O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Замонавий банк хизматлари — аҳоли фаровонлигининг муҳим омили

05.03.2014

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамда Марказий банк томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган ўқув-семинарларда банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва самарадорлигини ошириш бўйича қабул қилинган қонунлар, Президентимизнинг Фармон ва қарорлари мазмун-моҳияти ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари борасидаги чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар берилмоқда.

Чунончи, Бухоро вилоятида ташкил этилган тадбирда сўз олганлар молия-банк хизматлари тизимини янада ислоҳ қилиш, эркинлаштириш ва улар самарадорлиги ҳамда барқарорлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланганини алоҳида таъкидладилар. Соҳа ривожи учун янги қонун ҳужжатлари қабул қилинаётгани, мавжудлари давр талабидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилиб борилаётгани эътиборга моликдир. Масалан, кредитлар ва бошқа молиявий амалиётларни расмийлаштириш жараёнларини янада мукаммаллаштириш, гаров мулкига, асосан, молиявий хизматлар кўрсатадиган кредиторлар таваккалчиликларини камайтириш мақсадида “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонунда гаров реестрини юритиш борасидаги муносабатларни тартибга солиш кўзда тутилган.
— Яқинда тижорат банкларидан кредит олишда тадбиркорлик субъектлари учун яна бир катта имконият яратилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тижорат банкларининг инвестициялар портфелини мониторинг қилиш департаменти директори ўринбосари К. Аҳмедов. — Марказий банк бошқаруви томонидан жорий йилнинг 1 январидан бошлаб қайта молиялаш ставкасини амалдаги 12 фоиздан 10 фоизга тушириш бўйича қарор қабул қилинди. Бу иқтисодиётнинг реал секторидаги инвестицион фаолликнинг ошишига олиб келади. Жумладан, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларини молиялаштиришга ажратиладиган тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз ставкалари пасаяди ва кредитлар ҳажми ўсади.
Банк ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш тармоғи сифатини ошириш, бу борадаги соғлом рақобатни кучайтириш, тегишли қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида Хоразмда ўтказилган ўқув-семинарда атрофлича маълумот берилди. Айниқса, кейинги йилларда ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилаётгани ва бу аҳоли фаровонлигини янада оширишда, шу билан бирга, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг юксалишида муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.   
— Ўтказилган ўқув-семинар ниҳоятда самарали бўлди, — дейди Урганч туманидаги “Элита чорва насл” МЧЖ раҳбари А. Рўзметов. —  Тадбиркорлар ўз ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоялаш борасида давлатимиз томонидан яратиб берилаётган қонуний имтиёзлар, имкониятлар билан кенгроқ танишиб, малака оширди. Бу, шубҳасиз, биз, тадбиркорларга келгусидаги юксалиш режаларимизни амалга оширишда қўл келади. Мисол учун, тадбиркорларга яратилган шарт-шароитлардан фойдаланиб, гўштни қайта ишлаш корхонаси фаолиятини йўлга қўйдик. Банкдан ҳеч бир тўсиқларсиз яна 800 миллион сўмлик кредит олиб, бу соҳадаги фаолиятимизни кенгайтирдик. Натижада қўшимча 10 нафар киши иш билан таъминланди. 
Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган семинарда жойларда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити юртдошларимизда ўз бизнесини йўлга қўйишга бўлган қизиқишни ошираётгани таъкидлаб ўтилди. Хусусан, ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят тижорат банклари томонидан 2012 йилда 286,5 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 372,9 млрд. сўмни ташкил этди. 
— Ўқув-семинарда банк хизматидан фойдаланишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига амалдаги қонун ҳужжатларига асосан яратилган шарт-шароитлар, банк тизимини ислоҳ қилишга доир қонунчилик ҳужжатларининг ҳудудий банк тизимидаги ижроси юзасидан атрофлича фикрлашиб олинди, — дейди халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг депутати А. Акбаров. — Айниқса, тадбиркорларга илғор иш услублари, солиқ, молия, банк соҳасидаги янги хизматлар тавсия этилгани, албатта, соҳа ходимларининг билим ва малакасини оширишга хизмат қилади. 
Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган ўқув-семинарда ёшларни, шу жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш борасида яратилган имтиёзлар, ушбу соҳада кўрилаётган чора-тадбирларга  алоҳида тўхталиб ўтилди. 
— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзолари, Марказий банк ҳамда тижорат банклари ва филиаллари раҳбарлари иштирокида вилоят ҳамда туман марказларида ўтказилаётган учрашувлар тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишимизда ҳуқуқий кўмак бўлмоқда, — дейди Олтинсой туманидаги “Фаррух — Севинч — Ҳамкор” хусусий корхонаси раҳбари Гулчеҳра Эшқобилова. — Корхонамиз ТИФ Миллий банкнинг Денов филиали мижози саналади. Мазкур банкдаги тартиб-интизом, мижозларга бўлган ҳурмат-эътибордан жуда мамнунмиз. Улар мен тақдим этган бизнес-режа билан танишиб, кредитни тўлаш қобилиятимни ўрганиб чиқишгандан сўнг маиший хизмат кўрсатиш нуқталари қуришимиз учун 70 миллион сўм сармоя ажратишди. 
— Бугунги кунда лойиҳамиз амалга ошиб, — деб давом этди тадбиркор, — ўзим яшаётган Миршоди маҳалласида савдо дўкони, сартарошхона, гўзаллик салони қуриб ишга туширдик. Эътиборлиси, маҳалладошларимдан 8 нафари доимий иш билан таъминланди. Ана шуларнинг 3 нафари коллеж битирувчиси бўлиб, айни пайтда улар аҳолига намунали хизмат кўрсатишмоқда. 
Ўқув-семинарларда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олмоқда.

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati