O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Устувор вазифалар масъулияти

01.03.2014

Президентимиз Ислом Каримов қарори билан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастури асосида мамлакатимизда юксак интеллектуал ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсли чора-тадбирларнинг янги босқичи ҳаётга татбиқ этила бошланди.

Ҳар бир йилга алоҳида ном қўйиш шунчаки анъана эмас, балки давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган асосий мақсадимиз — замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш учун пухта ҳамда чуқур ишлаб чиқилган сиёсатдир.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Давлат дастури фақат бир йилгагина мўлжалланмаган, балки истиқлол йилларида босқичма-босқич амалга ошириб келинаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, уни тўлдириб туради. Ўтган давр мобайнида миллий меросимиз, тарихий ёдгорликларимизни тиклаш, халқимизнинг миллий маънавиятини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар қилинди. Энг муҳими, бундай саъй-ҳаракатларнинг узлуксиз тизими яратилгани долзарб ижтимоий-иқтисодий янгиланишларни амалга ошириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ёшларни ватанпарварлик ҳамда юртга садоқат руҳида тарбиялашга замин яратди.
Хусусан, Она ва бола йилида (2001 йил) соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг самарали тизимини шакллантириш бўйича кенг миқёсли чора-тадбирлар рўёбга чиқарила бошланди. “Соғлом она — соғлом бола” ғояси аҳоли ҳаётида катта ўзгаришлар ясаб, жамиятда кечаётган янгиланишларнинг моҳиятига сингдирилди.
Изчил ва босқичма-босқич амалга оширилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, “Save the children” (“Болаларни асрайлик”) халқаро ташкилоти томонидан тузилган рейтингга кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди. Юртимизнинг бу борадаги тажрибаси Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она — соғлом бола” мавзуидаги халқаро симпозиумда жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланди.
Шу ўринда Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили (2009 йил)га ҳам теран назар ташлайлик. Ўша йили қабул қилинган Давлат дастурида қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини яхшилаш, шаҳардан кам бўлмаган шарт-шароитлар яратиш мақсади қўйилди. Ўзбекистонда қишлоқни ривожлантириш халқ фаровонлигини оширишнинг муҳим омили сифатида белгилаб олинди. Қишлоқ жойларда намунали уй-жой қуриш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. 2009 йилдан эътиборан ҳар йили қулай ва замонавий уй-жой массивларини барпо этиш, муҳандислик ҳамда ижтимоий инфратузилмани тўлиқ яратиш бўйича махсус дастур қабул қилинмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизнинг 159 та қишлоқ туманида намунавий лойиҳалар асосида 1249 та янги уй-жой массиви барпо этилди, 33 минг 500 дан зиёд якка тартибдаги уй-жой фойдаланишга топширилди. Бу шунча оила замонавий уй-жойга эга бўлганидан, янги авлоднинг бахтли ҳаёти учун барча шарт-шароит муҳайё этилганидан далолатдир. Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги ютуқлари эса 2013 йил апрелда Тошкентда бўлиб ўтган “Замонавий уй-жой қурилиши — қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзуидаги халқаро конференцияда хорижлик экспертлар томонидан юксак даражада эътироф этилди.
Аёллар йили (1999 йил)да ҳам кенг кўламли ишларни амалга ошириш бошланган эди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар ҳар йили қабул қилинадиган Давлат дастурларида алоҳида йўналиш сифатида ўз ифодасини топмоқда. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ўзини намоён қилишларига шарт-шароит яратишда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг бошланғич ташкилотлари давлат томонидан кенг миқёсда қўллаб-қувватланаётгани катта самара бермоқда.
Албатта, бу ютуқларнинг барчасида мустаҳкам қонунчилик базаси муҳим ўрин тутади. Энг асосийси, қонунчилик давр талабларидан келиб чиқиб изчил такомиллаштирилиб борилмоқда.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан ислоҳотларнинг ҳуқуқий майдонини яратиш, қонунларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Мамлакатимизда қабул қилинаётган ҳар бир қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатни янги марралар учун навбатдаги босқич, деб аташ мумкин. Парламент юқори палатаси фаолияти давомида бир қатор қонунлар маъқулландики, улар аҳолининг турмуш даражасини оширишда ижобий таъсир кўрсатмоқда ҳамда бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётир. “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар, шак-шубҳасиз, маънавий соғлом, баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаяпти. Бу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилги Давлат дастурида 8 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Булар “Болаларни жисмоний ва маънавий ривожига зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик барқарорлиги тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида”ги ва бошқа тегишли қонунлардир.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури мамлакатимизда инсон ва миллат келажагига қаратилаётган юксак эътибор ифодасидир. Ушбу ҳужжатнинг мазмуни ва аҳамиятини ҳар бир киши чуқур англаб етмоғи керак. Зотан, мазкур дастурда беқиёс ғамхўрлик мужассам. Бу ҳар биримизни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ва юксак масъулият туйғуси билан яшашга ундайди.

Валерий ТЯН,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati