O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ДЕМОКРАТИК ЎЗГАРИШЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

 

Тошкентда ўз ишини бошлаган Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор долзарб масалалар, хусусан, Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, инсон ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, уларнинг фаровон яшашларини таъминлаш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини такомиллаштириш, маҳаллани аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига айлантириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар кўриб чиқилмоқда.

Сенаторлар мухбирларимизга берган интервьюларида ялпи мажлисда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида кўзда тутилган қонунлар ҳамда бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинганини алоҳида эътироф этишди.

Насриддин САДРИТДИНОВ, 
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими бошқаруви раиси, сенатор:

— Бугун юртимизда маҳалланинг нуфузи, аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Мазкур институт ҳукуматимизнинг жойлардаги муҳим таянчи сифатида аҳолининг тинч-тотув, фаровон яшашига зарур шарт-шароит яратиш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг манфаатларини муҳофаза қилиш, уларнинг бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Наманган вилояти мисолида айтадиган бўлсак, айни чоғда одамларда юрт тараққиётига дахлдорлик ҳисси ортиб, улар халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз ободлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида муносиб иштирок этмоқдалар. Бунда, албатта, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳим омил бўлиб хизмат қилаяпти.
Ялпи мажлисда муҳокама этилган янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шубҳасиз, бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.
Бинобарин, Қонунда аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш мустҳакамлаб қўйилган. Хусусан, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, никоҳ тўйларини ўтказишга кўмаклашиш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларга ёрдам кўрсатиш каби вазифаларни тизимли амалга ошириш механизмлари мазкур ҳуқуқий ҳужжатда ўз аксини топган.
Қонунга киритилган фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашишга оид янги моддада эса фуқаролар йиғинининг ўз ҳудудида хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш бўйича ваколатларини кенгайтириш, фуқаролар йиғинини ушбу жараёнга янада кенгроқ жалб қилиш мақсадида фуқаролар йиғинларига маслаҳат марказларини ташкил этиш ҳуқуқи берилган. Бу, ўз навбатида, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашда муҳим ўрин тутади.

Паридахон АРАББОЕВА, 
Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидаги “Юқори” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, сенатор:

— Ҳаётимизда юз бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар мавжуд қонунчилигимизга таъсир кўрсатмасдан қолмайди, албатта. Ялпи мажлисда муҳокама қилинган “Фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири, энг аввало, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур сайловлар учун таклиф этилган механизм раис ва унинг маслаҳатчилари лавозимига катта ҳаётий тажрибага эга, аҳолининг ҳурмат ва ишончига сазовор бўлган муносиб фуқароларнинг сайланишини таъминлаш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига сайлаш ҳамда сайланиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда очиқлик ва ошкораликни оширишга хизмат қилади.

Холида АЛИМОВА, 
Жиззах вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази бош шифокори, сенатор:

— Юртимизнинг транспорт-коммуникация ва транзит салоҳияти беқиёс. Ундан самарали фойдаланиш мақсадида ўтган йиллар мобайнида автомобилсозликни ривожлантириш, янги замонавий йўллар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиб, замонавий йўлларга мослаштириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Пировардида мамлакатимизда автомобилсозликка асос солинди ва бугунги кунга келиб, Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқарувчи ҳамда уни экспорт қилувчи жаҳондаги 28 та давлатдан бири сифатида дунёга танилди.
Амалга оширилаётган бу ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини юксалтириш билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва энг асосийси, одамларнинг узоғини яқин қилиш имкониятини бермоқда.
Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган янги таҳрирдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда, айни чоғда аҳолининг бу борадаги масъулиятини ошириш, энг муҳими, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза этишда муҳим ўрин тутади. Жумладан, Қонунга фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги иштирокини назарда тутувчи модданинг киритилиши фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш масаласини ўзида мужассам этади. Йўлларда сервис объектлари қуришни кўзда тутувчи норма давр ва замон талабидан келиб чиқиб, йўл атрофини ободонлаштиришни ҳамда транспорт воситаларига ҳамда йўл ҳаракати қатнашчиларига турли сервис хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга имкон яратади ва натижада йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Икром КАРАТАЕВ, 
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги “Қоратой Мирзаев” фермер хўжалиги раҳбари, сенатор:

— Мамлакатимизда мустақилликнинг илк давридан бошлаб ривожланишнинг дунёда “ўзбек модели” деб ном олган ва бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлган тараққиёт йўлимиз давр синовларидан муваффақиятли ўтди. Бунинг натижасида ўз олдимизга қўйган мақсадларга эришиш борасида фахрланса арзигулик ютуқлар қўлга киритилмоқда. Бундай муваффақиятларга эришишда, шубҳасиз, юртимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида олиб борилаётган янгиланишларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.
Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бу борадаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Зеро, ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши парламент қуйи палатаси қонун ижодкорлиги жараёнининг барча босқичларида фракциялар (депутатлик гуруҳлари)нинг қонунлар лойиҳалари устида ишлаш имкониятларини кенгайтиради ҳамда қонун лойиҳасини кўриб чиқишнинг дастлабки босқичида сиёсий партиянинг дастурий мақсадларидан, электорат манфаатларидан келиб чиқадиган ўзининг позициясини шакллантиришга ва қонун лойиҳасини қўмиталарда ўрганиб муҳокама этишда партия нуқтаи назарини ҳимоя қилишга имкон беради.

Назира ТОFАЕВА, 
Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси, сенатор:

— Сенаторлар муҳокама қилган қонунлар орасида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини алоҳида қайд этишни истардим. Ушбу Қонун иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, демократик бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш соҳаларидаги амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат, Оила, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал кодексларига, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисининг биринчи кунида муҳокама этилган масалалар мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини жадал ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини бундан-да юксалтиришга хизмат қилади.

"Халқ сўзи" газетаси
Қ. ХИДИРОВ, З. АШУРОВА ёзиб олди.

top

Чоп этилган сана: 29.03.2013 21:50:11
Янгиланган сана:

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati