O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Иқтисодий ислоҳотлар ва юксалиш мезони

03.06.2014

Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида юртимизда яратилган ишбилармонлик муҳити ҳолати қулай инвестициявий иқлимнинг ғоят муҳим таркибий қисми эканлиги, сармоясиз тараққиёт йўқлиги, ишлаб чиқаришни ва умуман, мамлакатимизни модернизация қилиш, техник ҳамда технологик янгилашни инвестицияларсиз тасаввур этиб бўлмаслиги алоҳида айтиб ўтилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан ушбу устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш ва уларни умумлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида “Тизимли ва фаол инвестициявий фаолият: ҳуқуқий асослар ва янада ривожлантириш йўллари” мавзуида семинар ўтказилди.

Тадбирда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, ижро этувчи ҳокимият ва бошқарув органлари раҳбарлари, тадбиркорлик тузилмалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олимлар, экспертлар қатнашди.

Қайд этилганидек, юртимиздаги макроиқтисодий барқарорлик ва қулай инвестиция ҳамда ишбилармонлик муҳитини шакллантиришда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, чунончи, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги таъминланиб, маҳаллий ва хорижий инвесторларга қатор имтиёз ҳамда преференциялар тақдим қилинди. Бу эса мамлакатимиз иқтисодиётига четдан молиявий маблағлар жалб этишга, пировардида юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Сенаторлар иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификация этиш, бизнеснинг ҳозирги инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий асослар ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада яхшилашни ҳаётнинг ўзи талаб қилаётганини таъкидлашди. Шу жиҳатдан Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга, қулай инвестиция иқлимини яратишга, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлигини оширишга, шу асосда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, иш ўринлари ташкил этиш ҳамда иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини ошириш учун шароитни тубдан яхшилашга қаратилган.

Муҳими, мамлакатимиздаги макроиқтисодий барқарорлик ва қулай инвестиция ҳамда ишбилармонлик муҳити туфайли чет эллик инвесторлар, нуфузли халқаро молия институтлари мамлакатимиз бизнес доиралари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Нефть ва газ соҳасида дунёдаги ғоят йирик инвестициявий лойиҳалардан бири — Устюрт газ-кимё мажмуаси бунинг ёрқин намуналаридан биридир.

Семинарда кўрсатиб ўтилганидек, 2013 йилда ва жорий йилнинг биринчи чорагида Қорақалпоғистон Республикасида, энг аввало, кичик бизнес соҳасида, қурилиш материаллари саноати, озиқ-овқат ва енгил саноат ҳамда бошқа тармоқларда 328 та ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилган. Бунда, айниқса, транспорт инфратузилмасини, сув билан таъминлашни, уй-жойларни, соғлиқни сақлашни ривожлантиришга доир лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган инвестициялар етакчи ўрин эгаллади. Биргина автомобиль йўлларини ҳамда йўлбўйи инфратузилмасини қуриш ва реконструкция қилишга 2013 йилда 60 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда маблағ ўзлаштирилган.

Парламентимиз томонидан тасдиқланган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларига мувофиқ, 2012 ва 2013 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида 98,7 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган. Шундан 44,7 мингдан ортиқ иш ўрни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига тўғри келади. Беш мингга яқин иш ўрни транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ҳамда қурилишни жадал ривожлантиришга доир лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ташкил этилган. Агар ҳудудда 2012 йилда тўғридан-тўғри жалб қилинган молиявий маблағлар ҳажми 156,3 миллион АҚШ долларидан иборат бўлса, 2013 йилда мазкур кўрсаткич 177,1 миллион АҚШ долларига етди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикасининг инвестиция имкониятлари ҳамда салоҳиятидан янада тўла ва оқилона фойдаланиш, инвестиция ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, ижро самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар баён этилди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati