O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Изчил ислоҳотлар — обод турмуш кафолати

13.11.2014

Тошкентда Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, фуқаролар турмуш даражасини янада яхшилаш, аҳолининг кенг қатлами ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини муҳофаза этишга қаратилган кўплаб долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.

Мухбиримиз Сенат ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида сенаторлар билан суҳбатлашди.

Х. АЛИМОВА,
Жиззах вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази бош шифокори, сенатор:
— Сенат ялпи мажлисига киритилган масалалар мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг бугунги босқичида долзарб аҳамиятга эгадир. Шу маънода, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари сенаторлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди. Қайд этиш жоиз, жаҳонда молиявий-иқтисодий инқироз ҳали-ҳамон кузатилаётган бир шароитда юртимизда молиявий барқарорликни таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, экспорт ўсишининг мувозанатлаштирилган кўрсаткичларини сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар тизимли равишда, босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
2015 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар, мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб шакллантирилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

И. КАРАТАЕВ,
Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги “Қоратой Мирзаев” фермер хўжалиги раҳбари, сенатор:
— Солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамасида 2015 йилда солиқ сиёсати ўтган йиллардаги сингари хўжалик юритувчи субъектларга ва аҳолига солиқ юкини янада камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлаш ва солиқ маъмурчилиги чораларини кучайтиришга қаратилганига эътибор берилди. Чунончи, унда хўжалик юритувчи субъектлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва меҳнатни рағбатлантириш мақсадида фойда солиғининг базавий ставкасини пасайтириш таклиф қилинмоқда. Бу хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида қўшимча 89,4 млрд. сўм қолдириш имконини туғдиради.
Бундан ташқари, ёшларнинг, энг аввало, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида микрофирмалар ҳамда кичик корхоналар мазкур таълим муассасаларини битириб чиққанларни ишга қабул қилган тақдирда, уларда ишлайдиган ходимларнинг энг кўп сонини 50 фоизгача ошириш, шунингдек, касб-ҳунар коллежларини битириб чиққанларни таълим олиш тугаган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод қилиш назарда тутилмоқда.

Д. ЭСОНБАЕВА,
Наманган вилояти Учқўрғон педагогика коллежи директори, сенатор:
— Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашда янги иш ўринлари яратиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида фуқаролар меҳнат ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланган. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда ҳар йили иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурлари қабул қилиб келинмоқда. Ялпи мажлис кун тартибидаги 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури сенаторлар томонидан муфассал кўриб чиқилди.
Мазкур Дастурда 2015 йилда иш ўринлари ташкил қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш чоралари белгиланган. Хусусан, кейинги йилда 487,7 минг нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчиси бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, янги иш ўринларини саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида, янги объектларни ишга тушириш ва мавжудларини кенгайтириш дастурларини амалга ошириш ҳисобига, шу билан бирга, тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратиш, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш, касаначиликни ташкил этиш, фермер хўжаликларини янада ривожлантириш ҳамда ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига яратиш мўлжалланаяпти. Умуман айтганда, мазкур ҳужжатда белгиланган чора-тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши аҳоли даромадларини ошириш, уларнинг ҳаёт даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Х. ИБРАИМОВ,
Навоий давлат педагогика институти ректори, сенатор:
— Сенат ялпи мажлисида мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга уйғун қатор масалалар кўриб чиқилди. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун сенаторлар ўртасида қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Зеро, мустақилликнинг илк йилларидан фуқаролар мурожаати институти аҳоли ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг самарали механизмларидан бирига айланиб, ўзига хос кўприк вазифасини бажариб келмоқда. Айнан ушбу механизм фуқароларнинг давлат бошқаруви ишларидаги фаол иштирокига муҳим замин яратмоқда. Умуман, фуқароларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаат қилишига доир конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш учун барча имконият мавжуд. Эндиликда давлат билан муносабатларнинг бундай самарали механизмлари юридик шахсларга ҳам татбиқ қилинади.

С. БАРАТОВА,
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиника мудири, сенатор:
— Сир эмас, мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик янгилаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишда инвестиция фаолиятининг аҳамияти жуда катта. Қонунчиликда инвестиция фаолиятини ривожлантириш учун жуда кўплаб имтиёз, преференциялар, шунингдек, ҳуқуқий ҳимоя ва кафолатлар белгиланган. Сенаторлар томонидан маъқулланган янги таҳрирдаги “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонун бу борада янги имкониятлар яратиши билан диққатга сазовор. Ушбу ҳужжат инвестиция соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш, мазкур фаолиятнинг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлаш, шу билан бирга, мамлакатимиз иқтисодиётига инвестициялар жалб қилинишини рағбатлантиришга йўналтирилгани билан алоҳида аҳамиятга моликдир.

 

Қобил ХИДИРОВ
Халқ сўзи газетаси

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati