O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРИНИНГ ҚАРОРЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

04.06.2014

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ва халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг 2014 йил 30 май куни Фарғона вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган қўшма мажлисида  Фарғона вилояти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари  қарорларининг ижро этилишини ўрганиш натижалари  муҳокама қилинди.
         

Мажлисда  Сенат Комиссиясининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг сенаторлари,  халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг депутатлари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг раҳбарлари, Фарғона вилояти халқ депутатлари  вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссияларининг раислари, Фарғона вилоят ҳокимлиги ҳамда  вилоятдаги туман ва шаҳар ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳларининг, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.

Сенаторлар халқ депутатлари Фарғона вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда уларнинг доимий комиссиялари томонидан ҳудудларни  ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларини сессияларда ва комиссияларнинг мажлисларида   муҳокама қилиш ҳамда улар юзасидан қабул қилинган  қарорлар ижросини таъминлаш борасида аниқ иш олиб борилаётганлигини кўрсатиб ўтдилар.  Хусусан, 2012 – 2013 йиллар ва 2014 йилнинг  ўтган даври мобайнида  халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши  томонидан 26 та сессия ўтказилган бўлиб, сессияларнинг  кун тартибига ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-маданий аҳамиятга молик бўлган 50 дан ортиқ долзарб масала киритилди. Шунингдек, шу давр мобайнида  вилоят халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари томонидан  ушбу масалалар  батафсил муҳокама қилинди ва улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Фарғона вилояти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда уларнинг  доимий комиссиялари томонидан ҳокимликларнинг ташкилий-назорат гуруҳлари ёрдамида маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари қабул қилган қарорларни ижро этиш, уларнинг ижроси устидан назоратни амалга ошириш,  қарорларнинг ижро этилиши ҳақида ахборот тўплаш ва уни таҳлил қилиш ҳамда бошқа соҳаларда  тизимли иш олиб борилмоқда.

Ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки,  айрим халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида  ўз қарорларининг ижроси устидан  назорат олиб бориш механизми йўлга  қўйилган бўлиб, бунда ижрочилар томонидан тақдим этилган ахборот асосида  қарорларнинг ижро этилиши тўғрисида  тегишли таҳлилий материаллар  тайёрланмоқда. Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг айрим  доимий комиссиялари, халқ депутатлари Фарғона, Бағдод, Ёзёвон ва Тошлоқ туман, Қувасой шаҳар Кенгашлари  ва уларнинг доимий комиссиялари бу йўналишда самарали иш олиб бормоқда.  Улар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги долзарб масалалар бўйича  қабул қилинган қарорларнинг ижро этилиши юзасидан  муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам тинглаб бормоқдалар.

Шу билан бирга Сенат Комиссиясининг аъзолари томонидан Фарғона вилояти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари  қарорларини ижро этишдаги айрим камчилик ва нуқсонлар  кўрсатиб ўтилди. Чунончи,  масалани ўрганиш давомида  халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ёки уларнинг доимий комиссиялари томонидан қабул қилинган  қарорлар ижрочиларга  ўз вақтида жўнатилмаган ҳоллар аниқланди. Ҳокимиятнинг вакиллик органлари томонидан қабул қилинган қарорлар ўз вақтида ижро этилмаслигининг сабабларидан бири шуки, қарорларда  аниқ ижрочилар ҳамда қарор ижро этилганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиш муддатлари кўрсатилмаган. Қатор ҳолларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари ўзлари қабул қилган қарорларнинг масъул ижрочилар томонидан олинганлигини  тасдиқлайдиган ишончли маълумотларга эга бўлмаганлар. Ҳамма халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ва уларнинг доимий комиссияларида  улар томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижросини акс эттирадиган ҳужжатлар юритилмоқда, тегишли таҳлилий маълумотномалар мавжуд деб бўлмайди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижро этилиши устидан депутат назорати етарли амалга оширилмаётир.

Муҳокама давомида сенаторлар ва қўшма мажлиснинг бошқа қатнашчилари томонидан халқ депутатлари Фарғона вилоят, туман ва шаҳар  Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари мавжуд камчиликларни  бартараф этишга ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг ўз қарорлари ижро этилишини таъминлаш борасидаги  фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган аниқ чораларни кўриши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.     

Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ва халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот  хизмати

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati