O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Баркамол авлодни тарбиялаш — бош мақсад

Пойтахтимизда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан биргаликда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг қонунчилик асосларига бағишланган давра суҳбати уюштирилди.

Унда сенаторлар, вазирликлар, ҳуқуқ-тартибот органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари ва таълим муассасалари раҳбарлари қатнашди.
Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда жисмоний соғлом ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бугун ёшларнинг таълим-тарбия олиши, ўз истеъдод ва иқтидорини намойиш этиши учун барча шарт-шароит яратилган. Ушбу йўналишда тегишли  қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Хусусан, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури таълим тизимини, соғлом ва баркамол шахсни ўқитиш ва тарбиялашнинг ҳамма босқичларини тубдан ислоҳ қилиш, бу соҳада беқиёс натижаларга олиб келган янги узлуксиз таълим моделини яратиш учун асос бўлди. Мазкур моделни муваффақиятли амалга ошириш натижаси ўлароқ, 9 йиллик умумий ўрта ва 3 йиллик  ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ўз ичига олган 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълимга ўтилди.
Ўқув жараёни сифатини тубдан яхшилаш ва уни услубий янгилаш чоралари кўрилди. Ҳозир 1,5 миллион нафардан ортиқ ўқувчи замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозланган 1396 та янги касб-ҳунар коллежи ва 141 академик лицейда таълим олмоқда. Мамлакатимизда 59 та олий ўқув юрти, пойтахт олий ўқув юртларининг 11 филиали ва етакчи чет эл университетларининг 6 та филиали фаолият кўрсатмоқда. Олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда олий таълим сифатини тубдан яхшилаш доирасида 2011 йилдан буён олий ўқув юртларининг ўқув-лаборатория базасини мустаҳкамлаш, университетларнинг илмий фаолиятини ривожлантириш ҳамда илмий-педагог кадрлар малакасини ошириш бўйича беш йиллик дастур рўёбга чиқарилмоқда. 
Шу билан бирга, давра суҳбатида кўрсатиб ўтилганидек, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш фақат давлат органлари ва муассасалари, ўқув юртларинигина эмас, балки кенг жамоатчиликнинг иштирокини ҳам талаб қилади. Ушбу муҳим стратегик вазифани ҳал қилиш ҳозирги кунда кўп жиҳатдан оила, маҳалла, умумтаълим муассасалари ва фуқаролик жамияти институтлари биргаликда самарали иш олиб боришини талаб этади. 
Муҳокамада соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда  оила, маҳалла ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ролини янада ошириш, бу муҳим вазифани ҳал қилишда уларнинг  таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, корхона ва ташкилотлар, фермер хўжаликлари, оммавий ахборот воситалари, Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан биргаликдаги фаолиятини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Ёш авлод онгида маънавиятни юксалтириш, тарихий  хотира ва миллий ғурурни мустаҳкамлаш, ташқаридан кириб келаётган ахлоқсизлик, зўравонлик, индивидуализм, худбинлик ва бошқа шу каби “оммавий маданият” унсурларига нисбатан иммунитет ҳосил қилиш  масалалари билан боғлиқ қатор тавсиялар берилди.
Якунда бу борадаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш чора-тадбирларини кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди ва тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati