O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти

МОЛИЯВИЙ КЎМАК
юрт равнақи ва ҳаёт фаровонлигини янада юксалтиришга йўналтирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамда Марказий банк ҳамкорлигида жойларда семинарлар ўтказилмоқда. Уларда банк ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, халқаро стандартларга мос бозор инфратузилмасини ҳуқуқий-ташкилий жиҳатдан ривожлантириш, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда.

Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада равнақ топтиришга оид қонунчилик ҳужжатлари, давлатимиз раҳбарининг Фармон ва қарорлари мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.  
Бугунги кунда вилоятда 14 та тижорат банки ва уларнинг 60 та филиали ҳамда 600 дан ортиқ банк инфратузилмалари фаолият кўрсатмоқда. 2012 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 2011 йилдагига нисбатан 1,3 баробарга ортиб, 286,5 миллиард сўмни ташкил этган.
— Банк кредити ҳисобидан молиялаштирилаётган аксарият тадбиркорлик лойиҳалари ички ва ташқи бозорларни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, юқори фойда олиш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этиш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва хотин-қизлар бандлигини янада оширишга қаратилмоқда, — дейди Марказий банк вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Р. Аминов. — Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ана шундай бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга 2012 йилда 2011 йилдагига нисбатан 1,9 баробар кўп ёки 2,9 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. 
Ўқув-семинарда ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш борасида яратилган имтиёзлар, соҳада кўрилаётган чора-тадбирларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. 
Сурхондарёда ўтказилган семинарда иштирокчилар Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузаси, шунингдек, тегишли қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти билан атрофлича танишдилар. 
Тадбирда фуқаролар турмуш тарзини янада яхшилаш ва фаровонлигини ошириш, бунда микромолиялашни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди. Хусусан, ўтган йил давомида банклар томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳажми ҳудудда 2011 йилдагига нисбатан 1,3 баробардан зиёд миқдорда ўсиши таъминланиб, унинг ҳисобига 21 мингдан зиёд иш ўрни яратилган.
— Ўтказилган ўқув-семинар тадбиркорлик фаолиятимизни янада кенгайтиришда муҳим омил бўлди, — дейди Термиз шаҳридаги “Термиз — мебель — дурадгор” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳ. Боқиев. —  Дастлаб фаолиятимизни эшик ва ромлар ишлаб чиқариш билан бошлаган эдик. Ўтган йилда банкнинг 170 миллион сўмлик кредит маблағи эвазига мебель жиҳозлари ишлаб чиқариш линиясини ишга туширдик. Натижада 
7 та иш ўрни яратилди. 
Тадбирда паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш учун микрокредитлар ажратиш механизмлари хусусида ҳам муфассал тушунчалар берилди. 
Бухорода ташкил этилган семинарда тижорат банклари раҳбарлари, манфаатдор корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, тадбиркорлар ҳамда  коллежлар битирувчилари қатнашди.
Эътироф этилганидек, вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, 2012 йилда тижорат банклари томонидан жами 243,4 миллиард сўм миқдоридаги лойиҳалар кредит маблағлари эвазига молиялаштирилган. Натижада 15121 иш ўрни яратилган. Корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш учун 2011 йилдагига нисбатан 1,3 баробар  кўп кредитлар ажратилганига семинарда алоҳида урғу берилди.
— Эътиборлиси, бугун ёшларимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги кучли, — дейди Марказий банк Бухоро вилояти бош бошқармасининг кичик бизнесни қўллаб-қувватлашни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Ш. Ҳакимов. — Шу нуқтаи назардан, ўтган йилда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган йигит-қизлар ўртасида “Энг яхши бизнес лойиҳа” танловини ўтказдик. Улар орасидан 93 та лойиҳа танлаб олиниб, тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратилиши таъминланди. Тадбирда жорий йилда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.  
Навоий шаҳрида бўлиб ўтган семинарда жойларда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити юртдошларимизда ўз бизнесини йўлга қўйишга бўлган қизиқишини ошираётгани таъкидлаб ўтилди. Хусусан, ўтган йили вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар ҳажми 2011 йилдагига нисбатан 1,3 баробар ортиб, 243,1 миллиард сўмни ташкил этган. Натижада ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 36,9 фоизга етган. 
— Ҳозирги пайтда 11 киши доимий иш билан банд бўлган корхонамизда модернизация ишларини давом эттираяпмиз, — дейди Навоий шаҳридаги “Қўшчиноргўшт” хусусий корхонаси раҳбари А. Ҳасанов. — Айниқса, тижорат банклари томонидан ажратилган кредит маблағлари лойиҳаларни самарали амалга оширишга яқиндан ёрдам бермоқда. Ўтган йили 100 млн. сўм кредит маблағи эвазига иккинчи цехни қурдик. Келгусида тижорат банкларининг молиявий кўмаги ҳамда хорижий мамлакатлар технологиялари асосида ишлайдиган ускунасини келтириш ҳаракатидамиз. 
Тадбирда вилоятда тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифати тобора юксалиб, мазкур жараёнларда ёшларнинг иштироки кенгайиб бораётганига тўхталиб ўтилди. Чунончи, ўтган йили коллеж битирувчилари учун 4 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағи берилди. Албатта, бу борадаги ишлар жорий йилда янада жадаллик билан давом эттирилади.
Семинарларда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга муфассал жавоб олмоқдалар.

Вилоят мухбирлари материаллари асосида тайёрланди.

Чоп этилган сана: 28.02.2013 16:50:11
Янгиланган сана:

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati