O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Иқтисодиётнинг муҳим йўналиши

15.10.2014

Сенатор Раҳимахон ҚЎРҒОНОВАПрезидентимиз БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши 99-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида туризм қадим замонлардан бошлаб сайёрамиз халқлари ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилгани, одамлар янги ўлкаларни кашф этиш, дунёни кўриш ва билиш, савдо-сотиқни ривожлантириш, маданий ва дипломатик алоқаларни ўрнатиш мақсадида саёҳатга чиққанларини, савдо  карвонлари йўллари кесишган Марказий Осиё минтақаси бу жараёнда муҳим ўрин тутганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, юртимизда мустақилликнинг илк  йиллариданоқ миллий иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидан бири бўлган ҳамда халқимиз ноёб маънавий бойлиги ва тарихий меросини тарғиб қилиш воситаси ҳисобланган сайёҳлик тармоғини ривожлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда. Чунончи, ўтган даврда Ўзбекистонда жаҳон андозаларига мос меҳмонхоналар сони, транспорт ва сервис хизматлари кўрсатиш ҳажми ва сифати даражаси ошди. Сайёҳликнинг экотуризм, геотуризм, экстремал, тиббий ва маданий йўналишлари, автомобилда саёҳат қилиш, альпинизм каби кўплаб замонавий турлари ўзлаштирилмоқда. Янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилиб, халқаро ва маҳаллий аэропортлар, транспорт коммуникациялари барпо этилаяпти.

Албатта, буларнинг барчаси диёримизга келаётган хорижлик сайёҳлар сонининг йилдан-йилга ошиб боришига хизмат қилаётир. Буни 2013 йилда юртимизга дунёнинг турли жойларидан икки миллиондан зиёд сайёҳ ташриф буюргани, ўтган икки йил мобайнида эса мазкур кўрсаткич 43 фоиз ўсгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шу ўринда туризм соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, туристик хизматлар бозорини ривожлантириш, шунингдек, туристлар ва туристик фаолият субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилиб, тобора такомиллаштириб борилаётганини қайд этиш жоиз. Чунончи, “Туризм тўғрисида”ги Қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, уларнинг ижросини таъминлаш доимий эътибордаги масалалардан бири бўлиб келаётгани фикримиз тасдиғидир.

Мазкур анжуман, шак-шубҳасиз, жаҳон сайёҳлик бозорининг бугунги аҳволи ва истиқболлари хусусида тажриба алмашиш, бу борадаги янги тенденциялар, долзарб сайёҳлик муаммоларини муҳокама қилиш, ушбу фаолиятни янада ривожлантириш билан боғлиқ омилларни дунё аҳли билан биргаликда излаш, ҳамкорликнинг самарали шаклларини жорий қилишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Шу нуқтаи назардан, халқаро анжуманда Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик салоҳияти эътироф этилди. Албатта, буни унинг турли даврларда бунёд этилган меъморчилик, тарихий ва табиий ёдгорликлар, экотуризм билан боғлиқ бетакрор гўзал ландшафтлар, хилма-хил ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси мавжудлигида кўриш мумкин. 

Зеро, бугун Ўзбекистонга ташриф буюраётган кўплаб сайёҳлар юртимизнинг ўзига хос жиҳатлари, қадриятлари, тарихий обидалари, флора ва фаунасини кўришга қизиқиш билдиришмоқда. Бундан англашиладики, айни пайтда жабҳадаги тармоқлар, айниқса, экологик туризмни тараққий эттириш, ушбу тармоқнинг ҳуқуқий-ташкилий шарт-шароитларини янада яхшилаш, уни мустақил соҳа сифатида жадал ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни давр тақозо этаётир.

Шу маънода, халқаро анжуманда ҳудудларимизнинг сўлим ва гўзал гўшалари, тоғ ёнбағридаги экологик тоза масканларидан фойдаланган ҳолда, “Буюк Ипак йўли” брендини кенг жорий этиш каби лойиҳаларни амалга ошириш, бунда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан ҳамкорлигимиз самарали қўл келиши алоҳида қайд этилди. Дарҳақиқат, бу юртимизнинг сайёҳлик нуфузи ва салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бинобарин, экологик туризм нафақат табиатни муҳофаза этиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шу билан бирга, атроф-муҳитни асраб-авайлашни тарғиб қилишнинг самарали воситаси сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Раҳимахон ҚЎРҒОНОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati