O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

Ялпи мажлис ҳақида видеоматериал (МТРК)

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот2013 йил 28 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.

Сенаторлар ўз ишларини Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган ва бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлган иккита Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан бошладилар.

Чунончи, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини (янги таҳрирда) кўриб чиқиш вақтида қонун фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштиришга, маҳаллани аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантиришга, шунингдек, давлат органлари фаолияти устидан жамоат назоратини амалга ошириш тизимида маҳалланинг вазифаларини кенгайтиришга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Қонун билан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга оширишдаги, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бўлган ёшлар никоҳдан ўтаётганида ҳамда тўй тантаналарини ўтказаётганида уларга моддий ёрдам кўрсатиш, боласи икки ёшга етмаган, ишламаётган оналарга, шунингдек, бюджет ташкилотларида ишлайдиган оналарга ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш каби ваколатлари анча кенгайтирилди.

Фуқаролар йиғинларининг кенгашларига аҳолини, шу жумладан ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож ёлғиз қолган кекса фуқароларни, пенсионерларни ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ёшларга ишга жойлашишда кўмаклашиш масалаларида қўшимча ваколатлар берилмоқда. Сенаторлар ушбу қонунни маъқулладилар.

Сенаторлар “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини (янги таҳрирда) муҳокама қилар эканлар, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов тизимини янада такомиллаштиришга қаратилганлигини, бу тизим катта ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳамда аҳолининг ҳурмати ва ишончини қозонган муносиб фуқаролар раислар ва уларнинг маслаҳатчилари этиб сайланишини, шунингдек, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови тизимини янада демократлаштиришнинг очиқлигини таъминлашини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

Шунингдек, қонун билан фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларга қўйиладиган қўшимча талаблар белгиланмоқда, жорий этилаётган тартибга кўра фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар ўз чиқишларида келгусидаги фаолиятлари дастурини эълон қилишлари керак.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига сайловни ташкил этиш ва ўтказишдаги ваколатлари кенгайтирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Кенгаши сайлов ўтказишнинг аниқ муддатларини ҳамда тайёргарлик тадбирларининг тартибини белгилайди.
Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини (янги таҳрирда) кўриб чиқдилар. Муҳокамада сўзга чиққан сенаторлар ушбу қонун йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик асослари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини мустаҳкамлашнинг, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки, шунингдек, атроф-муҳит ҳимоя қилинишини таъминлашнинг муҳим омили эканлигини кўрсатиб ўтдилар.

Қонуннинг янги таҳририда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг асосий принциплари, давлат бошқаруви, бу ишни ташкил этишда жамоатчиликнинг иштироки масалалари аниқ тартибга солинган. Йўлларнинг ҳолатига, фаолияти транспорт воситаларини ишлатиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларга, уларнинг ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва уларнинг билимларини текширишга қўйиладиган талаблар жиддий ўзгартирилмоқда, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Сўзга чиққан сенаторлар ушбу қонуннинг асосий мақсади Қонунчилик палатасида қонун ижодкорлиги жараёнини амалга оширишнинг мавжуд тартибини янада такомиллаштиришдан, қонун лойиҳаларини парламент қуйи палатасида кўриб чиқишда сиёсий партияларнинг фракциялари ва депутатлар гуруҳлари иштирок этишининг процессуал механизмини такомиллаштиришдан иборат эканлигини кўрсатиб ўтдилар.

Ушбу қонунни муҳокама қилиш вақида кўрсатиб ўтилганидек, қонуннинг қабул қилиниши, шубҳасиз, депутатларнинг профессионал фаоллигини ҳам, сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳларининг қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашдаги, уларни муҳокама қилиш ва такомиллаштиришдаги ролини ҳам оширади. Бу эса қабул қилинаётган ҳужжатларнинг сифатига, қонун ижодкорлиги жараёнини янада демократлаштиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Сенаторларнинг фикрича, таклиф қилинаётган нормалар сиёсий партиялар фракцияларининг (депутатлар гуруҳларининг) палата томонидан қабул қилинаётган қарорларга қонун лойиҳасини кўриб чиқишнинг ҳамма босқичларида таъсир кўрсатиш имкониятларини оширишга, ўз сиёсий партияларининг дастурий ҳужжатларига ва сайловчиларининг манфаатларига асосланиб, қонун лойиҳаси бўйича ўз нуқтаи назарларини ҳар томонлама ишлаб чиқиш ва ҳимоя қилишга ёрдам беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин парламент юқори палатасининг аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво, Жиноят, Меҳнат, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал, Божхона, Оила кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ўзбекистон Республикасининг “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Табиий монополиялар тўғрисида”ги, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги, “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги, “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Муҳокама вақтида сенаторлар таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишни кучайтиришга, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлашга ёрдам беришини таъкидладилар.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномани (Сеул, 2012 йил сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ҳам муҳокама қилиб, маъқулладилар.

Сенат аъзолари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисида”ги масалани кўриб чиққач, конституциявий ваколатларига мувофиқ бир қатор муассасалар, вазирликлар ва идораларнинг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти ва ҳисоботини тингладилар.

Чунончи, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб, тасдиқладилар. Қайд этилганидек, омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши устидан парламент ва жамоат назоратини кучайтириш чораларини амалга оширишга, қонун ҳужжатларини, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ва тиклаш механизмларини такомиллаштиришга ёрдам беришга қаратилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ва ҳуқуқий онгини ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд тузилмалари, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор берилди.

Ҳисобот йилида омбудсман томонидан 20 дан ортиқ қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчиликка, халқаро стандартларга мослиги жиҳатидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Мамлакат минтақаларида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий кафолатларини ҳамда шарт-шароитларини таъминлаш устидан мониторинг амалга оширилди.

Фуқароларнинг мурожаатларини электрон почта орқали қабул қилиш амалиёти кенгайиб бормоқда. Омбудсман ва унинг ходимларининг шахсий қабулида фуқароларнинг 1391 та мурожаати кўриб чиқилган.

Муҳокамада сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсияларни баён этдилар.

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб, муҳокама қилдилар. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолияти Давлат раҳбари томонидан 2012 йил 19 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2012 йилнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида белгилаб берилган вазифалар асосида амалга оширилганлиги кўрсатиб ўтилди.

"Бюджет тизими тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ Ҳисоб палатаси томонидан ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот ташқи аудитдан ўтказилиб, баҳоланди, 2013 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси экспертиза қилинди. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилишини ва ижро этилишини назорат қилиш, бюджет маблағларидан қонуний ва мақсадли фойдаланилишини текшириш асносида вазирликлар ва идоралар фаолиятида аниқланган камчиликлар ҳамда йўл қўйилган қоидабузарликлар бартараф этилди.

Олий Мажлис Сенатининг тавсияларига мувофиқ ҳисобот даври мобайнида Ҳисоб палатаси томонидан Бухоро ва Хоразм вилоятларида инфратузилмани, транспорт ва коммуникацияларни ривожлантиришга, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилишига, шунингдек, қўшимча иш жойлари ташкил этишга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш бўйича иш олиб борилди.

Сенаторлар Ҳисоб палатасининг назорат тадбирларини кучайтириш ва самарадорлигини оширишга, молиявий ҳуқуқбузарликларни қисқартириш ҳамда келгусида уларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўришга қаратилган ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн биринчи ялпи мажлисининг биринчи куни ўз ишини тамомлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати


Видеоматериал

Content on this page requires a newer version of Adobe Flash Player.

Get Adobe Flash player

top

Чоп этилган сана: 28.03.2013 21:50:11
Янгиланган сана:

O'zbekcha | Русский | Español | Arabian

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati