O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ПАРЛАМЕНТ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

10.12.2014

Шу йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Европа иттифоқи Комиссиясининг DСI дастури доирасида “Ўзбекистонда икки палатали парламент тизимини янада мустаҳкамлаш ва минтақавий Кенгашлар билан алоқаларни ривожлантириш” лойиҳаси Бошқарувчи қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда ЕИ парламент лойиҳасининг асосий босқичидаги тадбирларни рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилди, лойиҳани узайтириш давридаги ишнинг асосий йўналишлари тақдим этилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари, Сенат Девони ходимлари, Европа иттифоқи делегацияси бошлиғи ҳамда ушбу лойиҳа менежерлари, мутахассислар ва таклиф этилган меҳмонлар қатнашдилар.

Бошқарувчи қўмита мажлисини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари М.А.Раджабова ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг раҳбари А.К.Эркахўжаев, шунингдек Европа иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси бошлиғи, элчи Ю.Штерк табрик сўзи билан очдилар.

Лойиҳанинг амалиёт босқичи 2013 йил июнь ойидан 2014 йил 14 ноябрга қадар амалга оширилганлиги қайд этилди. Бир қатор асосий вазифалар рўёбга чиқарилганлиги туфайли муҳим натижалар қўлга киритилган бўлиб, бир қатор қонун лойиҳалари устида олиб борилган таҳлилий иш, ягона парламент тармоғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида электрон кутубхоналар яратилганлиги, Қонунчилик палатасидаги электрон кутубхона ривожлантирилганлиги, шунингдек электрон парламент тезаурус (парламентга оид атамалар маълумотномаси) ишлаб чиқилганлиги шулар жумласидандир. Барча халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан масофадан туриб ўзаро ҳамкорлик қилиш тизими яратилганлиги, парламент палаталарида ахборот киоскалари ўрнатилганлиги, шунингдек парламент аъзолари учун турли амалий қўлланмалар тайёрланганлиги муҳим ютуқлар бўлди.

Асосий вазифаларни тўла-тўкис рўёбга чиқариш ҳамда кутилаётган барча натижаларни қўлга киритиш учун Бошқарувчи қўмитанинг олдинги мажлисида ЕИ лойиҳасининг ЕИ билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги Молиявий битимининг амал қилиш муддатини 1 йилга узайтириш мақсадга мувофиқлиги ҳақида қарор қабул қилинган эди.

Узайтирилган давр мобайнида парламент палаталари порталларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, уларни бўлажак кичик тизимлар, чунончи электрон ҳужжатлар айланиши (қонунчилик жараёни сегменти), электрон архивлар, “Қонун” ахборот-қидирув тизими сингари кичик тизимлар билан интеграциялаш мўлжалланмоқда.

Лойиҳа раҳбарлари ва ходимларининг чиқишларида лойиҳанинг узайтирилган даврида парламентнинг устувор талабларини бажариш ҳамда лойиҳа натижаларнинг барқарорлигига эришиш, шунингдек Ўзбекистон парламенти палаталарининг электрон порталларини жорий этиш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг янги имкониятларини ишга солиш масалалари муҳимлиги таъкидланди.

Мажлисда юқори палатада ташкил этилган янги ахборот тизимининг тақдимоти бўлиб ўтди ва уни парламент палаталари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ўртасида электрон форматда узлуксиз ва самарали ҳамкорликни таъминлайдиган ягона парламент тармоғи билан интеграциялаш намойиш қилинди.

Мажлис қатнашчилари лойиҳа мақсадларига эришиш парламентни ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини модернизациялашга, халқ вакилларининг электорат билан алоқа боғлаш шакллари ва усуллари ошкоралигини ҳамда уларни такомиллаштиришни таъминлашга қўшилган муҳим ҳисса бўлишини, шунингдек Ўзбекистонда икки палатали парламент тизимини янада мустаҳкамлашга ёрдам бер ишини кўрсатиб ўтдилар.

Бошқарувчи қўмита мажлисининг кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича мажлис қатнашчилари тегишли қарорлар қабул қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati