O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқлари кафолати

09.04.2014

Маълумки, мазкур ҳуқуқий ҳужжат давлатимиз раҳбари томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган эди.

Шуни қайд этиш керакки, ушбу Қонун Ўзбекистонда демократлаштиришни янада чуқурлаштириш ва жамиятни янгилаш, фуқаролик институтларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш йўлидаги ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Пировардида юртимизда фуқароларнинг давлат ҳамда жамият ишларини бошқаришда иштирок этиши, ахборот олиш эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш учун янада қулай шарт-шароитлар шакллантирилади, ҳуқуқий асос изчил такомиллаштирилади.
Таъкидлаш лозимки, ушбу Қонуннинг ўзига хослиги унинг ишлаб чиқилишидан бошлаб яққол намоён бўлди. Чунки Президентимиз Фармойиши асосида 2013 йилда Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари негизида унинг нормаларини қонун лойиҳаси босқичидаёқ синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ташкил этилди.
Республикамиз қонун ижодкорлиги тарихида илк маротаба ўтказилган мазкур тажрибадан кўзланган мақсад қонун лойиҳаси меъёрларини амалиётда қўллаш механизмларини ишлаб чиқиш эди. Сабаби, уни қабул қилишдан аввал янги ҳуқуқий ҳужжатнинг давлат органлари фаолияти, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар сиёсатининг очиқлиги, давлат органлари томонидан муҳим ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий масалаларга ечим топиш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишга доир вазифаларни рўёбга чиқариш йўлидаги фаолияти ҳақида аҳолини кенг хабардор қилиш, бу борада оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтларининг роли ҳамда аҳамиятини кучайтиришни қай даражада таъминлай олишини ҳар томонлама ўрганиш зарур эди.
Ҳуқуқий эксперимент қонун лойиҳаси моддаларини ҳаёт воқеликларидан келиб чиқиб сезиларли равишда маромига етказиш имконини берди. Якунда қонун ижодкорларига ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат тузилмалари, ОАВ вакиллари томонидан ҳуқуқий ҳужжатни такомиллаштиришга оид 700 та таклиф келиб тушиб, улар қонун лойиҳасида ўз ифодасини топди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан уч ўқишда таҳлил этилиб, ҳуқуқий эксперимент натижалари, унинг иштирокчилари ва экспертлар фикр-мулоҳазалари, ушбу соҳани ҳуқуқий тартибга солишга оид хориж тажрибаси, сиёсий партиялар фракциялари позициялари  батафсил кўриб чиқилди. 
Парламент юқори палатасида ушбу Қонунни навбатдаги ялпи мажлисда кўриб чиқиш учун хулоса тайёрлаш Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига топширилди. Ўз навбатида, экспертлар ва ҳуқуқшунослардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Уларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда мазкур Қонунга оид хулоса тайёрланди. Шундай қилиб, кўп қиррали қонун ижодкорлиги фаолияти ҳуқуқни қўллаш амалиётида синовдан ўтиб, ўз натижаларини берган ҳуқуқий ҳужжатни яратишда муҳим аҳамият касб этди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишини ҳамда улар фаолияти тўғрисида ахборот олишга бўлган ҳуқуқ кафолатларини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш тартибини белгилаш ушбу Қонуннинг асосий вазифаларидир. 
Унда давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборотдан барчанинг фойдаланиши мумкинлиги, ахборотнинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги, давлат идоралари фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги, бундай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий тамойиллари сифатида кўрсатиб ўтилган. Айни чоғда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этишда фуқароларнинг ўз шаъни ва қадр-қимматини тажовузлардан, ўз шахсий ҳаётига аралашувлардан ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя этиш белгилаб қўйилаётгани конституциявий нормаларга мос бўлиб, янада демократик ривожланиш жараёнлари талабларига тўлиқ жавоб беради.
Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг мазкур органлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатлари ҳам мустаҳкамлаб қўйилаётир. Қолаверса, унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари ўз ифодасини топган. Энг илғор халқаро тажрибага муштарак равишда ушбу Қонунда сўровни кўриб чиқиш муддатлари аниқ белгилаб қўйилган. Хусусан, ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши керак. Оммавий ахборот воситасининг бу каби сўрови эса кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилади.
Мазкур Қонуннинг кучга кириши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ишининг самарадорлигини янада ошириш, улар фаолияти шаффофлиги, очиқлигини таъминлаш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар сиёсати, ташқи ва ички сиёсат ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш учун янада қулай шароит яратади.

Фармон ТОШЕВ, 
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati