O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Бағрикенглик ва инсонпарварлик ифодаси

15.11.2014

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида жамият иқтисодий негизларини янада мустаҳкамлаш, бозор муносабатларини изчил ривожлантириш, ислоҳотларнинг бугунги талабларидан келиб чиқиб, қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Мухбиримиз билан мулоқот қилган сенаторларнинг таъкидлашича, парламент юқори палатаси мажлисида кўриб чиқилган қонунлар, дастурлар ва бошқа ҳужжатлар мазмун-моҳиятига кўра, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли янгиланишларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Э. РЎЗМЕТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:
— Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги масала мамлакатимизда рўёбга чиқарилаётган инсонпарварлик ва бағрикенглик, миллий қадриятларга ҳурмат сиёсатининг яққол ифодасидир. Зотан, билиб-билмасдан жиноят йўлига кириб қолганларни кечириш, уларга инсонпарварлик актини қўллаш бундай шахснинг ҳар қандай қилмиш учун жазонинг муқаррарлигини англаб етишида жуда муҳимдир. Умуман, юртимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари моҳиятига ҳам айнан мазкур ғоя сингдирилган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, амнистия акти қадимдан амал қилиб келинаётган қадриятларни, қолаверса, кишилар эъзозлайдиган бағрикенглик, мурувват ва инсонпарварлик каби олий фазилатларнинг нозик қирраларини ўзида мужассамлаштирган.

Е. БОРИСОВА,
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директорининг ўринбосари, сенатор:
— Ўзбек халқи азалдан аёлни, онани эъзозлаб, улуғлаб келган. Бу одамларимизнинг қон-қонига сингиб, миллий қадрият даражасига кўтарилган. Эътиборлиси, мазкур қадрият давлатимиз сиёсатининг негизига айланди. Ўзбекистонда Президентимиз бошчилигида аёлларимизга мислсиз эҳтиром ва ҳурмат кўрсатилиб, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг иқтисодий соҳада, тадбиркорлик, фан ва техника тараққиёти ҳамда давлат қурилишидаги нуфузини ошириш каби масалалар доимо эътиборда турибди. Бинобарин, оилада, фарзанд тарбиясида аёлнинг ўрни катта. Баъзи билиб-билмай қилган хатолари, ҳаётда адашганликлари туфайли жиноят содир этиб, жазо муддатини ўтаётган хотин-қизларимиз ортида оиласи, фарзандлари ва яқинларининг тақдири турибди. Шу сабабли Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарори хотин-қизларимизга жамият эътиборини қаратишда, адашганларга эса яна бир имконият берилишида айни муддао бўлди. Биз, албатта, жойларда амнистия актининг аҳамияти, давлатимизнинг ғамхўрлиги ҳақида кенг тушунтириш ишларини олиб борамиз.

П. АРАББОЕВА,
Пахтаобод туманидаги “Юқори” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, сенатор:
— Бағрикенглик, кечиримлилик улуғ аждодларимиздан мерос фазилат. Шу маънода айтганда, амнистия актини минглаб одамлар, фарзандлар, оилалар интиқиб кутмоқда. Айни сабабли ушбу ҳужжатнинг амалда қўлланилиши самарадорлигини, очиқ ва ошкоралигини таъминлаш жуда муҳимдир. Мазкур амнистиянинг ижроси, айниқса, сенаторлардан катта масъулият талаб қилади. Яъни биз бевосита халқ билан мулоқотда бўлиб, унинг мазмун-моҳиятини тўғри етказишда фаоллик кўрсатишимиз зарур. Ялпи мажлисда алоҳида урғу берилганидек, амнистия актини қўллашда жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкораликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу ишга мутасадди идоралар билан бир қаторда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам фаол жалб этилади. Шу билан бирга, амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод қилинган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига оид чораларни амалда рўёбга чиқариш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Д. СИДИКОВ,
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор:
— Бугун Ўзбекистон жамият ҳаётининг барча жабҳаларида улкан марраларни қўлга киритиб, ўзининг стратегик мақсади — демократик ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олиш сари дадил қадам ташламоқда. Энг муҳими, бу муваффақиятлар халқаро ҳамжамият, нуфузли экспертлар, илмий тадқиқот институтлари эътирофига сазовор бўлаяпти. Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар ана шу натижалар асосининг яққол намойиши, десак, муболаға эмас. Негаки, мамлакатимизнинг келгуси йил учун бюджет-солиқ сиёсати ва иш ўринлари ташкил қилиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш параметрларига доир масалалар Ўзбекистонда кечаётган иқтисодий янгиланишлар, ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, жойларда, айниқса, қишлоқларда аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилганлиги билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Биргина сўнгги йиллардаги анъанага содиқ қолган ҳолда Давлат бюджети харажатларида ижтимоий соҳага асосий урғу берилгани фуқароларнинг Конституциямизда белгилаб қўйилган иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.

Қобил ХИДИРОВ
Халқ сўзи газетаси

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati