O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Аҳоли фаровонлиги, ватан равнақи мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадидир

06.11.2014

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, юртимизда молиявий барқарорликни таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, экспорт ўсишининг мувозанатлаштирилган кўрсаткичларини сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, аҳоли фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ана шу мақсадга хизмат қилиши билан муҳим стратегик аҳамиятга эга. Зотан, жаҳонда ҳали-ҳануз молиявий инқироз кузатилаётган бир шароитда Ўзбекистонда иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, солиқ юкини камайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, мазкур ҳужжат иқтисодий сиёсатни ва солиқ-бюджет сиёсатини янада модернизациялаш, бозор ислоҳотларини ҳамда ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар, мақсадлар ва вазифалар асосида ишлаб чиқилган.

Йиғилишда солиқ сиёсати соҳасидаги асосий устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, бу, энг аввало, хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли учун солиқ юкини янада камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш ҳамда солиқ маъмуриятчилиги чора-тадбирларини кучайтиришда яққол намоён бўлмоқда.

— Мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти келгуси йилнинг солиқ-бюджет сиёсатида ҳам ўз ифодасини топмоқда, — деди қўмита аъзоси Қ. Тўйчиев. — Чунончи, унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар кўзда тутилмоқда. Масалан, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг базавий ставкасини 8 фоиздан 7,5 фоизга тушириш белгиланаяпти. Ходимларга тўланадиган иш ҳақи фондига тушадиган солиқ юкини камайтириш мақсадида ягона ижтимоий тўлов ставкасини микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек, фермер хўжаликлари учун 25 фоиздан 15 фоизгача, микрофирма ҳамда кичик корхоналар бўлмиш қурилиш ташкилотлари учун ягона солиқ тўлови ставкасини 6 фоиздан 5 фоизгача тушириш таклиф қилинмоқда. Микрофирмалар ва кичик корхоналар касб-ҳунар коллежларини битириб чиққанларни ишга қабул қилган тақдирда уларда ишлайдиган ходимларнинг энг кўп сонини 50 фоизгача ошириш, шунингдек, мазкур таълим муассасаларини битириб чиққанларни таълим олиш тугаган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод қилиш назарда тутилмоқда. Бу, сўзга чиққанлар эътироф этганидек, ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.

Мамлакатнинг асосий молиявий ҳужжатини муҳокама қилиш жараёнида сенаторлар томонидан ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга, шу жумладан, олий ўқув юртларининг ўқув-лаборатория биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашни молиялаштиришга, шунингдек, болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қилинадиган харажатларни кўпайтириш тамойили сақланиб қолаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, давлатга қарашли мактабгача таълим муассасаларини босқичма-босқич реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича 2015 — 2020 йиллар мобайнида ҳаётга татбиқ этиладиган дастур ишлаб чиқилаётганлигининг муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда ижтимоий соҳага қаратилган эътибор келгуси йилда ҳам изчил давом этиши алоҳида айтиб ўтилди. Бу эса истиқболда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини бажариш, жамият ҳаётининг ҳамма соҳаларида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда долзарб аҳамиятга эга.

Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati