O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига

Пухта ҳозирлик кўрилмоқда

30.10.2013

Жиззах шаҳрида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган минтақавий давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Жиззах шаҳри, Жиззах ва Фориш туманлари сайловга кўмаклашувчи комиссиялари ҳамда ишчи гуруҳлари аъзолари иштирок этди.

Жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган сайловларда вилоятда 306 маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 3 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланади. Айни пайтда мазкур ижтимоий-сиёсий жараённи уюшқоқлик билан ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Давра суҳбатида сайловга тайёргарлик ишлари, сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар, ишчи гуруҳларининг вазифалари, сайлов ҳужжатларини расмийлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, одамларнинг онг ва тафаккурида, дунёқарашида рўй бераётган ўзгаришлар натижасида ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ортиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Жиззах давлат педагогика институти проректори Баҳром Мамажонов. – Ҳар бир шаҳарча, қишлоқ ва маҳалланинг ҳудудий бўлинма сифатида иқтисодий-ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиб беришда ўз ўрни бор. Шунинг учун сайловларга тайёргарлик жараёнида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимига билимли ва ҳаётий тажрибага эга, ташкилотчи, ташаббускор, янгича фикрлайдиган, эл орасида обрў қозонган кишиларни сайлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу сайловга кўмаклашувчи комиссиялар, ишчи гуруҳлари аъзоларидан катта масъулият талаб этади.

Сайловларга тайёргарлик ва уни қонун талаблари асосида ўтказишга бағишланган минтақавий тадбирлар бошқа туманларда ҳам ташкил этилмоқда.

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati