O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

14.11.2014

2014 йил 14 ноябрда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Сенаторлар ялпи мажлиснинг иккинчи кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ парламент юқори палатасига киритилган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги масалани кўриб чиқишдан бошладилар.

Ушбу масалани кўриб чиқиш асносида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигинининг 22 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги ҳужжатнинг қабул қилинишини инсон ҳуқуқлари ва унинг манфаатлари олий қадрият бўлган, амалга оширилаётган демократик, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этадиган давлатимиз инсонпарварлигининг яна бир ёрқин кўриниши эканлигини кўрсатиб ўтдилар. Ушбу масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Олий Мажлис Сенатининг қарорида қуйидаги маҳкумларни: аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлатлар фуқаролари, шунингдек, бир қатор бошқа тоифадаги шахсларни жазодан озод қилиш (назарда тутилган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда) кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, қарорда амнистия тўғрисидаги қарор татбиқ этилмайдиган шахсларнинг тоифалари ҳам назарда тутилган.

Сенат ўз қарори билан «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қарорини қўлланиш тартибини белгилади. Ушбу тартибда жиноий жавобгарликдан ва жазодан амнистия ҳужжатига мувофиқ озод қилинадиган шахслар хусусидаги ишлар ва материалларни судда кўриб чиқиш тартиб-таомили белгиланмоқда. Бунда амнистия актининг қўлланилиши устидан жамоатчилик назоратини ва қарорни қўлланиш тартиб-таомилларининг очиқ-ошкоралигини таъминлашда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакиллари фаол иштирок этиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, жазодан озод қилинган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига оид чораларни амалда рўёбга чиқариш, улар тўлиқ ҳисобга олиниши ва ишга жойлаштирилишини таъминлаш, ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштириш, вояга етмаганларни ота-оналарининг, васийлик ва ҳомийлик органларининг назоратига топшириш, зарур ҳолларда уларни тегишли таълим муассасаларига юборишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш ҳам назарда тутилмоқда.

Шундан кейин сенаторлар, «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Сенаторлар ушбу қонун 2015 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг концепциясини самарали амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларини рўёбга чиқариш учун зарур ҳуқуқий шароитлар яратилишини, шунингдек, солиқ солиш соҳасида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлашини таъкидладилар.

Қонун билан «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунларга, Солиқ кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда, сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун умуман олганда, хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли учун солиқ юкини янада камайтиришга, солиқ солиш тизимини соддалаштиришга, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга ҳамда солиқ маъмуриятини такомиллаштиришга қаратилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқиш вақтида сенаторлар ушбу қонуннинг асосий қоидалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларига, 2014 йил 15 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2013 йил 12 декабрдаги «Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ тайёрланганлигини кўрсатиб ўтдилар.

Ушбу қонун билан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, жумладан, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Табиий монополиялар тўғрисида»ги, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги, «Банкротлик тўғрисида»ги, «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги қонунларга, Солиқ кодексига, Ҳаво кодексига, Жиноят кодексига, Фуқаролик-процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва бошқаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун ҳужжатларига киритилаётган тузатишлар инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шароитлар яратишга, фуқаролик суд ишларини юритиш самарадорлигини оширишга ва бошқаларга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатлари доирасига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Сенатнинг икки кунлик мажлисида 10 та масала, шу жумладан, демократик ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил чуқурлаштириб боришга ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган 5 та қонун кўриб чиқилди, уларнинг рўёбга чиқарилиши аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, мамлакатимизда барқарорлик ва фаровонликнинг қудратли омили бўлади.

Шу билан Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини тугаллади.

Content on this page requires a newer version of Adobe Flash Player.

Get Adobe Flash player


Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Матбуот хизмати
 

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati