O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Маҳаллий кенгашларда

 

ФАОЛЛИК ВА ТАШАББУСКОРЛИК
депутатлар фаолиятининг мазмун-моҳиятини ташкил этади.

 

Мамлакатимизда аҳоли манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган қонунларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини фуқаролар ўртасида кенг тарғиб этиш ҳамда ижросини доимий назорат қилиш эътибордаги масаладир. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва доимий комиссияларининг бу борадаги фаолиятини янада кучайтиришга ҳаракат қилинмоқда.
Ўз навбатида, Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиянинг тегишли қарорлари, кўрсатмалари ва тавсиялари, депутатлар билан ўтказилаётган семинар-тренинглар жойлардаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини янада такомиллаштиришга ижобий таъсир кўрсатиб келмоқда. Чунончи, Олий Мажлис Сенати томонидан ўтган йилда чоп этилган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари фаолиятини ташкил этишнинг айрим жиҳатлари бўйича услубий тавсиялар” тўпламидан депутатлар ҳамда доимий комиссиялар самарали фойдаланмоқда.
Маълумки, ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ижобий ҳал этиш, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш доимий комиссиялар фаолиятининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, кенг жамоатчилик билан ишлаш борасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, ушбу жараённинг янада шаффофлигини таъминлашда ошкораликка эришиш муҳим ўрин тутади.
Шу нуқтаи назардан, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашлари депутатлари, доимий комиссияларининг фаоллигини баҳолаш бўйича кўрик-танлов ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, ҳудудимизда “Йилнинг энг фаол депутати”, “Йилнинг фаол доимий комиссияси” ва “Йилнинг фаол доимий комиссияси раиси” номинациялари бўйича кўрик-танлов ўтказилди.
Ушбу кўрик-танловнинг биринчи босқичида 332 нафар шаҳар ва туманлар Кенгашлари депутатлари, 80 та доимий комиссиялар раислари иштирок этди. Уларнинг фаолияти чуқур таҳлил қилиниб, “Йилнинг энг фаол депутати” номинацияси бўйича 13 нафар шаҳар ва туманлар Кенгашлари депутатлари, “Йилнинг фаол доимий комиссияси” номинацияси бўйича 9 та ва “Йилнинг фаол доимий комиссияси раиси” номинацияси бўйича 6 нафар доимий комиссиялар раиси ғолиб деб топилди ва вилоят босқичида иштирок этишга тавсия қилинди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан шаҳар ва туманларда ўтказилган кўрик-танлов якунлари атрофлича ўрганилиб, “Йилнинг энг фаол депутати” номинацияси бўйича халқ депутатлари Янгиобод тумани Кенгаши депутати Олимжон Бегматов, “Йилнинг фаол доимий комиссияси” номинацияси бўйича халқ депутатлари Дўстлик тумани Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари доимий комиссияси (доимий комиссия раиси Гулбаҳор Холмуродова), “Йилнинг фаол доимий комиссияси раиси” номинацияси бўйича эса халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари доимий комиссияси раиси Дилфуза Садриддинова ғолиб деб топилди.
Албатта, мазкур кўрик-танловлар депутатлар фаолиятини янада самарали ташкил этишда муҳим роль ўйнайди. Ҳолбуки, бу синов ижтимоий-сиёсий жараёнда доимий комиссиялар, шу билан бирга, депутатларнинг ҳам фаол иштирок этишларини таъминлашга хизмат қилади. Шу боис танловда доимий комиссиялар томонидан ўтган 2012 йилда амалга оширилган ишларга холисона муносабат билдирилиб, жорий йилда эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифалар кўлами белгилаб олинди.  Чунончи, ҳозир вилоятимизда барча депутатларнинг “Обод турмуш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилишида фаол иштирокини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, халқ вакилларининг ҳар бир ишда фидойилик ва ташаббускорлик билан меҳнат қилишлари, Ватанимиз равнақи, юрт фаровонлигига муносиб улуш қўшишлари лозимлигини кўрсатади. Зеро, депутатларнинг фаол саъй-ҳаракатлари фуқаролар манфаатларини муҳофаза қилиш, уларнинг ҳаёт даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Х. ШУКУРОВ,
халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари доимий комиссияси раиси.

top

Чоп этилган сана: 28.06.2013 21:24:11
Янгиланган сана:

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati