O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРИ ИШИНИНГ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

08.05.2014

Бутун мамлакатни ва хусусан унинг минтақаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг  энг муҳим устувор вазифаларини бажариш ҳар бир сенатордан, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг депутатидан юксак уюшқоқлик ва ташаббускорлик кўрсатиш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари ишининг самарадорлигини ошириш йўлларини доимо излашнигина эмас, шу билан бирга  ўз фаолиятининг қонунчилик асосини муфассал билишни ҳам талаб қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан ташкил этилиб, шу йил март – апрель ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятининг монторинги ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайлов бўйича қонун ҳужжатлари” мавзуидаги туркум семинар-тренинглар  ана шу ва бошқа масалаларга бағишланди.

Семинар-тренинглар ишида сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар Кенгашларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмиталарининг ҳамда халқ депутатлари  вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашлари доимий комиссияларининг раислари,  сиёсий партияларнинг депутатлар гуруҳлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳлар аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташкилий-назорат бўлимининг ҳамда вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари  ташкилий-назорат гуруҳларининг, сиёсий партияларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги кенгашларининг, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.

Семинар-тренинглар қатнашчиларига сенаторлар, депутатлар, мутахассислар, олимлар ва амалиётчиларнинг “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги “Амалга ошираётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти қуриш – ёруғ келажагимизнинг  асосий омилидир” номли маърузаси ҳамда Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи мажлисидаги нутқининг  аҳамияти тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг 2012 йил иккинчи ярмидаги ва 2013 йил ўтган давридаги фаолияти мониторинги натижалари тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайловини ташкил этиш ва ўтказишнинг қонунчилик асослари”, “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда сиёсий партияларнинг роли тўғрисида”ги ва бошқа масалалар юзасидан маъруза ва чиқишлари интерфаол шаклда таклиф қилинди.

Семинар-тренингларда қайд этилганидек, сўнгги йилларда жойларда депутатлар корпусининг фаоллиги ва ролини оширишда ижобий натижаларга эришишга муваффақ бўлинди, улар ишида сезиларли сифат ўзгаришлари юз берди. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда уларнинг  доимий комиссиялари томонидан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларига, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг регламентларига, халқ депутатлари  вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари тўғрисидаги низомларга, шунингдек бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш соҳасида, шунингдек иш ўринлари ташкил этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, кичик бизнесни ва оилавий тадбиркорликни  ривожлантириш  дастурларини ижро этиш, ўқувчи ёшларга таълим бериш ва уларни тарбиялаш, аҳолига тиббий  хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш ва бошқа масалаларда муайян ишлар қилинган.  Халқ вакилларининг  ўз қарорлари ижросини назорат қилиш борасидаги фаолияти  янада аниқ мақсадли, таъсирчан ва самарали бўлмоқда. Ушбу масалалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида янада танқидий руҳда  кўрилмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг  ҳисоботларини эшитиш давом эттирилмоқда, ҳудудларни мукаммал ривожлантиришнинг устувор йўналишларини  муҳокама қилишда сиёсий партияларнинг депутатлар гуруҳлари сезиларли даражада фаоллашди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган  устувор вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга  алоҳида эътибор берилди.

Семинар-тренингларнинг қатнашчилари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш борасидаги фаолиятида мавжуд бўлган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашдилар, фаолиятнинг таъсирчанлигини ва аниқлигини кучайтириш, ўзлари қабул қилган қарорларни амалга ошириш, депутатлар ва сенаторларнинг сўровларига ижро этувчи ҳокимият органларининг муносабат билдириши масалаларида талабчанликни ошириш ҳақида ўз мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati