O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ёш авлод тарбияси ва масъулият

04.06.2014

Оилада фарзанд дунёга келса, бу — ота-она учун катта бахт. Шу билан бир қаторда, унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига эришиш масъулият ҳамдир. Айни чоғда бу жамият ва давлатнинг доимий эътиборидаги устувор масала ҳисобланади.

Бугунги кунда мазкур йўналишда амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар айнан келажагимиз эгалари — фарзандларимизнинг эртанги куни порлоқ бўлишини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари 2014 йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилар экан, соғлом боланинг дунёга келиши, бақувват бўлиб ўсиб улғайиши кўпгина талаб ва омилларга боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Оилаларни мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, таълим ва спортни ривожлантириш, ушбу соҳалардаги давлат сиёсатини кучайтириш, маҳалланинг ролини ошириш каби жиҳатлар ана шулар жумласидандир. Юртимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ мана шу йўналишларни ривожлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, улар ҳаётга изчил татбиқ этиб келинаётир.

Ҳар бир йил шу эзгу мақсадларга эришишга йўналтирилган ислоҳотларнинг мантиқий давомига айланаяпти. Оила, Аёллар, Соғлом авлод, Она ва бола, Обод маҳалла, Меҳр-мурувват, Ҳомийлар ва шифокорлар, Ижтимоий ҳимоя, Ёшлар, Баркамол авлод, Обод турмуш йиллари ва шу асосда амалиётга жорий этилган Давлат дастурлари самаралари фарзандларимизнинг баркамол вояга етишларида муҳим омил бўлди.     

Мамлакатимиз Конституциясида болаларнинг таълим олиш, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш, ижод эркинлиги, ота-оналар ва давлатнинг ғамхўрлик кўрсатишига оид ҳуқуқлари мустаҳкамланган. “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши асосида эса соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга йўналтирилган давлат дастурлари ишлаб чиқилди. Уларнинг ижроси натижасида даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш тизими такомиллашди. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самарасида болаларнинг турмуш даражаси яхшиланди, оналар ва болалар ўлими камайишига эришилди. Нуфузли халқаро ташкилотларнинг баҳосига кўра, Ўзбекистон 2011 йилда ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган давлатлар ўнталигига киргани бунинг ёрқин далилидир.

“Таълим тўғрисида”ги Қонунда мустаҳкамланган қоидалар узлуксиз таълимнинг шу бугунги моделини шакллантиришда ҳуқуқий асос бўлди. Унинг асосида ҳар томонлама ривожланган, мустақил шахсий қарашлари ва ўз нуқтаи назарига, ҳаётда ўз танлови, қатъий фуқаролик позициясига эга авлодни тарбиялашга йўналтирилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди.

2012 йилда Тошкентда кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, дунёнинг 48 давлатидан таълим тизими раҳбарлари, олимлар ҳамда мутахассислар иштирокида ўтказилган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзуидаги халқаро конференцияда ҳам узлуксиз таълим ва ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашнинг миллий моделини яратишда Ўзбекистон тажрибаси эътироф этилди. Ўз навбатида, халқаро экспертлар бошқа давлатларга мазкур тажрибани чуқур ўрганиш, хусусан, ўрта таълимнинг 9+3 тарзидаги ўн икки йиллик бепул таълим тизими, касб-ҳунар коллежларининг корхоналар билан ўзаро ҳамкорлиги, ахборот-ресурс марказларининг яратилиши, болалар спортига устувор аҳамият қаратиш борасида тавсиялар берди.

Шу ўринда мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этиш жоиз. Ўтган ҳафтада Наманганда ўтказилган уч босқичли тизимнинг ўрта бўғини — “Баркамол авлод” спорт ўйинлари ёшларнинг ҳақиқий байрамига айланди. Албатта, мазкур мусобақаларнинг болалар ва ёшларни жисмоний тарбия ҳамда спортга кенг жалб этишдаги ўрни жуда катта. Бугун пойтахтимизда, шаҳарлар, қишлоқлар, маҳаллаларда кўплаб спорт мажмуалари, саройлари, майдончалари қурилмоқда. Буларнинг барчаси — болаларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва бақувват бўлиб улғайишларида шубҳасиз, муҳим ўрин тутади.  

Яқинда Хоразм вилоятида бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида хорижий экспертлар баркамол авлодни вояга етказишда маҳалланинг роли, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг қонунчилик асослари, хусусан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун, фуқаролик жамиятининг замонавий талабларини ўзида мужассам этган ўзбек маҳалласининг ўзига хос жиҳатларини алоҳида эътироф этишди. 

Мазкур институтнинг хусусияти шундан иборатки, маҳалла барча ишларда бевосита оилалар билан ишлайди, яъни уларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини таъминлайди, оила аъзоларининг бандлигига кўмаклашади, навқирон авлод тарбиясига ўзини масъул деб билади. Шу нуқтаи назардан айтганда, халқимизнинг “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган мақолида чуқур маъно бор. Қолаверса, “Соғлом бола йили” Давлат дастуридаги бир қатор вазифаларнинг “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга оширилиши бежиз эмас. 

Бундан 25 йил муқаддам БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг асосий мазмуни ўз ифодасини топган Оила кодекси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар болаларнинг ҳуқуқий ҳимояси ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашда, оилаларга ғамхўрлик кўрсатишда, жамият ва давлатнинг бу борадаги ишларни кенг кўламда давом эттиришида муҳим омил бўлаяпти. 
Шулардан келиб чиқиб айтганда, бугун юртимизда жисмонан соғлом, маънан етук авлодни тарбиялаш, соғлом болалар туғилишига зарур шарт-шароитлар яратиш борасида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўз натижаларини бермоқда. Зеро, соғлом миллатгина соғлом келажакни барпо эта олади.

Сайёра БАРАТОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati