O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Латвия делегацияси Ўзбекистонда

10.10.2014

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 9 октябрь куни Латвия Республикаси Сеймининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси раиси Оярс Эрикс Калниньш раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Латвия ўртасидаги ҳамкорлик парламентаризм соҳасида ҳам изчил ривожланаётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил октябрь ойида Латвияга давлат ташрифи ҳамда Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг шу йил май ойида мамлакатимизга расмий ташрифи изчил тараққий этаётган ўзаро алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.
Бугунги кунда Ўзбекистон билан Латвия ўртасидаги муносабатлар кўплаб йўналишлар қатори қонун ижодкорлиги соҳасида ҳам изчил равнақ топмоқда. 
2010 йилда Латвия Сеймида таъсис этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ, 2012 йилда Ўзбекистон парламентида ташкил қилинган Латвия Сейми билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ мамлакатларимиз ўртасида парламентаризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Учрашувда икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Музокарада меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. 
— Латвия Ўзбекистонни минтақадаги муҳим мамлакат, ишончли ҳамкор, деб билади, — деди О. Калниньш. — Латвия билан Ўзбекистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Мазкур учрашув Латвия билан Ўзбекистон ўртасида парламентаризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашиш учун қулай имконият бўлди.
Латвия делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлигида ҳам учрашувлар ўтказди. 


И. УМАРОВА,
ЎзА мухбири

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati