O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Тижорат сирининг ҳуқуқий кафолатлари кучайтирилади

06.08.2014

Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Ялпи мажлис кун тартибига юртимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётини изчил ислоҳ қилиш ва либераллаштиришга қаратилган қатор қонунлар киритилган. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги (янги таҳрирда), “Тижорат сири тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ана шулар жумласидандир.

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Ҳамротош Шодиева  мухбиримизга тижорат сири институти, уни қонунчилик билан ҳимоялаш зарурати ҳамда “Тижорат сири тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берди. 

— Бугун мамлакатимизда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда ички бозорда янги брендларнинг пайдо бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган, — деди сенатор. — Бу эса, аввало, ишлаб чиқарувчилар ўртасида рақобатни ривожлантиришга, ишлаб чиқаришга янгиликларни жадал татбиқ этишга хизмат қилмоқда. Шак-шубҳасиз, ҳар бир компания ўз ишбилармонлик тажрибасига, ноёб ишланмалари ва воситалари жамламасига эга. Бундай ишланмалар, воситалар ҳақидаги маълумотлар ўз-ўзидан рақобатчиларнинг диққатини жалб қилади, табиийки, ўз манфаати йўлида бундай ахборотдан фойдаланишни истаганлар ҳам йўқ эмас. Албатта, бундай ахборот эгалари мазкур маълумотларнинг ошкор қилинмаслигига, бегоналарнинг улардан фойдаланишига йўл қўймасликка ҳаракат қилади, ахборотни ҳимоя қилиш бўйича барча қонуний чораларни кўради.

Шундан ҳам кўриниб турибдики, бугун мамлакатимизда ахборот хавфсизлиги масаласи долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.

Бу хавфсизлик хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз мулкий ва шахсий номулкий манфаатлари тижорат сири ёки ўзгача сир бўлган ахборотдан қонунга хилоф равишда фойдаланишнинг олдини олиш йўли билан тегишли равишда муҳофаза қилинишини таъминлашдан иборат. Бундай ахборот эгалари ўз ваколатлари доирасида ахборотни қайта ишлаш, муҳофаза қилиш, ундан фойдаланиш режимини ва қоидаларини мустақил ўрнатишга ҳақлидир. Табиийки, бу қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган тартибда амалга оширилиши керак.  

Шу пайтга қадар бу Конституциямиз, тегишли қонунлар ва қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қоидаларига мувофиқ тартибга солиб келинар эди. Уларда махфий ахборот, тижорат сири ва бирор бир сирнинг тури тўғрисида қоидалар акс этган. Аммо ушбу масалада ҳуқуқий ёндашувларнинг турли-туманлиги ва тижорат сирини ҳимоя қилиш институтининг мазмуни қонун ҳужжатларида бир хил маънода акс этмаган.

Энг аввало, бозор рақобати шароитида хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий манфаатларини муҳофаза қилиш зарурлиги билан белгиланган ахборотни тижорат сири тоифасига киритиш, уни тизимга солиш ва тақдим этиш масалалари қонун йўли билан тартибга солинишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 июлдаги “Миллий ахборот ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Тижорат сири тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ишлаб чиқилди.

Қонун Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, бошқа қонунлари қоидаларига асосланади ва тижорат сирининг ҳуқуқий мақомини белгилайди. Янги ҳужжат тижорат сирини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадини кўзлайди. Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида халқаро тажриба ўрганилиб, хорижий мамлакатларнинг ушбу соҳадаги қонунчилиги таҳлил қилиб чиқилди. Қонун билан танишиш жараёнида шу нарса кўзга яққол ташланадики, мазкур ҳужжатнинг муфассал мазмуни ундан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар учун бир хил маънода тушунилишига ёрдам беради. 

Ушбу Қонунни  дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун қўмита томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, унинг таркибига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, Марказий банк, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат рақобат қўмитаси, шунингдек, илмий доиралар вакиллари киритилди. 

Шуни қайд этиш керакки, тижорат фаолияти билан шуғулланадиган ҳар қандай корхона турли илмий-техникавий, технологик, ишлаб чиқариш, молиявий-иқтисодий операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, ўзининг тегишли ҳужжатлари ва ахборотини сир сақлаш ҳуқуқига эгадир. Зотан, хўжалик юритувчи субъектларнинг  иқтисодий фаолиятида тижорат сири бўлган ахборот ресурслари бошқа моддий ва номоддий активлар сингари салмоқли ўрин эгаллайди. 

Қонун нормалари билан тижорат сирига қўйиладиган талаблар, тижорат сири мулкдорининг ҳуқуқлари, тижорат сирини муҳофаза қилиш муддати, тижорат сирини ташкил этиши мумкин бўлмаган маълумотлар рўйхати белгилаб қўйилган. Тижорат сири режимини ўрнатиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тартибга солинган, бундай сирни муҳофаза қилиш, шу жумладан, меҳнат муносабатлари жараёнида, хўжалик юритувчи субъектларнинг ўзаро муносабатларида,  тижорат сирининг мулкдори уни конфидентга бериши вақтида муҳофаза қилиш чоралари тавсифланган. Шу билан бирга, тижорат сирини тақдим этиш ҳамда бу жараёнда унинг махфийлигини таъминлаш тартиби, тижорат сири билан судда танишиш ва тижорат сири тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чегаралари белгиланган.

Қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий манфаатлар соҳасидаги тижорат режимини ўрнатиш жараёнини ҳуқуқий тартибга солишни  яхшилайди. 

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур ҳуқуқий ҳужжат нормаларининг рўёбга чиқарилиши хўжалик юритувчи субъектлар самарали иш олиб бориши учун қулай шароит яратади, ахборот технологиялари, ишлаб чиқариш янгиликлари, ноу-хау ва инновациялар янада ривожланишини рағбатлантиради, пировардида мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсишига ва юртимизнинг равнақ топишига хизмат қилади. 

 

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati