O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови


Халқнинг хоҳиш-иродаси – олий қадрият

30.10.2013

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2013 йил 12 сентябрдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтадиган сайловларга Сурхондарё вилоятида ҳам қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш учун халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида номзодларни рўйхатга олиш ва сайловни ўтказиш ишчи гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда. Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида билдирилган ғоя ва таклифлар асосида янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бу борадиги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Қонунда сайловнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, сайловга кўмаклашувчи комиссиялар ва сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларининг асосий вазифалари мустаҳкамлаб қўйилган.

Истиқлол йилларида маҳалла институти халқимизнинг меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва меҳмондўстлик каби фазилатларини намоён этадиган ноёб тузилмага, халқнинг энг яқин суянчи ва мустаҳкам таянчига айланди. Унинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллашиб, вазифалари кўлами кенгайди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди. Фуқаролик жамияти барпо этишда ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошди.

Жорий йилги сайловларда вилоят бўйича 832 маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 8 минг тўрт юз нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланади. Бу вазифага ташкилотчи, обрў-эътиборли, етарли ҳаёт тажрибасига эга ва ҳар томонлама муносиб номзодлар кўрсатилишини таъминлаш ва сайловни намунали ўтказиш учун жойларда 832 ишчи гуруҳи фаолият юритмоқда.

Аҳолининг бўлажак сайловларга оид хабардорлигини ошириш мақсадида маҳаллаларда турли тадбир ва семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, ижтимоий-сиёсий жараёнга тайёргарлик, сайловнинг мамлакатимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти, ушбу вазифаларга энг муносиб номзодларни тавсия этиш тартиблари кенг тарғиб қилинмоқда. Ўтган сайловлардаги ютуқ ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, йўл қўйилган нуқсонларни бартараф этиш, олис ва чекка маҳаллаларда ҳам тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Фуқаролар йиғини раиси лавозимига тавсия этилаётган номзодлар рўйхатини шакллантириш, уларнинг ҳужжатларини тайёрлаш, сайловдан камида ўн кун олдин маҳаллий ҳокимлик билан келишиш учун тегишли комиссияга тақдим этиш ишчи гуруҳларининг асосий вазифаларидандир. Бу борадаги ишларни сифатли амалга оширишга Термиз шаҳри, Сариосиё, Жарқўрғон, Денов туманларидаги сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлари алоҳида масъулият билан ёндошмоқда.

Айни пайтда ишчи гуруҳлари кўчалар, ҳовлилар, кўп қаватли уйлар, маҳаллалардан фуқаролар йиғини раиси ва маслаҳатчилари лавозимига номзодлар бўйича таклифларни қабул қилмоқда. Сайловга тайёргарлик босқичида тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқаролар фикри инобатга олинаётгани ва ҳар бир номзодни фуқароларнинг билиши қатъий белгилаб қўйилгани ҳам кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари тамойилининг амалдаги ифодасидир.

Сайловни очиқ, ошкора ва фуқароларнинг хоҳиш-иродасига суянган ҳолда, қонунга мувофиқ ўтказиш ҳуқуқий-демократик фуқаролик жамияти барпо этилаётган мамлакатимизда маҳалла тузилмасининг ўрни ва мавқеини янада оширади. Юртимиздаги тинчлик, ободлик ва фаровонликни таъминлаш, халқимизнинг аҳиллик, ўзаро меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Иброҳим Ёқубов, Халқ депутатлари Сурхондарё 
вилоят кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари 
(оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини
ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси
раиси

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati