O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

11.04.2014

Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси2014 йил 10 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси очилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.

Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан парламент муҳокамасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Ушбу Қонун давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали мажлисидаги мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб берган маърузасида баён этилган қоидалар ва ғояларга мувофиқ тайёрланган ва қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар ҳокимият ва бошқарув тизимини янада демократлаштириш, “Кучли давлатдан – кучли фукаролик жамияти сари” принципи босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини, ички ва ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини рўёбга чиқаришдаги ҳуқуқлари ҳамда ваколатларини кенгайтириш, қонун чиқарувчи олий орган, ҳокимият вакиллик органларининг Вазирлар Маҳкамаси ва ижро этувчи органлар фаолияти устидан назорат қилиш, шунингдек, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш учун ҳукуматнинг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини ошириш мақсадида киритилмоқда.

Сенаторлар ушбу Қонун қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимиятларининг бўлинишидан иборат конституциявий принципни амалга оширишнинг муҳим омили бўлишини алоҳида қайд этдилар.

Қонун “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” деб номланган мамлакатимиз тараққиётининг бош принципини амалга оширишни бундан буён ҳам давом эттириш, мамлакатимиз Конституциясида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда демократиянинг бошқа умумэътироф этилган қадриятлари ва нормаларининг ишончли ҳимоясини таъминлайдиган сиёсий тузилмани шакллантиришда улкан аҳамиятга эга.

Асосий Қонунга парламент назорати институти киритилмоқда.

Бош вазир лавозимига номзод парламентда унинг номзоди кўриб чиқилаётган ва тасдиқланаётган пайтда ҳукуматнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этиши ҳақидаги норманинг Конституцияга киритилиши демократик жамиятнинг энг муҳим таркибий қисми бўлган парламентаризм, кўппартиявийлик тизими ва партиялараро рақобат, фракциялараро курашни янада мустаҳкамлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади. Қонунда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига доир энг муҳим масалалар юзасидан ҳукуматнинг ҳар йили ўз маърузаларини парламентга тақдим этиш мажбурияти ҳам назарда тутилмоқда.

Сенаторлар Конституциянинг 98-моддасида Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари ва ҳуқуқларини аниқлаштиришни ва кенгайтиришни назарда тутадиган нормаларнинг мустаҳкамлаб қўйилиши муҳимлигини таъкидладилар.

Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисиХусусан, Вазирлар Маҳкамасининг зиммасига самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий сиёсатни, пул-кредит сиёсатини амалга ошириш, илм-фан, маданият, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун масъулият юклатилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, қонунда белгиланган тартибда уларнинг фаолияти назорат қилинишини таъминлайди. Сенаторлар таъкидлаганларидек, Ўзбекистонни сиёсий ва конституциявий ривожлантириш мантиғининг ўзи Вазирлар Маҳкамасининг мустақиллиги ва масъулиятини таъминлашга қаратилган ушбу қоидаларни тақозо этмоқда.

Конституциянинг 32-моддасига киритилаётган тузатишлар ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ғоят муҳим вазифаларни ҳал қилишда фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини анча кучайтиради. Ушбу модданинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарза ташкил этиш орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлигини белгилаб берадиган нормаси бу ҳуқуқ давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан ҳам амалга оширилиши ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мустақиллигини ва айни вақтда вакиллик органи олдидаги масъулиятини кучайтириш мақсадида Конституциянинг 103-моддаси вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиш мажбуриятини белгилайдиган норма билан тўлдирилмоқда. Ушбу ҳисоботлар бўйича халқ депутатлари Кенгашлари тегишли қарорлар қабул қилади.

Сенаторлар Конституциянинг 117-моддасига киритилаётган тузатишлар алоҳида аҳамиятга эгалигини ҳам кўрсатиб ўтдилар. Бу тузатишлар парламент томонидан тузиладиган мустақил конституциявий орган сифатидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш, унинг ишлаши ва мақомининг конституциявий асосларини мустаҳкамлаб қўйди. Конституцияда Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, одилликдан иборат асосий принциплари мустаҳкамланмоқда. Буларнинг барчаси сайлов тизимини янада демократлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўзга чиққан сенаторлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Қонуннинг қоидалари чет эллик сиёсий арбоблар ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланаётганлигини, улар бу янгиликлар энг демократик талабларга ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мослигини таъкидлаётганликларини кўрсатиб ўтдилар.

Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Ушбу Қонунга мувофиқ амалдаги қонун ҳужжатларининг нормалари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилган тузатишларга мувофиқлаштирилди.

Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисиЮқоридаги қонунларни муҳокама қилиш жараёнида сенаторлар қайд этганларидек, уларнинг қабул қилиниши, шунингдек, Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни изчил рўёбга чиқариш мамлакатнинг барқарорлиги ва унинг ривожланишини таъминлашдаги ҳал қилувчи омил бўлади. Шу билан бир қаторда, давлатимиз раҳбарининг мамлакатни янада демократлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги ташаббусларини амалга ошириш муҳим халқаро аҳамиятга эга.

Сенаторлар халқаро вазият нуқтаи назаридан келиб чиқиб, бутун жаҳон ҳамжамияти қатори Ўзбекистон ҳам Украина ва унинг атрофидаги вазиятдан ташвишланмаслиги мумкин эмаслигини таъкидладилар. Сенаторлар ушбу масала бўйича Ташқи ишлар вазирлигининг шу йил 4 ва 24 мартдаги баёнотларида билдирилган позицияни қўллаб-қувватлаб, Украинада юз бераётган воқеалар вазиятнинг жиддий мураккаблашувига ҳамда қарама-қаршиликка олиб келгани баробарида, улар тангликнинг янада кучайишини, олдиндан айтиш мушкул бўлган оқибатларни келтириб чиқариши, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф солиши мумкинлиги Ўзбекистонда чуқур хавотир ва ташвиш уйғотмаслиги мумкин эмаслигини қайд этдилар.

Сенаторлар юзага келган вазиятнинг бартараф этилишини, энг аввало, куч ишлатишлар қўлланилишидан воз кечилган ҳолда, вужудга келган муаммолар тинч йўл билан, сиёсий воситалар ва саъй-ҳаракатлардан фойдаланилган тарзда, халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёрларига ҳамда БМТ Низомига асосланган ҳолда, музокаралар йўли билан ҳал этилишида кўрилади, деган фикрни билдирдилар.

Сенаторлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини ижро этиш юзасидан тайёрланган "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштиришга, улар фаолиятининг шаффофлигини, очиқлигини таъминлашга, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган қарорлар сифати учун жавобгарлигини оширишга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин сенаторлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини янги таҳрирда кўриб чиқдилар.

Қонун корпоратив бошқарув ва назорат органларининг ваколатларини, ҳуқуқлари ва масъулиятини янада аниқ белгилаб қўйишга, бозор муносабатларини қўлланиш амалиётини ҳамда уларни ривожлантиришнинг янги реал воқеликларини ҳисобга олган ҳолда акциядорлик жамиятлари кузатув кенгашлари, умумий йиғилишлари ва тафтиш комиссияларининг ролини ҳамда аҳамиятини оширишга, акциядорлик компаниялари фаолиятининг шаффофлигини ва ҳамма акциядорлар ва потенциал инвесторлар учун акциядорлик жамиятлари фаолиятига доир ахборотдан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилганлиги қайд этилди.

Сенаторларнинг фикрича, Қонун бозор ислоҳотларини янада демократлаштиришга ҳамда акциядорлик жамиятларининг фаолиятини либераллаштиришга, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштиришга, ўрта мулкдорлар синфининг иқтисодиётдаги аҳамиятини ва иштирокини оширишга, молия бозорида рақобатни янада чуқурлаштиришга, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга ёрдам беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар. Ялпи мажлисда ушбу Қонун ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришга, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ўзаро ҳамкорлигининг самарадорлигини оширишга, уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилишини, кўрилаётган чораларнинг тизимлилигини ва батартиблигини таъминлашга, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалаларини тартибга соладиган кўп сонли ҳуқуқий нормаларни бирхиллаштиришга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Парламент юқори палатаси вакилларининг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида яхлит норматив-ҳуқуқий база шакллантирилишини таъминлаш имконини беради, жойларда ҳуқуқ-тартиботни янада мустаҳкамлашга, жамоат тартиби сақланишини, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайдиган самарали, кўп босқичли профилактика тизимини яратишга ёрдам беради.

Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 ноябрдаги “Судларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва 2012 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармойиши қоидаларини амалга ошириш доирасида тайёрланган янги таҳрирдаги Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Мажлисда қайд этилганидек, ушбу Низомнинг нормалари судьялар лавозимларига номзодларни танлаш, тайёрлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари тизимини, барча даражалардаги судьяларнинг малака коллегиялари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштиришга, суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга қаратилган.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар. Қонуннинг асосий мақсади ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий соҳалардаги ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат.

Қонун билан бир қатор қонунларга: “Нотариат тўғрисида”ги, “Алоқа тўғрисида”ги, “Суд ҳужжатларини ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги, “Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунларга, Жиноят, Фуқаролик кодексларига, бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиб, тасдиқладилар. Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши устидан парламент назоратини чуқурлаштириш чораларини амалга оширишга, бу соҳадаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилишига ёрдам беришга қаратилганлиги қайд этилди.

Ҳуқуқий маданиятни ошириш ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, улар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмини такомиллаштириш бўйича қатор тадбирлар рўёбга чиқарилди.

Омбудсман томонидан фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилаётганлиги тўғрисидаги шикоятлари ва мурожаатларини кўриб чиқишга, бу ҳуқуқ ва эркинликларни тиклаш бўйича қонуний чоралар кўришга алоҳида эътибор берилди. Сўнгги вақтларда мурожаатларни электрон почта орқали қабул қилиш амалиёти кенгайиб бормоқда. Шу билан бир қаторда аҳоли ўртасида мурожаатларнинг бошқа шакли – Омбудсман ва унинг Котибияти ходимларининг шахсий қабули ҳам кенг амал қилмоқда.

Муҳокама асносида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор истак ва тавсияларни баён этдилар.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн тўртинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati