O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Аҳоли бандлигини таъминлаш кафолати

11.11.2014

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, замонавий, рақобатбардош ва диверсификация қилинган бозор иқтисодиётини шакллантиришга йўналтирилган, республикамизда қабул қилинган ислоҳ этиш ҳамда ривожлантириш стратегияси изчил амалга оширилишининг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини мустаҳкамлайдиган, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир бир қатор масалалар кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Улардан бири 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастуридир. Мухбиримиз мазкур дастурнинг асосий жиҳатлари ҳақида Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси Суюн АБДИЕВ билан суҳбатлашди.

— 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури туман ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари, барча даражадаги ҳокимликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг бевосита иштирокида ишлаб чиқилган — деди сенатор. — Дастур демографик омилларни ҳамда иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари салоҳиятини ишга солиш, тадбиркорликнинг самарали шаклларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича комплекс ҳамда ўзаро боғлиқ вазифаларни амалга оширишни ўзида мужассам этади.

Келаси йилда иш ўринлари ташкил қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг прогноз кўрсаткичлари ҳудудларда хизматлар, сервис ҳамда индустриал тармоқларни ривожлантириш, қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва пудрат қурилиш ишларини кенг амалга ошириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш дастурларининг ҳаётга татбиқ этилишини инобатга олган ҳолда, бандликнинг ҳудудий ҳамда тармоқ тузилмасини такомиллаштиришга, меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талаб ва таклифнинг мувозанатлилигини таъминлашга қаратилган.

— Дастурнинг асосий кўрсаткичлари ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

— Мазкур ҳужжат доирасида келгуси йилда ҳудудлар ҳамда йўналишлар бўйича жами 987,5 минг нафар кишининг ишга жойлаштирилишига кўмаклашиш кўзда тутилмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, дастурда таълим муассасалари битирувчиларини, аёллар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож бошқа тоифалари бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг кредит ҳамда моддий хом ашё ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари, истеъмол бозорида катта талабга эга ишлаб чиқаришни рағбатлантириш дастурларига мувофиқ, кичик бизнеснинг ролини янада ошириш, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш орқали янги иш ўринларини ташкил қилиш назарда тутилмоқда. 2015 йилда қишлоқда, айниқса, тайёр маҳсулотни қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш натижасида 127,5 мингдан зиёд кишининг бандлигини таъминлаш мўлжалланмоқда. Шу билан бирга, келгуси йилда 487,7 минг нафар касб-ҳунар коллежи битирувчиси меҳнат бозорига чиқишини инобатга олиб, дастурда бўш турган ҳамда захираланган иш ўринлари ҳисобига уларни ишга жойлаштириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган.

— Дастурни ялпи мажлис муҳокамасига олиб чиқиш борасида қандай ишлар амалга оширилди?

— Аҳоли бандлиги масаласи бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари бевосита жалб қилинган ҳолда, дастурнинг ҳар бир йўналиши чуқур таҳлил этилди. Қолаверса, ҳужжатнинг ҳудудлар кесимида амалга оширилиши механизмларига ҳам катта эътибор қаратилди. 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, айниқса, маҳаллий вакиллик органларида унинг ижроси устидан депутатлик назоратини олиб бориш, дастурни амалга оширишда барча ташкилотлар масъулиятини кучайтириш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Хулоса ўрнида айтганда, дастур аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда халқимиз фаровонлигини юксалтиришга ва даромадлари ошишига хизмат қилади.

Қобил ХИДИРОВ
суҳбатлашди.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati