримиз мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти хусусида Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Абдурашид АЛТИЕВ билан суҳбатлашди. 

— Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг долзарблиги нимада?

— Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари жадал ривожланиб бормоқда. Турли манфаатларни ўзида акс эттирган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони ўсмоқда. Бунда, шубҳасиз, тизимнинг мустаҳкам қонунчилик асослари шакллантирилгани муҳим аҳамият касб этди. “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Ҳомийлик тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. 2008 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди.

Бугун нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат кўмагига таянган ҳолда самарали фаолият юритмоқда. Улар ҳозир жуда кўплаб ижтимоий аҳамиятга молик вазифаларни бажармоқда. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида алоҳида таъкидлаганидек, бугунги кунда улар демократик қадриятлар, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг муҳим омилига айланмоқда.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қайд этилганидек, юртимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик институтлари ролини янада кучайтириш фуқаролик жамиятини шакллантириш, демократлаштириш ва мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви бўйича олдимизга қўйган мақсадларимизни рўёбга чиқаришда ҳеч бир муболағасиз ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Ҳозирги кунда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг биргаликдаги  саъй-ҳаракатлари қамровини, самарадорлигини янада ошириш долзарб вазифа ҳисобланади. “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунни қабул қилишдан мақсад фаоллик, ташаббускорлик, ижтимоий масъулият ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда давлат ва жамият ҳамкорлигининг механизмларини яратишдан иборатдир. 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ижтимоий шерикликнинг айрим жиҳатлари амалдаги бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топган. Ижтимоий фаоллик ва онг юксалган бир шароитда ягона қонунчилик ҳужжати ўзаро ҳамкорликнинг яхлит тизимини яратиб, конструктив мулоқотнинг ҳуқуқий кафолатига айланади. Қонун устида ишлаш жараёнида жамиятнинг эҳтиёж ва манфаатларини, тўпланган тажрибани тўлиқ акс эттириш учун 2 мингдан ортиқ мутахассислар, экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари қатнашди. Қонунни маромига етказиш асносида Франция, Бельгия, Италия, Германия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Канада ва бошқа мамлакатларнинг ижтимоий шерикликни ҳуқуқий тартибга солиш тажрибаси ўрганилди, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида анжуманлар, давра суҳбатлари, семинарлар, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларнинг хорижий мамлакатларга сафарлари материалларидан фойдаланилди.

“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилингач, Сенатга юборилди. Қўмитамиз ушбу ҳуқуқий ҳужжатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, қатор вазирлик ва идоралар, давлат қўмиталари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар вакилларини, олимларни жалб қилди. 

— Қонуннинг мазмун-моҳияти хусусида тўхталиб ўтсангиз.

— Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, ижтимоий шериклик деганда давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини, шу жумладан, тармоқ, ҳудудий дастурларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқаришдаги ҳамкорлиги тушунилади.

Мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилишнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, ижтимоий шерикликнинг асосий соҳалари белгилаб берилмоқда. Ижтимоий ҳимоя, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва ошириш, бандликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантириш, атроф-муҳитни, аҳоли саломатлигини муҳофазалаш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш, оналик ва болаликни, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш шулар жумласидандир. Қонунийлик, очиқлик, ошкоралик ва иштирок этишнинг ихтиёрийлиги, мустақиллик ва тенг ҳуқуқли шериклик, холислик, ўзаро ҳурмат, манфаатларнинг инобатга олиниши ва масъулият, мажбуриятларни қабул қилишнинг ихтиёрийлиги ижтимоий шерикликнинг асосий принциплари сифатида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. 

Қонунда давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал қилишдаги иштироки шакллари ва усуллари аниқлаштирилмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ижтимоий-иқтисодий дастурларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришда, давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлари, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органларининг фаолиятида, биргаликдаги тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокараларда, ижтимоий шериклик тўғрисида битимлар ва шартномалар тузиш, қўшма лойиҳалар ҳамда режалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ҳамда ўзаро ёрдам кўрсатиш, ахборот айирбошлашда иштирок этади. 

Ҳуқуқий ҳужжатда жойларда ижтимоий шерикликни ривожлантиришга устувор эътибор қаратилган. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ташаббускорлигини ривожлантириш ҳамда ролини кучайтириш, шунингдек, уларнинг жойларда ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишдаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан жамоат фондлари ҳамда жамоат комиссиялари тузилиши кўзда тутилмоқда. Бунда жамоат комиссияси жамоат фондининг васийлик кенгаши вазифасини бажаради. Жамоат комиссиялари фаолиятига сўнгги йилларда ўзини намоён этган Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси фаолиятининг принциплари асос қилиб олинди. У нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари билан ижтимоий ва умумаҳамиятга молик дастурлар ҳамда лойиҳаларни рўёбга чиқаришдаги ҳамкорлигини чуқурлаштиришга кўмаклашиш, уларнинг таклифларини чуқур ўрганиш асосида ижтимоий шерикликнинг устувор йўналишларини аниқлаш, тавсиялар ишлаб чиқиш, жамоат фондлари маблағларининг самарали тақсимланишини ташкил этиш, шунингдек, уларнинг белгиланган мақсадда фойдаланилиши устидан мониторингни амалга ошириш билан шуғулланадиган мазкур комиссияларнинг намунавий регламентини тасдиқлайди.

Шак-шубҳасиз, аксарият ижтимоий аҳамиятга молик дастурлар ва истиқболли лойиҳаларнинг самарадорлиги ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш билан боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ҳуқуқий ҳужжатда ушбу жараёнда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу берилган. Грант, субсидия ва ижтимоий буюртмалар билан бир қаторда, давлат томонидан мулкий, ахборот, маслаҳат тарзида, ташкилий ва ўқув-услубий қўллаб-қувватлаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига моддий ёрдам кўрсатаётган юридик ва жисмоний шахсларга қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда имтиёзлар бериш мустаҳкамлаб қўйилмоқда. 

Умуман олганда, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун давлат ва жамият ўртасида самарали мулоқот олиб бориш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, мамлакатимиз аҳолиси турли қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамкорлик ўрнатиш учун қулай ҳуқуқий майдон яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу ҳуқуқий ҳужжат нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат тузилмалари билан ўзаро муносабатларидаги аниқ чегараларни белгилайди ва ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиради. У нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ролини кучайтиришга, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ва йирик ижтимоий аҳамиятга молик қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнида кенг аҳоли қатламлари манфаатларини ҳисобга олишга хизмат қилади.

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди

 

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati