O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИНИНГ ТАЪСИРЧАНЛИГИ

05.09.2014

Кейинги йилларда мамлакатимиз Парламенти томонидан турли соҳаларга оид, янги норма ва қоидаларни ўз ичига олган, аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга қаратилган бир қатор қонунлар қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тадбиркорликка кенг йўл очишга, уларга янги имконият ва енгилликлар беришга, айниқса текширувларни чеклашга, турли рухсатномалар ва ҳужжатлар талаб қилишни кескин қисқартиришга  ҳамда кичик ва ўрта бизнесни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб қонунлар ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Лекин, мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлидаги янги конунларни қабул қилиш – эзгу ишларнинг боши, холос. Мазкур нормалар амалда ишлай бошлагандан кейингина улар ўз самарасини беради. Шунинг учун ҳам депутатлар ўз фаолиятларида, айниқса жойлардаги депутатлик назорати масаласида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2010 йил 27 январда бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида: “Парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органлари – Кенгашлар олдида турган иккинчи ғоят муҳим вазифа – бу қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётгани устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборатдир” деб қайд этиб ўтгани бежиз эмас.

Депутатлик назорати – бу халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, уларнинг доимий ва муваққат комиссиялари, депутатлик гуруҳлари ва депутатларнинг ижро ҳокимияти органлари ҳамда бошқа юридик ва мансабдор шахслар томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ваколатлари доирасидаги, жумладан қонун ҳужжатларини ҳаётга тадбиқ этиш ҳолатини кузатиш ва текшириш, мавжуд тўсиқ, камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, шунингдек мансабдор шахсларга таъсир чораларини кўриш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий фаолиятдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси  томонидан жорий йилнинг 5 сентябрь куни халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши билан биргаликда ўтказилган “Депутатлик назорати – минтақавий муаммоларни ҳал қилиш йўллари: “Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш мисолида” мавзуидаги давра суҳбатида ана шулар ҳақида батафсил фикр алмашинилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлар 2010-2011 йилларга нисбатан 2012, 2013 ва жорий йилда депутатлик сўрови ваколатларидан кенгроқ фойдаланганлар. Хусусан, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутатлари томонидан 2010 йилда – 25, 2011 йилда – 31, 2012 йилда – 35, 2013 йилда – 54  ва жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида 29 маротаба депутатлик сўровидан фойдаланганлар.

Ижроия ҳокимият фаолияти устидан назоратни ташкил этишда депутатлик сўрови ваколатларидан фаолроқ фойдаланиш даражасига кўра Тошкент вилоятида халқ депутатлари Бекобод ва Чирчиқ шаҳарлари, Пискент ва Қибрай туманлари Кенгашлари депутатлари фаолиятини намуна сифатида кўрсатиб ўтиш мумкин.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, бугунги кунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари томонидан минтақавий муаммоларни ҳал қилишда депутатлик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари такомиллашиб бормоқда. Жумладан, 2014 йил 16 апрель куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этади, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилинади.

Шунингдек, жойларда муаммоларни ҳал қилиш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва давлат дастурларининг жойлардаги ижросини таъминлаш юзасидан депутатлик назоратини йўлга қўйишда маҳаллий вакиллик органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлиги ривожланаётгани, ҳудудларда депутатлик сўрови институтидан самарали фойдаланилаётгани, депутатлик назоратини амалга оширишда сиёсий партиялар депутатлик гуруҳларининг роли ошиб бораётгани давра суҳбати иштирокчилари томонидан қайд этилди.

Ўзбекистон қонунчилигида депутат назорати асосида:  халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан ҳокимнинг ва қуйи Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш; халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан вилоят ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш; депутат томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли органлар ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат этиш; тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ҳоким қабул қилган ҳужжатларни бажармаганликлари учун мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида қонунда белгиланган тартибда тақдимнома киритиш мумкин.

Тадбир иштирокчилари томонидан давра суҳбати якунида муҳокама қилинган мавзуга оид фойдаланилмаган имкониятлар ва ўз ечимини кутаётган муаммолар юзасидан, хусусан йиллик режаларни шакллантиришда давлат ва ҳудудий дастурларнинг ижроси ҳамда ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан ҳокимликнинг бошқарма ва бўлимлари мансабдор шахсларининг ҳисоботи ёки ахборотларини эшитиш бўйича тадбирлар белгилашга, депутатлик назоратини амалга ошириш механизмларини ва уларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, маҳаллий вакиллик органлари ишидаги мавжуд хато ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган  тавсиялар қабул қилинди.



Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати 

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati