O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Чет тилларни ўрганиш замонавий ахборот технологиялари асосида изчил олиб борилмоқда

06.05.2014

Самарқанд шаҳрида Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим, халқ таълими вазирликлари билан биргаликда чет тилларни ўқитиш жараёнида замонавий ахборот технологияларини қўллаш мавзуига бағишланган тадбир ўтказилди. 
Анжуманда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссиялари раислари, манфаатдор вазирликлар мутасаддилари, жойлардаги бир қатор таълим муассасалари раҳбарлари, тилшунос олимлар, жамоат ташкилотлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш масалаларига катта эътибор бериб келинмоқда. Бу йўналишда тегишли ҳуқуқий база яратилган. “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури таълим тизимини, ўқитишнинг ҳамма босқичларини тубдан ислоҳ қилиш ва узлуксиз таълимнинг янги моделини яратиш учун асос бўлди.
Ўтган давр мобайнида таълим муассасалари моддий-техника базаси анча мустаҳкамланди, ўқув жараёни сифатини тубдан яхшилаш ва уни услубий янгилаш чоралари кўрилди. Шу билан бирга, ўқув-тарбия жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда.
Чет тилларни ўрганиш таълим тизимининг ғоят муҳим таркибий қисмидир. Мамлакатимизда чет тилларни ўқитишнинг яхлит тизими яратилган бўлиб, бу тизим баркамол, интеллектуал етук ёш авлодни тарбиялашга, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига янада жадал интеграциялашувига йўналтирилган.  Ҳозирги вақтда юртимиз мактабларида 26344 нафар чет тиллар ўқитувчиси меҳнат қилмоқда. 
Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни  ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш, ёш авлодга чет тилларни ўқитиш, чет тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун  шарт-шароит ва имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этди. Зеро, қарор билан таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларни ўрганишни кенгайтириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.    
Ҳозирги вақтда чет тилларни ўрганиш самарадорлигини ошириш  мақсадида мамлакатимиздаги 9739 та мактабнинг 17200 та бошланғич синфида чет тиллар хоналари ташкил этилган, уларнинг қарийб барчаси замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланмоқда. Кўзда тутилишича, 2016 йилга қадар бу борадаги вазифалар тўлиқ адо қилинади. Шу билан бирга, чет тиллар бўйича ўқув-методологияни янада бойитиш, зарур дарсликлар билан таъминлаш бўйича ҳам изчил чоралар кўрилаётир. 
Шу билан бирга, тадбирда ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, чет тилларни ўрганаётганларнинг билимларини баҳолаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Тадбирда чет тилларни ўқитиш  жараёнида замонавий ахборот технологияларини қўллаш самарадорлигини ошириш юзасидан бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati