O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Сенатор И. КАРАТАЕВ: Қонун кучга кирди
ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Маълумки, яқинда “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди. Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда иқтисодиётни барқарор юксалтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Унинг самараси ўлароқ, юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити шаклланди ҳамда ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда давлат бошқаруви органларининг хусусий тадбиркорлик фаолиятига аралашувини янада кўпроқ чеклаш, давлатнинг назорат ва бошқарув ваколатини кескин камайтириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф қилиш бўйича ислоҳотлар давом этмоқда. Шубҳасиз, ушбу жараёнда лицензиялар ва турли рухсатномалар беришни кескин қисқартириш, амалдаги рўйхатга олиш, бизнес юритиш учун лицензия ва рухсатнома бериш тизимини яна бир бор чуқур таҳлил қилиш, янги корхоналар ва бизнес ташкилотларини рўйхатга олишнинг  аксарият ҳолларда хабардор этиш тизимига ўтиш каби янгиликларнинг жорий қилингани бизнес субъектларини ташкил этишни соддалаштириш ва уларнинг янада эркин фаолият юритишларини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Бу борада, шубҳасиз, сўнгги йилларда қабул қилинган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари муҳим аҳамиятга эга бўлаётганини айтиш жоиз. 
Чунончи, 2012 йилда давлат статистик, молия, солиқ ҳисоботлари ҳамда бошқа ҳисобот турларини бекор қилиш ва бир-бирини такрорловчи шаклларни бирлаштириш эвазига ана шундай ҳисоботлар миқдорини, шунингдек уларни тақдим этиш даврийлигини белгиланган муддатларда қисқартириш,  рухсат беришга оид 80 та тартиб-таомилни, шунингдек лицензияланадиган фаолият турларининг 15 тасини бекор қилиш белгиланди.
Айни чоғда бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришнинг ғоят муҳим вазифаларидан бири сифатида бюрократик ғовларни тугатиб бориш, рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ҳамда соддалаштириш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини, ҳисоб-китоб ва ҳисобот тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган қонун ҳужжатларини мукаммаллаштириш чоралари изчил давом эттирилди. Натижада мамлакатда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, статистик, молиявий ва солиқ ҳисоботларини тақдим этишда, солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлашда, рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга оширишда, ер майдонларини ажратиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини кредитлашда давлат, назорат қилувчи органлар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги бевосита мулоқотни, бюрократик сансалорликни истисно этувчи электрон тизимга, шу жумладан, интернет тармоғига кенг миқёсда ўтиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. 
Шу маънода айтганда, яқинда кучга кирган “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаб, тадбиркорлик субъектларини ташкил этишни рағбатлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади. Қонунга кўра, ваколатли орган тадбиркорлик субъектига рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериши учун бошқа ваколатли органлар томонидан бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиши талаб қилинган ҳолларда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш соддалаштирилган тартибда “бир дарча” орқали амалга оширилади. Бунда ваколатли орган мазкур ҳужжатларни тадбиркорлик субъектининг иштирокисиз мустақил равишда олади. Тадбиркорлик субъектининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан қабул қилиб олинган санадан эътиборан, шу жумладан, рухсат этиш хусусиятига эга зарур ҳужжатлар “бир дарча” орқали бериладиган ҳолларда ўттиз иш кунидан ошмаслиги керак.
Агар ваколатли орган тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш, уни бериш ёки беришни рад этиш муддати мобайнида тадбиркорлик субъектига рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бермаса ёки уни беришни рад этмаса, бажарилиши ва (ёки) амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олмоқчи бўлган ҳаракатни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига, бу ҳақда ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, эга бўлади. 
Қонуннинг энг муҳим жиҳатларидан бири, шубҳасиз, тадбиркорлик субъектларининг ваколатли органлар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилинишидир. Бу, шубҳасиз, юртимизда тадбиркорлик фаолиятига катта эътибор қаратилаётганининг яққол далилидир. 
Хулоса ўрнида айтганда, мазкур Қонуннинг кучга кириши тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада рағбатлантириш, уларга кенг имкониятлар яратиш, рухсат бериш тартиб-таомилларини енгиллаштириш ҳамда соддалаштиришга қаратилгандир.

И. КАРАТАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Халқ сўзи газетаси

Чоп этилган сана: 11.02.2013 10:17:11
Янгиланган сана:

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati