O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш гарови

01.05.2014

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида  “Атроф-муҳитни муҳофаза қилишни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш — инсон саломатлигининг гарови” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Соғлом бола йилига бағишлаб Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати билан биргаликда ташкил этилган давра суҳбатида  парламент аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда мутахассислари, эколог олимлар, юристлар, тиббиёт ходимлари, таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.

Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда ва Марказий Осиё минтақасида экологик вазиятни яхшилаш ва барқарорлаштириш учун табиатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатларини ривожлантириш соҳасида ҳамда атроф-муҳит муҳофазасини бошқариш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тизимини такомиллаштириш борасида аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқда. Биргина 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан дахлдор ташкилотлар билан биргаликда 12 та қонун лойиҳаси, қарорлар ва уларга  тегишли тузатишлар ишлаб чиқилди. Хусусан, “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилингани бу борада муҳим аҳамият касб этди. Айни пайтда жаҳон стандартларига мувофиқ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария ва гигиена соҳасида  дастурлар ва ҳаракат режалари  ишлаб чиқилмоқда ва амалга оширилмоқда.

Сув ресурсларини барқарор бошқариш, ушбу неъматнинг ифлосланиши ҳамда камайиб кетишининг олдини олиш чораларини кўришга, сув объектларининг ҳолатини яхшилашга  алоҳида эътибор берилмоқда. Сув ресурсларини бошқариш тизимининг институционал ва қонунчилик базаси  мустаҳкамланмоқда, мониторинг ва ахборот тизими такомилаштирилмоқда. Маиший турмушда ва коммунал хўжалигида  сувдан фойдаланишни  яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қишлоқ аҳоли пунктларини  ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлашни янада яхшилаш бўйича қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида дастурлар  қабул қилинди.

Давра суҳбатида “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг устувор вазифаларидан бири соғлом  болани тарбиялашда маҳалланинг ва бошқа жамоат тузилмаларининг ролини ошириш, ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилди. “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини рўёбга чиқаришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига алоҳида ўрин берилганини кўрсатиб ўтдилар.

Тадбирда амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборот алмашилиб, иқлим ўзгариши, чиқиндиларни бошқариш, ер ва сув ресурсларининг, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши каби экология ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир муаммолар, шу жумладан, инсон саломатлигига бевосита таъсир кўрсатувчи масалалар долзарблиги ортиб бораётгани айтиб ўтилди.

Муҳокама асносида давра суҳбати қатнашчилари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги  норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг  ижро этилиши устидан назоратни таъминлаш, айниқса трансчегаравий экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича қўшимча чоралар  кўриш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, улар экологик таълимни ривожлантириш ҳамда барқарор ривожланиш мақсадларида  таълим принципларини жорий этиш борасидаги ишларнинг  самарадорлигини ошириш, экология соҳасида тадқиқотлар олиб бориш, табиатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатлари амалга оширилишини  назорат қилиш механизмини янада такомиллаштириш, экологик экспертиза, сертификатлаштириш, нормалаштириш ва стандартлаштириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек,  атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ёш авлод саломатлигини таъминлаш тизимида  давлат ҳокимияти ва бошқаруви  органларининг, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг, таълим ва тиббиёт муассасаларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва ўрнини кучайтириш муҳимлигини кўрсатиб ўтдилар.

Давра суҳбати қатнашчилари муҳокама якунлари бўйича тегишли тавсияларни қабул қилдилар. 

Қобил ХИДИРОВ

 

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati